Блог ҳақидаги қонунни жамоатчилик қачон кўради?

Ўзбекистонда янги қонунларни ҳаётга татбиқ қилишнинг ўзига хос йўли мавжуд.

Бу хоҳ президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга ёки 7 йилдан 5 йилга ўзгартириш бўлсин, хоҳ Ўзбекистон конституциясининг бутун-бутун бандларини алмаштириш ёки қайсидир кодекс буткул ўзгартириб ташлансин, жамоатчиликка ошкор этилмайди.

Лойиҳа матбуотда эълон қилиниб муҳокамага қўйилмайди.

Қайсидир қонун қабул қилингани ҳақидаги хабар тарқатилади, сўнг Ўзбекистон Президенти имзолаганидан кейин матн матбуот юзини кўради.

Айрим ҳужжатлар умуман матбуотда эълон қилинмасдан ҳам кучга киритилиши мумкин.

Шу кунларда блоггерлар ҳақидаги қонун қачон кучга кириши Интернет ижтимоий тармоқларида кенг муҳокамага айланган, қизиқувчилар сентябр ойи ўрталарида бу қонун матни билан танишишга умид қилмоқдалар.

Ўзбекистон Сенати маъқуллаган қонунда блоггер тушунчасига изоҳ берилган. Энди ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни саҳифага жойлашда блоггерларнинг масъулияти оширилган. Блог юритиш соҳаси Ўзбекистонда энди ривожланиб келаётгани айтилади. Асосан ўзбек тилида юритиладиган блогларнинг ўқувчиси жуда камлиги ва блоггерларнинг етарли даража ижтимоийлашмагани таъкидланади.

Янги ўзгартиришлар ҳақида оммага маълум бўлган жиҳати kun.uz веб саҳифасида чоп этилган хабар матнидир. Kun.uz веб саҳифаси ўз манбаасига таяниб Ўзбекистон Олий мажлисининг Сенати маъқуллаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда блоггер тушунчасига изоҳ берилганини маълум қилди.

Унда ахборотни эълон қилиш тартиби ҳақида янги нормалар ўз аксини топгани айтилади.

“Веб-сайтнинг ва веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блоггер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни интернетга жойлаштиришда масъулияти оширилмоқда. Маълумотларга кўра, бундай шахслар ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши талаб қилинади”, - дейилади Kun.uz хабарида.

Нотўғри ахборот берган блоггерга қандай жазо қўлланилиши мумкинлиги ҳақида хабарда бирор гап айтилмаган. Балки қонунчиликда ушбу нормаларни бузган блоггерларни жазолаш қандай амалга оширилиши ҳақида тўлиқ маълумот берилгандир. Аммо ушбу ўзгартиришлар матбуотда тўлиқ чоп қилингани йўқ. Лекин қонундан чиққан блоггерларнинг саҳифалари Ўзбекистонда блок қилиниши ва агар блог юритувчи Ўзбекистон ичида бўлса қандайдир маъмурий чоралар кўрилиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.

Бундай амалларни Ўзбекистон ҳукумати шу вақтгача ҳам қўллаб келган. Фақат бундай ҳаракатлар энди қонун доирасида амалга оширилиши мумкин.

Мисол учун Ўзбекистон ичида туриб блог юритадиган машҳур блоггерларнинг саҳифалари Ўзбекистон ичида очилмай қолгани ҳақида бир неча мисоллар бор.

Ушбу хабар твиттер фойдаланувчиларининг истеҳзоли кулгисига сабаб бўлди. Чунки Ўзбекистонда блоггерлик соҳаси, айтайлик Россия даражасида ҳам ривожланмаган.

Ўзбекзабон блогларнинг ўқувчилари жуда ҳам оз ва ушбу блоггерлар ҳали ижтимоийлашмаган.

Баъзи блогларда ёзилган танқид ёки таклифларга ташкилотлар томонидан эътибор бўлгани борасида қўлда санарли мисолларни келтириш мумкин.

Мана шундай ҳолатда уларнинг фаолияти қонун назоратига олиниши ўзбекзабон блоггерларни янада мушкул аҳволга солиши мумкин.

Яъни уларнинг исталган танқиди расмийлар томонидан тасдиқланмаган ахборот ва ё-да қонунга зид ҳаракатлар дея баҳоланиб жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ушбу ўзгартиришлар ҳали энди атак-чечак қилиб келаётган ўзбекистондаги блоггерлик соҳасига катта зарба бериш эҳтимоли мавжудлиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ