Ижтимоий минбар: ҳукуматнинг пахтачиликка муносабати ўзгараяптими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистонда бу йилги пахта йиғим-теримига сафарбарлик эълон қилинаркан, жойлардан коллеж ва лицейларнинг 18 га тўлмаган талабаларини пахтага жалб этмаслик тўғрисида буйруқ берилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Афтидан, бу йил ўқувчи-талабаларнинг ўрни бюджет ходимлари ҳисобидан қопланади.

Ўқитувчи ва шифокорлар оммавий равишда пахта йиғим-теримига сафарбар этиларкан, Ўзбекистон пахта саноатидаги мажбурий меҳнат масаласи долзарблигича қолмоқда.

Бу йилги мавсум бошланиши арафасида Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланган бир неча фермернинг гўёки жаримага тортилгани ҳақида хабарлар ҳам пайдо бўлган.

Хўш, Ўзбекистон ҳукумати пахта ва болалар меҳнати борасида халқаро танқидларга ён бермоқдами?.

Пахта миллий бойликми?.

Фермернинг косаси оқариши учун нималар қилиш керак?.

Ижтимоий тармоқлардаги баҳсимизнинг навбатдаги мавзуси ана шу.

Фикрларингизни Facebook ва Одноклассникидаги BBCUzbek саҳифаларида қолдиринг!.

Whatsapp рақамимиз: +44 78-58-86-00-02

Муҳаммад Муҳаммад: Ўзбекистонга пахта керак. Лекин ундан олдин фермерга эркинлик керак! Энг ёмони фермер ўз ҳисоб рақамидаги пулга ўзи эга эмас!Қанақасига дейсизми?. Шунақасига!. Фермер ўз ҳисобидаги пулни уруғлик сотиб олиш учун, ёки кимёвий ўғитларга, ёки яна нималаргадир пул кўчириш билан ўтказиши мумкин. Аммо нақд пул ололмайди. Ололса ҳам камроқ олиши мумкин, лекин жиддий ҳаражатларига деб зарур булса йирикроқ сумма ололмайди. (Каттақўрғонлик бир таниш фермер бор. Айтишича, банкдаги ҳисобида ярим миллиарддан ошиқроқ маблағи бор. Аммо шу маблағдан 20-30миллион сўмни ололмайди. Ва у ўтган йил Хитой компаниясидан иккита самосвал мошинани 160миллиондан 320миллионга пул кўчириб сотиб олди. Ва "бирон йил сақлаб кейин бозорда неча пул олса, сотиб нақд пул қиламан. Ҳисобимдаги пулни нақд килишни ва унга эгалик қилишни бошка йўлини топа олмадим"-деди. Адашмасам, Худо хоҳласа, яқин йилларда ҳукумат фермерларга барибир эркинлик беришга мажбур бўлади. Чунки мамлакатимиз Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш ҳаракатида. Ва ушбу ташкилот аъзо бўлаётган мамлакатлардан кўп масалаларда шаффофлик ва эркинлик талаб килади. Шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаям!.

Маъмуржон Азимов, жиззахлик собиқ фермер: Пахтачилик ва болалар меҳнатига муносабат ўзгараётгани сезилади. Масалан, 2012 йилда мактаб болаларини пахтага олиб чиқишни тақиқлаган, лекин қисман чиққан эди. 2013 да умуман чиқмади. Бу йил ҳам 18 га тўлмаган коллеж ўқувчилари чиқмайди, деяпти. Лекин ўқитувчиларни чиқаряпти. Бир мактабда 80 та ўқитувчи бўлса, 40 таси чиқиб, 40 таси қолади. Келаси ҳафта қолган 40 таси олиб чиқилади. Дарслар давом этаверади. Аммо албатта, ўқитувчилар пахтага чиқишдан хурсанд эмас. Ким ҳам хурсанд бўларди?. Фермернинг косаси оқариши учун ер майдонларини хусусийлаштириш керак . Агар ҳукумат хусусийлаштиришдан қўрқса, у ҳолда , пахтадан келадиган даромаднинг 50 фоизини фермерга бериши керак. Фермер ўзини тиклаб олади, техника сотиб олади. Давлат техника, жумладан, пахта териш машаналир сотиб олиш учун фермерга субсидия ва имтиёзли кредит бериши керак. Жиззахда мен пахта териш машинасини кўрмадим. Мен 2009 йилда фермер хўжалигимни топшириб юборганман. 10 гектар ер майдоним бор эди, оптималлаштиришга тушди. Кички-кичик фермерлардан ерни олиб қўйишди. Ер майдонларини катта-катта қилиб юборишди, аммо фермерлар уддалолмай қолаяпти. Масалан, бизнинг кички еримизда менинг оиламдаги 10 киши иш билан таъминланган эди. Ерларни қўшиб юборгандан кейин анча одам ишсиз қолди. Оптималлаштириш ўзини оқламади. Масалан, Хитойда ҳам пахта етиштади, аммо одам кўп блиасиз. Шундай бўлса ҳам, етганича, 10 сотихдан бўлса ҳам халққа, фермерга ерни бўлиб берган ва ривожаланаяпти, халқ ҳам бойияпти. Ижтимоий адолат бор. Бизда-чи?. Мен ҳозиргача шунча даромад билан чиқдим, деган фермерни учратмадим. Ҳаммаси "химияга ўтирдим, техникага ўтирдим" деб нолиб юришади. Ислоҳотлар қилиш керак. Ер ўзиники бўлса, ҳамма ишлайди.

Narzullo Akhunjonov: Пахтага чиқаргани учун жазолашлар номига ҳисобот учун қилинадиган нарса эканлиги барчага кундек равшан. Пахта даласига чиқармаслик ҳақидаги буйруқ эса шунчаки ниқобланиш учун қилинадиган амалиёт. Халқаро ташкилотлар олдида мана бизнинг буйруғимиз бор деб кўрсатиш мақсадида. . Халқаро Меҳнат ташкилотига рухсат берган бўлса, у ердан вакиллар келган вақтининг ўзида болаларнинг пахтага чиқмаётганлигини қандай қилиб ташкил этишни жуда яхши билишади. Чунки, бу ташкилот ходимлари келишса, бир неча кунга келишади. Бутун мавсум бўйича кузатув олиб бориш учун Ўзбекистон далаларида қололмаслиги аниқ. Қайси далага боришини олдиндан қандай ташкил қилиниши ҳам маълум. Бунинг ҳадиси олинган. Харид нархларини эркинлаштириш фақат орзу бўлиб қолиши мумкин. Бундан бошқа нарса эмас. Қайси халқаро ташкилотнинг талаби қондирилибди? Тизим шундай шакллантирилган. Қарздор муттаҳам қилиш тактикаси бу. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида кимнидир жиноий жавобгарликка тортиб шунинг ҳисобидан кун кўриши керак-ку, ахир? Ҳақиқатдан ҳам бир ҳовуч амалдорнинг бойлик орттириш манбасидан бошқа нарса эмас. Ҳеч қанақа босим бу ҳукуматнинг пахтачиликка бўлган муносабатини ўзгартира олмайди. Барчасига эркин фаолият юритиш учун кенг имконият берилиши ва бундай фаолият қонун билан мустаҳкамланиб қўйилиши зарур.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ulugbek Ashur: Ҳукуматнинг муносабати ўзгаряпти, дейиш қийин. Агар одамларнинг ўзлари пахта терими бошланишини кутса ва барча фермерларга пахтани ўзи истаган харидорга сотиш имкони берилса, ана унда хукумат пахтачиликка бошқача назар билан караяпти дейиш мумкин. Хозир нима бўляпти? Ўша ўша ахвол: Бюджет ташкилотлари, дўхтиру, олим, ўқитувчи-ю талаба, хамма пахтада! "Бормасанг, маошинг қирқилади, ўқишдан кетасан, ишдан ажрайсан, дўконинг ёпилади, нафақа ололмайсан, газинг кесилади. Мана, Қозоғистонда фермер пахтани экишни бошлаганида, унинг ёнига завод директори (завод хусусий!) келиб туради. У фермернинг пахтаси униб чиқмасидан унинг ҳосилига харидор бўлиб, пулнинг бир қисмини олдиндан тўлаб кетади. Фермерга у директор айтган нарх ёқмаса, бошқа хусусий заводнинг директори билан савдосини давом эттиради. Ўзбекистонда ҳам мана шу система бўлмас экан, фермер бойимайди ва одамлар пахтага миллий кулфат сифатида қарашда давом этадилар. Бир ҳовуч амалдорларгина пахтанинг даромадини чўнтакка уришяпти.

Муҳаммаджон Обидов, Фарғона вилоят Журналистлар уюшмаси раиси: Бундан ўн-ўн беш йил илгари қадимий Қубо (ҳозирги Қува ва Марҳамат тумани)да олиб борилган археологик қазишмалар чоғида бу худудда йигирма беш аср муқаддам ҳам пахта зироати билан шуғулланилганини исботловчи далиллар топилган эди. Демак пахтачилик Ўзбекистон учун янгилик эмас, ишончим комилки яна орадан юзлаб йиллар ўтса-да, табиий ипга, пахтага бўлган эхтиёж сақланиб қолади. Балки ўшанда ҳам бу юртда пахта етиштирилар. Мухокамага қўйилган мавзу пахтачиликнинг истиқболига қаратилганида, менимча тўғри бўлар эди.

Ўзбекистонда дехқончилик сохасида жамоа хўжаликлари, ширкатлар тугатилиб, фермер хўжаликларига айлантирилди. Бу самарадор йўлмиди? Тўғри, айрим фермерлар, балки улар 10 фоизни ташкил этар, 100-200 гектар майдонда дехқончилик қилади. Шунга яраша техник воситалари мавжуд. Хосилот, суғориш тизими мухандиси, биологик ва кимёвий ишлов берувчи мутахассислари ҳам бор. Энг муҳими уларда дехқончилик илми билан бирга ташкилотчилик қобилияти мавжуд. Бундай фермерларнинг аксарияти дехқончиликдан ташқари бирон бир ишлаб чиқариш ёки савдо-сотиқ билан ҳам шуғулланади. Бундайлар кредит маблағлари берилишини кутиб ўтирмайди. Зарур пайтда одамлар ва техникани жалб этиб экиш, ишлов бериш, йиғиб-териб олиш каби жараёнларни хокимиятга суянмасдан мустақил бажара оладилар. Узоқ йиллик кузатишларимдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки айнан шу фермерлар пахтачиликдан хамиша даромад олиб келяптилар. Аммо улар юқорида айтганимдек кўпчилик эмас. Яхши сувчи, яхши механизатор, яхши хосилот 50-100 гектар ерни олиб фермермерлик қилади. Лекин у яхши фермер эмас. Биринчидан, иқтисодни билмайди, ташкилотчилик, рахбарлик қобилияти етишмайди. Натижада бундай фермерлар гарчи қонун ва меъёрий хужжатларда мустақил бўлсаларда аслида юқоридан буйруқ кутиб ишлашга кўникиб қолганлар. Пахта йиғим-терим даврида эса хашарчиларсиз хеч нарса қила олмайдилар. Буни кўриб ва билиб турган хокимият дархол бошқарувни ўз қўлига олади. Хашарчиларни уюштириб далага олиб келади. Бўлмаса кун ўтиб ёмғирга қолса хосил сифти пасаяди. Қолаверса режа деган гаплар бор. Пахтанинг харид нархи нисбатан пастлиги ҳам кўзланган ҳосилдорликка етиша олмаётган бу каби фермер хўжаликлари иқтисодига сезиларли таъсир кўрсатади.

Шубҳасиз, Ўзбекистонга пахта керак. Балким экин майдони янада қисқартирилиб, пахта толасини қайта ишлашни бир неча баробарга ошириш керакдир. Толани қайта ишлашдан олинаётган фойда хисобига пахта харид нархини ошириш зарур. Қолаверса фермер давлатга пахта толаси сотиш ҳақида шартнома тузиб чигитнинг салмоқли қисми унинг ихтиёрида қолганида ва ёғ мой корхоналарига чигит хом ашёсини фермернинг ўзи сотганида унинг даромади янада кўпайган бўлар эди. Бу масаланинг иқтисодий томони. Деҳқончиликни ташкил этишда фермер хўжалигининг бугуниги шакли албатта ислох қилиниши керак. Ҳар жихатидан етук фермер шахси тўлиқ шаклланмаган экан, хозир фермерларнинг ихтиёрий-иқтисодий бирлашган тузилмалари зарурга ўхшайди. Чунки 50-100 гектар ердан олинадиган даромад билан дехқончилик мутахассислари: инженер, ирригатор, химизатор, хосилот, иқтисодчи ва х.к ларни ушлаб туриб бўлмайди. Бу муаммо пишиб етилди.

Иккинчи муҳим масала, пахта йиғим-теримини тезроқ механизациялаштириш керак. Битта пахта териш машинаси бир кунда 10 тонна пахта терганида ҳам, энг камида 160-180 та теримчи ўрнини босади. Ана ўшанда мактаб ўқитувчиси-ю касалхона шифокорлари ёппасига пахта теримига олиб чиқилмайди. Вояга етмаган болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳақидаги қарорлар ҳам керак бўлмайди. Бу борада 2013 йилда муҳим қадам қўйилди. Ўзбекистон пахта териш машиналарини яна қайта ишлаб чиқара бошлади. Тошкент трактор заводи асосида янги тизим ташкил этиладиган бўлди. Аммо бу ишларга изчиллик ва ҳафсала керак. Хозирча Фарғона водийсида етиштириладиган қарийб 1 млн тонна пахта ҳамон қўлда териб олиняпти.

Пахта мамлакатдаги куч-қудрат ва хокимиятни эгаллаган бир ҳовуч амалдорлар учун бойиш манбаи, деган фикрга мутлақо қўшилмайман. Пахта, биринчидан, мамлакат валюта хазинасини бойитса, иккинчидан, кўплаб давлатларни иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистон билан боғлайдиган, ҳисоблашадиган омиллардан биридир. Бундан бир неча йиллар илгари дунёнинг энг йирик сармоядорларидан бири Жанубий Кореядаги “Кобул текстил” компанияси президенти билан учрашиб, суҳбатлашган эдим. Ўшанда компаниянинг олдида турган муаммолардан бирини айта оласизми, деган саволимга у Ўзбекистондан “Бухоро-6” навли пахта толасини имкон қадар кўпроқ сотиб олиш, деган эди.

Пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланмаслик, Халқаро Меҳнат ташкилоти вакилларига кузатиш имкониятини яратиш, бу жараёнда очиқлик, ошкораликни таъминлаш жуда муҳим, деб хисоблайман.

Фарғона водийсида коллеж ўқувчиларини пахтага чиқариш ҳали муҳокама қилингани йўқ. Шундай қолиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Яна бир гап-Қозоғистонда пахта соҳасида катта натижаларга эришилаётгани, иқтисодий юксалиш ҳақида бирон-бир далилни учратмадим.

Бу мавзуда батафсилроқ