'Тутқундаги малика' яна Ғарб матбуотида

Image caption Қўшиқчиликдаги уринишлар...

"Ўзбекистон диктаторининг бир пайтлар ҳаммани ўзига қаратган қизи Гулнора Каримова шуҳрат чўққисидан пастга қулаётгани тафсилотларини тўхтовсиз твитлаб тургани ўтган йил Марказий Осиёдаги энг қизиқарли ҳикоя бўлди", деб ёзади Британияда нашр этиладиган Экономист ҳафталиги.

Журналнинг ёзишича, жорий йил Twitter хабарлари тўхтаб қолди ва унинг тақдири ҳали ҳам сирли қолмоқда.

"Ўзини поп-қўшиқчи сифатида ҳам тақдим этган Каримова хоним шубҳали тарзда бойиб кетган ва кейин Оврўподаги жиноий текширувларнинг ҳам объектига айланганди", дейди Экономист яна.

Журнал "... у синглиси ва онасини сеҳргарлик билан шуғулланишда айблаганди", дея оила аъзолари билан очиқчасига қилган жанжаллари ҳақида гапираркан, феврал ойидан бери омма кўзидан ғойиб бўлгани ҳақида айтади.

Шунингдек мақолада Каримова хоним бойликлари қўлдан кета бошлагач, отаси Ислом Каримов қўли остидаги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётган айрим ҳолатларни танқид қилишга ҳам журъат қилгани эслаб ўтилади.

Муаллиф шу зайл Гулнора Каримова мамлакатдаги қудратли жосуслик хизмати бошлиғи Рустам Иноятов билан жангга киришгани, Иноятов уни ўлдиришга урингани борасидаги даъволарига тўхталади.

"Унинг Twitterдаги пойма-пой ёзишмалари уй қамоғига ташлангунига қадар давом этди", дейди муаллиф ва шу билан дунёдаги "энг ёпиқ мамлакатлардан бирига очиқ бўлган ноёб дарча ёпилди".

Шунингдек, Экономист "ўтган ҳафта ичкарига яна бир кўз ташлаш" имконияти туғилгани ҳақида ёзади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Хабарларга кўра, Каримова хоним Wi-Fiсиз ушлаб турилгани хабар қилинган Тошкентдаги дабдабали хонадонидан янги аудиоёзувни олиб чиқишга муваффақ бўлинган.

Унда президентнинг қизи ўзи ва 16 ёшли қизига "итлардан баттар" муносабат қилинаётгани ва тиббий эътиборга мухтожлигини билдирган.

"Ўтган ҳафта Би-би-си онлайнга қўйган аудиоёзувда у ўзининг энг аввало нима учун ҳибс қилинганини билмаслигини айтади".

Экономист мухбири айни ўринда Ўзбекистонда мустақил адлия тизими йўқлиги ҳақида ёзади. Унга кўра, танқидчилар, жумладан, Британиянинг собиқ элчиси ҳамда Ўзбекистондан қочиб чиққан собиқ расмийнинг гапларига кўра, мазкур ҳолат Каримова хоним бойликларини тўплаётган пайтда қўл келган. "Улар Гулнора Каримова кончилик ва телеком корхоналари дохил турли бизнесларни солиқ полициясидаги қўли эгрилар ёрдами билан ўғирлаганини айтишади".

"Шундай экан, ҳамдардлик билдириш қийин", деб ёзади журнал.

Экономистнинг мақоласи, Гулнора Каримованинг қандай Женевада Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси бўлгани, бир пайтлар АҚШ дипломатик ёзишмаларида мамлакатдаги "энг нафратланилган шахс" ўлароқ таърифлангани ҳақидаги тафсилотларга тўхталади.

Энди эса, журналнинг ёзишича, Каримова хоним отаси атрофидаги унга ташланишга фурсат пойлаб юрган қудратли одамлар тарафидан четлатилган кўринади.

Унинг муаммолари 2012 йил Швед журналистлари Teliasoneraни 3G лицензиясини сотиб олган пайтида Ўзбекистондаги ширкатга 300 миллион доллар пора берганликда айблашлари ортидан бошланганди.

Швейцарияда олиб борилган текширувлар ортидан Каримова хонимга тегишли ҳисобларидаги 900 миллион доллардан ортиқ маблағ музлатилди. Бошқа Оврўпо давлатларида ҳам ноқонуний пулларни қонунийлаштириш амаллари юзасидан текширувлар бошланди.

Экономист мухбири кейин Каримова хонимнинг мусиқа соҳасидаги уринишлари, Женевадаги 20 миллион долларлик уйига ўзбек диссидентларидан бири кириб олгани, унинг эса уйдан Ўзбекистон музейларидан ўғирланган санъат намуналарини топгани ҳақидаги даъволарига ўрин беради.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Ўзбекистоннинг ўзида у солиқ полицияси нишонига айланди", деб ёзади Экономист.

"Жаноб Каримов буларнинг барчаси ҳақида нима деб ўйлаши ё-да, қизининг ишлари ҳақида унга нималар маълумлигини билиш имконсиз", дейди мухбир.

Мақолада ёзилишича, Тошкентдаги сарой машмашаларини кузатиб бораётган одамлар президент ўз қизи унинг обрўсига катта зиён эканини англаб етганига ишонишади ва хавфсизлик хизмати раҳбарлари унга Ғарбдаги муаммолари ҳақидаги далилларни етказишган бўлиши мумкин.

Шунингдек, муаллиф Гулнора Каримованинг 21 ёшли ўғли кичик Ислом Каримовнинг матбуотга берган интервюсига тўхталган. У ҳам бобоси билан учрашишга ҳаракат қилганлари, аммо қўриқчилар бунга йўл қўйишмаганини айтганди. Шунингдек, у онаси билан мартдан бери хабарлашмагани ва унинг ҳаётидан хавотир олиши ҳақида билдирган.

Мақола сўнггида 2014 йил декабрида Ўзбекистонда парламент сайловлари ва бундан кейин президентлик сайловлари кутилаётганини эслатилади.

"Кўндаланг қолаётгани 76 ёшли ва миш-мишларга кўра, хасталикдан азият чекадиган катта Каримов жаноблари президентликка ўз номзодини қўядими-йўқми деган саволдир", дейди муаллиф.

Республикани Совет Иттифоқи қулаганидан бери бошқариб келаётган Каримов жаноблари нималарни режалаётгани хусусида бирон бир ишора бермаган.

Олдинроқ, Каримова хоним отасининг ўрнини эгаллаши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар чиққанди.

"Қудратни қўлга олишни истагида бўлганлар учун, уни саҳнадан четлатишнинг айни пайти бўлиб кўринаётган бўлиши мумкин", дея хулоса қилади мақола муаллифи.

Вашингтон пост: "Тутқундаги малика"нинг ғайриоддий ҳикояси

Айни пайтда "Вашингтон пост" нашри ҳам "Ўзбекистоннинг "ҳибсдаги маликаси"нинг ғайриоддий ҳикояси" номли мақола чоп этган.

Унда ҳам бир пайтлар Ўзбекистонда энг қудратли аёл ва отасининг сиёсий меросхўри сифатида кўрилган, поп-қўшиқчи ва дизайнер, Америка дипломатлари махфий ёзишмаларида "Ўзбекистонда энг ёмон кўриладиган шахс" сифатида тақдим қилинган Гулнора Каримованинг сўнгги муаммолари ҳақида сўз боради.

Газета ҳам Гулнора Каримованинг яқинда Би-би-сига йўллаган аудиоёзуви тафсилотларига эътибор қаратган.

Шунингдек, "Вашингтон пост" бизнеслари қўлдан кетиб, уй қамоғига ташланган пайтдагина Каримова хоним Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи борасида "хавотир" билдиргани ҳақида ёзаркан, Ҳюман Райтс Вотч ташкилотидан Эндрю Штролейннинг Би-би-си Ўзбек Хизматига берган интервюсидан иқтибос келтирган.

"У шубҳасиз, Ўзбекистонда инсон ҳақларининг мунтазам топталаётганидан хабардор бўлган. У бу маълумотларни журналистлар ва инсон ҳақлари гуруҳларига тақдим қилиши мумкин эди. Аммо қилмади", - деб айтганди Эндрю Штролейн.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ