Нигерия Ўзбекистоннинг тақиғидан ғазабда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Нигерия Кураш Федерацияси президентининг даъво қилишича, “бу қарор курашчиларининг жаҳон таснифидаги турнирда иштирок этиш ва ўз бахтларини синаб кўришларига тўсқинлик қилиш баробарида, уларга мудҳиш хасталик ташувчиси, деган тамғани ҳам ёпиштиради”.

Даниэль Игали халқаро кураш федерацияси ва Ўзбекистоннинг ўзларини Тошкентга киритмаслик қарори юзасидан норозилик билдириб, шахсан FILA Президенти Ненад Лаловичга мактуб йўллаган.

Куни-кеча Ўзбекистон томонининг тавсияси билан FILA ғарбий Африкани ўз забтига олаётган Эбола эпидемияси сабаб, етти нигериялик ва икки сьерра-леонелик курашчини спорт кураши бўйича Тошкентда бўлиб ўтажак жаҳон чемпионатига таклиф қилмасликка қарор қилганди.

Бундан ташқари, расмий хабарларда бу мудҳиш хасталик Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини ғарбий Африканинг олти давлати вакилларининг Тошкентга сафарини чеклашга ҳам мажбур қилгани айтилганди.

Айни ўринда сўз Гвинея, Гвинея-Бисау, Либерия, Сьерра-Леоне, Нигерия ва Конго Демократик республикаси ҳақида кетмоқда.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Нигерияга қадар ҳозирча бирор бир "тақиқ остига тушган" ғарбий Африка давлати бу қарорни савол остига олмаган.

Спорт кураши бўйича бу йилги жаҳон чемпионати эса, 8-14 сентябр кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтади.

Нигерия Кураш Федерацияси Президенти Даниэль Игалининг даъво қилишича, бу қарор, агар таъбир жоиз бўлса, ўзларини билвосита “вирус ташувчиси” қилиб қўйган.

“Мен бу мактубда жаҳон чемпионатига қўйилмаган спортчи ва мулозимларнинг қанчалик норози ва ҳафсалалари пир бўлганлигини изҳор этдим. Бу қарор жаҳон таснифидаги турнирда иштирок этиш ва ўз бахтларини синаб кўришга тўсқинлик қилиш баробарида, уларга мудҳиш хасталик ташувчиси, деган тамғани ҳам ёпиштиради”, - дейди у FILA Президенти Ненад Лаловичга йўллаган мактубида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fila

Худди шунинг баробарида Нигерия Кураш Федерацияси президенти ўз мактубида Ўзбекистоннинг тавсияси ва FILAнинг қарори африкалик мулозимларнинг халқаро кураш федерацияси кенгашига сайланиш имкониятидан мосуво қолдиришига ҳам алоҳида диққат қаратган.

У президент Ненад Лаловичдан, “яқинда Эбола хасталиги қайд этилган Сенегал дохил олти ғарбий Африка кураш федерацияси президентларининг FILA Конгрессида иштирок этишлари учун Тошкентга киритиш-киритилмасликлари юзасидан аниқ жавоб беришини” сўраган.

“Сьерра-Леоне Кураш Федерацияси президенти ҳам тилга олиб ўтганидек, бу мамлакатлар аэропортларида қатор тиббий текширув нуқталари ташкил этилгани боис, Эболага чалинган бирор бир инсон учоқ бортига чиқа олмайди. FILA конгрессининг миллий кураш федерациялари учун қанчалик муҳим тадбир экани сизга яхши маълум. Устига устак, сўнгги қарордан зиён чеккан давлатлар кураш федерациялари президентлари орасида FILA кенгаши аъзолигига номзодлар ҳам бор”, - деган у ўз мактубида.

FILA президенти эса, шу ҳафта душанба куни ўз қарорларидан “зиён чеккан курашчилар, мураббийлар ва мухлисларга ҳамдард” эканини алоҳида баён қилганди.

Ўз ўрнида, ғарбий Африкадаги Эбола билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатишда давом этишлари ва вазиятга қараб, улар билан мулоқотда бўлиб туришларини ҳам билдирганди.

Ҳозирча аниқ давоси топилмаган Эбола эса, дунёдаги энг мудҳиш касалликлардан бири саналмоқда.

Эбола вируси касал инсоннинг бадан суюқликлари орқали тарқалади ва тер ҳам буларнинг сирасига киради.

Тошкентдаги нуфузли турнир эса, қатор халқаро мусобақалар каби, ғарбий Африканинг қатор давлатларида ҳалича тўлиқ давоси топилмаган Эбола хасталиги эпидемия даражасига етган бир пайтга тўғри келмоқда.

Бу яқин йиллар ичидаги энг йириги бўлиши кутилаётган Тошкентдаги жаҳон чемпионатида эса, дунёнинг 90 дан ортиқ давлатидан 800 дан зиёд курашчининг иштирок этиши кутилмоқда.

Расмий хабарларга кўра, бир ҳафталик турнир давомида курашчилар 24 вазн тоифасида уч хил кураш тури бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боришади.

Биринчилик иштирокчилари орасида ўнлаб амалдаги ва собиқ жаҳон чемпионларининг борлиги ҳам айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ