Би-би-сига айтаман: Чорвоқда инсоннинг қадри йўқми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

31 август якшанба куни куни оиламиз билан Чорвоққа, Тошкент вилоятидаги баҳаво сўлим дам олиш масканига дам олишга отландик.

Йўлда машиналар гавжум. Ҳамма тоғ томонга интилган. ”Чорвоқ” дам олиш оромгоҳи, "Пирамида" пляжи дарвозаси олдида бизни хушмуомала билан кутиб олишди: - Хуш келибсиз, байрамингиз билан! Катталарга 6000 сўмдан, болалар бепул, машина 3000 сўм.

"Чорвоқ" оромгоҳи, "Пирамида" - ҳақиқий дам олишга чақирадиган маскан, ҳамма жой дарахт, тоғ ҳавоси. Биз ёш болаларимиз борлиги сабабли усти ёпиқ бассейнда чўмилишга қарор қилдик. Бир соатга фалон пул, болалар бир соат усти ёпиқ бассейнда чўмилишди. Кейин болалар қистови билан пастдаги "Чорвоқ" сув омбори четидаги пляжларга йўл олдик.

Бири "Пирамида", бири "Металлург", яна бири "Юсуфхона" деб аталадиган пляжларга одам сиғмайди. Иссиқдан пана қилиб турадиган катта соябонлар ҳам пул. Болаларимизни пляжга олиб тушарканмиз, таҳликаланиб турган одамлар, ҳарбий кийимдагиларга, милиция ходимларига кўзимиз тушди. Рус миллатидаги аёл ва бир йигит тинмай гапиришарди.

"Квадроцикл шундай кескин бурилдики, у отилиб кетди, биздан атиги 10 метр нарида эди", дейди рус аёл.

"Нима бўлди?", деб сўрадим.

- Бундан икки соат олдин кўз олдимизда 23 ёшли йигит чўкиб кетди, - дейди рус йигит. - Ҳув анув турган "Каптива" уники эди, Квадроцикл ўзиники экан, устига қутқарув жилети ҳам киймаган эди, - деб афсусланди суҳбатдошим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Сал нарида папка тутган одам, афтидан терговчи, ёш сали каттароқ одамга, "ғаввосни туширинглар энди", деди. "Унга тўртта балон керак", деб жавоб беради шериги. Лекин қизиғи, одамларни чўмилишдан тўхтатмаяптилар. Кимдир сузган, кимдир қумда думалаб ётибди, ҳеч ким чекланмаяпти. Одамлар бепарволигидан шокка тушдим. Болаларимни сувга туширмадик. У ерда марҳум ётибди, одамлар эса сузиб юришибди. Биринчидан марҳум ҳурмати, иккинчидан менда қўрқув уйғонди, болалар оёқларини сувга бир ювиб олишди, холос.

Илгари пляж бўйларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган бўларди. Баланд микрофонда огоҳлантираётган овозларни эшитиб, сергак сув хавфсизлик хизмати ходимлари бор пляжларни кўриб катта бўлганман. Бу нима аҳвол? Ҳеч қандай хавфсизлик чоралари кўрилмаган. Огоҳлантирувчи на бир ёзув, на бир тирик одамни кўрасиз. Ҳатто ғаввослар ҳам бамайлиҳотир, баллон керак, деб кутиб ўтиришибди.

"Ўтган ой ҳув нариги Юсуфхона пляжида ҳам 12 ёшлик бола чўкиб кетди", дейди ёнимизда турган одам.

Бу ерда чўкиш оддий ҳолга айлангани мени чандон ҳайратда қолдирди. Инсон жони, қадри бир чақадек туюлди шу лаҳзада.

Сувга қарайман. Кимдир ўзига ишонган, янада сувнинг ўртасиган қараб сузган, ундан 3-4 метр нарида эса гувиллаб моторли қайиқ ўтиб кетаяпти. Бирон бир қайиқларни сузувчилардан чегаралаб турадиган белги йўқ. Яна бир моторли қайиққа эса сариқ ингичка банансифат қайиқлар боғланган, 8-10 чамаси кишини миндириб шамолдай учиб кетаяпти. Ҳаммалари чўктирмайдиган хавфсизлик жилетларни кийиб олишган. Масофа шунчалик узоқлигидан аёл ёки эркаклигини билиб бўлмайди. Муҳими, одамлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Бир пайт ўша шамолдай учаётган "банан" қайиқларнинг бири ағдарилиб кетди. Бу кўз ўнгимда содир бўлганидан бақириб юбордим. Қайиқ ҳайдовчиси, узун бир сиренага ўхшаш овоз билан ёрдамга чақирди. Кўз ўнгимда одамлар сувга чўка бошладилар, сув омборининг ўртасида, энг чуқур жойида(эшитишимча ўртасининг чуқурлиги 36 метр), лекин хавфсизлик жакетлари уларни қутқарди. Жон ҳолатда тапирлаётган одамларни бирин-кетин қайиққа тортиб чиқаришди. Кейинроқ соҳил томондан квадрозикл номли матоҳ қуршовида, сувга тушган мушуклар бўлиб ортларига қайтишди. Сал олдинроқ ўтган "банан" қайиқлар ҳуув нарига - сув омборининг нариги соҳилига ўтиб қайтишаётганди.

Соҳилда ўша аҳвол, кимдир муҳокама қилган, кимдир чўмилган. Ғаввос ҳам секинлик билан кийимларини кийиб сувга тушаяпти. Орадан 10 дақиқа ўтмадики, ўтиб бораётган "банан" қайиқларнинг яна бири сувга чаппа бўлди. Яна додлавордим, бу худди қўрқинчли кинога ўхшарди. Яна ўша манзара, яна жон ҳолатда сув устида балқиётган одамлар, яна қайиқдан сирена овози(бу ҳолат тез-тез такрорланади шекилли). Бу сафар кимнидир сал кўпроқ излашди, кимнидир тортиб чиқаришди.

Шундан сўнг, менда сувга киришга ҳеч қандай ҳоҳиш ва кайфият қолмади, оиламиз билан тезгина ортимизга қайтдик.

Кейин сувга чўккан ёш йигит ҳақида ҳам эшитдик, Назарбек деган жойдан экан раҳматлик. Уйдагилари якшанба кеч пайти хабар топишиб, туни билан излатишибди. 1 сентябр туш пайти топилибди. Оллоҳ раҳмат қилсин!

Агар Чорвоқ оромгоҳида тезда жиддий чоралар кўрилмаса, инсон жони қадрсиз, чўкиш эса оддий ҳолга айланади.

Тошкентдан Нодира.