НАТО раҳбарлари Украина президенти билан учрашадилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption НАТО саммитидан олдин дунё раҳбарлари Украина президенти билан учрашадилар

Дунё раҳбарлари Уэлсда НАТО саммити бошланишидан олдин Украина президенти билан учрашишлари кутилмоқда.

Пётр Порошенко АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи раҳбарларига Россия президенти Владимир Путин билан бўлган музокаралари ҳақида маълумот беради.

Франция Россияга вертолёт ташувчи иккита кемани етказиб бермаслигини маълум қилиш билан жаноб Путинга босимларни кучайтирган.

Украина шарқида ҳукумат кучлари ва бўлгинчилар ўртасида беш ойдан буён давом этаётган жангларда 2,600га яқин инсон нобуд бўлган.

Ғарб давлатларига кўра, улар Россия исёнчиларни тайёрлагани ва қуроллантирганига оид маълумотларга эгалар.

Украина шарқидаги можаро, БМТ чиқарган сўнгги маълумотларга кўра, бир миллион нафардан кўпроқ инсонни бошпанасиз қолдирган.

Уэлснинг Нюпорт шаҳрида бўлиб ўтажак НАТОнинг икки кунлик саммитида Украинадаги инқироз, Исломий Давлатнинг пайдо бўлиши ва Афғонистон муаммолари муҳокама қилинади.

НАТО саммитида Ўзбекистон расмий ҳайъати ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Whatsapp рақамимизга овозли шарҳларингизни ҳам йўллашингиз мумкин: +44 78-58-86-00-02.