Президент Каримов ўзбек халқини яна ҳушёрликка чақирди

Image caption Президент Ислом Каримовга кўра, Ўзбекистон "замонавий давлат"га айланган.

Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан гапирган Президент Ислом Каримов дунёдаги можароларни тинч йўллар билан ҳал қилишга чақирди.

Ислом Каримов дунё мамлакатлари мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги бузилмаслиги кераклигини айтди.

31 август куни Тошкентда чиқиш қилган жаноб Каримов Ўзбекистон "дунёнинг турли нуқталаридаги можаролар, қон тўкишлар ва таҳдидлардан" хавотирда эканини таъкидлади.

Унинг чиқиши Ўзбекистон давлат телевизион канали орқали намойиш этилди.

"Минг афсуски, бундай қонли тўқнашувлар, низо ва зиддиятлар ўз ечимини топиб, камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда, - деди Ислом Каримов. - Бундай ўта нотинч, таҳликали шароитда энг муҳим масала – бу ҳам бўлса, қаерда, дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин, энди бошланаётган қарама-қаршилик ва пайдо бўлаётган можароларни эътиборсиз қолдирмаслик, улар урушга айланиб кетишининг олдини олиш учун вазият доимо жаҳон ҳамжамияти назоратида бўлиши даркор."

"Ўта мураккаб вазият барчамиздан аввало огоҳ, ҳушёр ва сезгир бўлишни талаб қилмоқда," - дея таъкидлаган Ислом Каримов Ўзбекистоннинг "устувор вазифаси" қўшнилар билан ҳамкорликни кучайтириш эканини айтди.

"Яқин ва узоқ қўшниларимиз билан тил топиб, бизларни бирлаштирадиган умумий мақсадлар йўлида ҳамкорликни янада кучайтириш, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш устувор вазифамиз бўлиб қолишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда," - деди Ўзбекистон президенти.

"Замонавий давлат"

Ислом Каримов шунингдек мамлакат иқтисодиётининг "тез суръатлар" билан ўсиб бораётганини таъкидлади.

"Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти тахминан 5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 3,7 мартага ўсгани, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошганининг далили бўлмиш одамларимизнинг жон бошига оладиган даромадлари 8,7 баробар кўпайгани юртимизнинг қисқа даврда кечаги, ўзини боқишга қурби етмаган республикадан тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий давлатга айланганининг яққол тасдиғидир," - деб айтди Ислом Каримов.

Унга кўра, жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган эса-да, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланмоқда.

"... Иқтисодиётнинг йиллик ўсиши охирги 10 йил давомида 8 фоиздан ошиб, барқарор ривожланиб бораётганини бугунги кунда камдан-кам давлатлар мисолида кўриш, кузатиш мумкин," - дея таъкидлади Ислом Каримов.

У Ўзбекистонга киритилган хорижий сармоялар миқдори 60 миллиард доллардан ошганини айтди.

"Ана шу инвестициялар ҳисобидан аввало иқтисодиётимизнинг таркибини тубдан ўзгартириш, юксак технологияларга эга бўлган, ҳавас қилишга арзийдиган замонавий корхоналар қуриш, жаҳон бозорида рақобатдош бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, Ўзбекистон салоҳиятини янги босқичга кўтариш имконияти яратилганини кўп-кўп мисолларда кузатиш қийин эмас, албатта," - деди Ислом Каримов.

"Ўзбек модели"

Ўзбекистон президенти ўз мамлакатининг "эски, ўзини оқламаган тизимдан" янги тизимга ўтишда "фундамент" қуришга шошилмаганини айтди.

"Яъни, биз "Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг" деган ҳикматли иборага итоат қилдик, - деди Ислом Каримов. - Биз танлаб олган тадрижий, эволюцион йўл – мақсад-муддаоларимизга босқичма-босқич, қадам-бақадам етиш йўлини ўзимизга маъқул топдик, уни катта синовлардан ўтказдик."

У ўтган йиллар ичида Ўзбекистонга "хайрихоҳ бўлмаган халқаро институтлар ҳам" демократик ислоҳотларнинг "ўзбек модели"ни тан олганини айтди.

"Йиллар ўтиши билан, олдимизга қўйган буюк мақсадлар сари юришимизда чуқур ва атрофлича ўйланган, халқаро майдонда “ўзбек модели” деб тан олинган демократик ислоҳотлар йўли нақадар тўғри эканини ҳаётимизнинг ўзи оқлаб, исботлаб бермоқда ва бу ҳақиқатга бизга хайрихоҳ бўлмаган мутахассис ва экспертлар, тегишли халқаро институтлар ҳам иқрор бўлмоқда," - деди Ислом Каримов.

"Шулар ҳақида гапирганда, мамлакатимиз тараққиётида янги босқич ва уфқларни забт этишда барчамизни қувонтирадиган, энг катта мезон аввало юртимизда ҳукм сураётган барқарорлик, осойишталик ва ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити, ватандошларимизнинг тобора ўсиб бораётган дунёқараши ва онгу тафаккури, ҳуқуқий ва сиёсий маданияти ва фаоллиги, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди", деди Ўзбекистон Президенти.

"Ўзбек модели", Ислом Каримов ишонишича, мамлакатга "манаман деган давлатлардан" ҳам ўзиб кетиш имконини берган.

"Халқимизнинг маънавиятини янада юксалтириш учун амалга ошираётган ишларимиз ўз ҳосилини бермоқда ва шу фурсатдан фойдаланиб, айтмоқчиман – бу соҳада эришган марраларимиз билан биз ҳеч кимдан кам бўлмасдан, кўпгина манаман деган давлатлардан ўзиб кетганимизни энг муҳим ютуғимиз, деб ҳисоблайман," - деди Ислом Каримов.

Ислом Каримов Ўзбекистон "моддий нуқтаи назардан" дунёнинг энг ривожланган давлатларидан орқада эса-да, маънавий нуқтаи назардан қараганда, "енгилмас куч" эканини айтди.

"Юксак маънавиятли халқ эмасми? Ўзингиз айтинг, бундай халқни енгиб бўладими?" - деди Ислом Каримов.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон мустақиллик йилларида бир неча давлатнинг тараққиёт моделига мойиллик билдириб келган.

1990-йиллари Малайзия, Туркия ёки Жанубий Корея модели каби иборалар тез-тез такрорланарди.

Ўз бозорларини арзон молларга тўлдирган Хитой моделига ҳам Ўзбекистон бефарқ эмасди.

Кейинроқ Ўзбекистон фақат "ўзига хос ва ўзига мос" йўли борлигини таъкидлашни хуш кўра бошлади.

Лекин Ўзбекистон танлаган "ўзига хос" йўл мамлакатдаги кўп миллионли ишчи кучи учун етарли иқтисодий инфратузилма ярата олмади.

Бугун миллионлаб ҳам малакали, ҳам малакасиз ўзбеклар яқин ва узоқ хорижда ҳар қандай ишни бажариб бўлса-да, оила боқишга мажбурлар.

Халқаро ҳамжамият Ислом Каримов тузган тизимни дунёнинг энг репрессив тизимлари сирасига киритишади.

Ўзбекистонда мухолиф партиялар мавжуд эмас, матбуот тўлиқ назорат қилинади, инсон ҳуқуқлари давомли поймол этилади.

Мамлакат иқтисодиёти ҳам ҳукумат томонидан тўлиқ назорат қилинади.

Ўзбекистон мустақилликка эришганининг 23 йиллигини нишонлар экан, бу тадбир халқ шодиёнасидан кўра ўта расмийлашган ва сиёсийлашган тадбирга айланиб қолганига мамлакат аҳолиси кўникиб бўлган.

Шу сабабли байрам тантаналари президент, сараланган раҳбарлар ва хорижий меҳмонларга бағишлангани учун одамлар байрам концертини телевизор орқали кўришига тўғри келади.

Кузатувчилар одамларда байрам кайфияти сезилмаслигини айтадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02