Ўзбеклар ўз тузумидан қўрқадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ташаббускорлар кўрқувга қарши қўрқмаслик билан курашиш керак, дейишади

"Золим тузумлар одамларни қўрқувда ушлаб туришга асосланади ва шу боис уларга қарши фақат қўрқмаслик билан жавоб қайтариш мумкин".

Фейсбук ижтимоий тармоғида "Қўрқмаймиз!" виртуал гуруҳини ташкил этган ташаббускорлардан бири, муҳожиротдаги журналист Қудрат Бобожон ўз ҳаракатларини ана шундай изоҳлайди.

Ушбу интернет ташаббуси бошида Ўзбекистондаги қўрқувга асосланган тузумни кўзда тутган. Лекин кейинчалик қўшни мамлакатлардан ҳам одамлар қўшила бошлашган.

Ҳозир айни ташаббуснинг "Мен қўрқмайман" гуруҳи вакиллари сони 6 ярим мингга яқинлашиб қолган. Бироқ аксарият аъзолар ташқаридаги ўзбеклар бўлиб, ичкаридан қўшилаётганлар бармоқ билан санарли.

Аъзолардан бири, Ўзбекистонда яшовчи сураткаш Умида Аҳмедова ўзи истаб бу гуруҳга қўшилмаганини, чунки Ўзбекистонда қўрқмаслик имконсизлигини айтади.

"Ўзбекистонда қўрқув кучли ва қўрқмайман, деб айта олмайман" - дейди Умида Аҳмедова - "Негаки ўзбек халқи Шўро давридан кейин эркинлик ҳавосини тўйиб сипқоришга улгурмади".

Аммо Умида Аҳмедова гуруҳни тарк этгани йўқ, чунки шундоқ ҳам уни доимо кузатиб келишларини таъкидлайди.

Image caption Умида Аҳмедова Ўзбекистонда қўрқув кучлилигини айтади.

"Ҳозир Ўзбекистонда қўрқувга етакловчи ҳатти-ҳаракатлар кучайтирилган ва ҳатто кўчада биронта сурат олсанг ҳам куч тизимлари пойлоқчилари келиб, нимани олдинг, камерангни бер ё ўчириб ташла қабилида дағдаға қилишади" - давом этади сураткаш - "Ҳали бир неча йил илгари ҳам бундай ҳолатлар йўқ эди".

Ўзбекистон ичкарисидан бу гуруҳга қўшилаётганлар сони камлигини ташаббускорлар айнан қўрқув кучлилиги билан изоҳлашади.

"Четдаги ўзбеклар ҳам, ичкаридагилар ҳам ўзини ўйламаса ҳам, оиласини, фарзандлари ва бошқа яқинларини ўйлашади ва буни тушунамиз" - дейди Қудрат Бобожон.

Ҳозирча, Ўзбекистон ичкарисидан бу гуруҳга қўшилган ўзбекларга ҳукумат тарафидан бирон таҳдид ё босим бўлаётгани ҳақида хабарлар йўқ.

Қўрқмаслик баҳоси

Айни пайтда, Ўзбекистон ҳукумати интернет форумлари ва ижтимоий тармоқларда иштирок этаётган ўз фуқароларини зимдан кузатиб келиши айтилади.

Ўзбекистонда қатор журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоллари интернетда танқидий фикр айтгани ва ё мақола ёзгани учун маҳкамага тортилган ҳолатлари бор.

Уч йил олдин "arbuz.com" вебсаҳифаси форумида қатнашган бир гуруҳ ўзбек ёшлари куч тизимлари тарафидан қўлга олинган ва бир неча кун ҳибсда сўроққа тутилганлар.

Уларнинг айримлари тергов хонасида ҳатто ўзларини калтаклашгани ҳақида ҳам айтишган.

Image caption Термизда Президент Каримовдан ўз маҳалласи ва уйи бузилишини тўхтатишни сўраган онахоннинг қизлари ҳибсга олинганди.

"Лекин қўрқмаслик ва жасорат Ўзбекистонда ижобий самара бераётган ҳолатлар ҳам бор" - дейди Қудрат Бобожон.

Суҳбатдошимизга кўра, махсус боғчада мавжуд коррупцияга қарши чиққан ва ўз ҳуқуқларини талаб қилган тошкентлик шифокор аёлга бошида босимлар ўтказилган, аммо эндиликда у кўтарган масалалар текширилиб, шифокорнинг ҳуқуқлари тикланаётгани ҳамда унинг танқидларига қулоқ тутилмоқда.

"Демак, бу ҳолатга қарасак, қўрқув эмас, балки қўрқмаслик Ўзбекистон жамиятига фойда келтирмоқда" - дейди журналист.

Лекин икки йил олдин ўз маҳалласи ва уйини бульдозерлардан ҳимоя қилишни сўраб, Президент Каримовга интернет орқали видеомурожаат билан чиққан сурхондарёлик онахоннинг фарзандлари маҳаллий ҳокимият босими ва таҳдидм остида қолганди.

Куч тизимлари бу оилага шикоят қилишни бас қилишмаса, "йўқотиб юбориш" билан қўрқитишган ва икки нафар қизини ҳибсга олишганди.

Фаолларга кўра, шу асно онахон ўз ҳуқуқини талаб қилишни тўхтатган ва уйи ҳамда маҳалласи бузилишига рози бўлиб, шикоят қилишни тўхтатган.

Бу эса Ўзбекистонда қўрқмаслик ё ўз ҳуқуқини талаб қилиш қандай оқибатларга етаклашига бир мисолдир.

Тушкун кайфият

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистондаги сиёсий маданият анча тушкун ва мураккаб. Бу ҳолатда эса "Қўрқмайман!" каби ташаббуслардан ижобий натижа кутиш қийин.

Image caption Камолиддин Раббимовга кўра, Ўзбекистонда сиёсий кайфият тушкун.

Узоқ йиллар ҳукм сурган авторитар, коррупцияга ботган ва зулмкор тузумларни тезда ағдариш ҳаракатлари аксар ҳолатларда кутилган натижани бераётгани йўқ.

"Араб давлатларида юз берган тезкор ва инқилобий ўзгаришлар ҳамда Украина воқеалари Ўзбекистонда кўпчиликни ўйлантириб қўйган" - дейди Оврўпода яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

"Чунки ўша мамлакатлардаги инқилобий ўзгаришлар ортидан нотинчлик, хунрезлик ва урушлар юзага келмоқда".

"Одамлар тезкор ва инқилобий ўзгаришларни эмас, балки тадрижий ҳолатда босқичма-босқич ўзгаришларни кўпроқ маъқул кўришмоқда" - дейди сиёсатшунос.

Ўзбекистонлик суҳбатдошларимизга кўра, мамлакатнинг ҳозирги шароитида қўрқмайман, деган билан қўрқмас бўлиб қолиш қийин.

Исмини айтишни истамаган ўзбек йигити ҳукуматдан қўрқмаса ҳам, бошқа нарсалардан ҳадиги борлигини айтади.

"Айрим давлатлардаги каби ёмғирдан қочиб, қорга тутилиб қолиш эҳтимолидан қўрқамиз ахир".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ