Би-би-си меҳмони: Ҳизб ут-Таҳрир фаолига савол йўлланг

Image caption Ислом абу Халил Ҳизб ут-Таҳрирнинг фаол аъзоларидан бири сифатида танилган

Ҳизб ут-Таҳрир фаоли Ислом абу Халил bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб беради.

Ҳизб ут-Таҳрир тинч йўллар билан Ислом дунёсида ягона халифалик қуриш учун ҳаракат қилиб келади.

Ислом абу Халилга саволларингизни саҳифамиз остидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон манзилимизга йўлланг.

Ислом абу Халил 1984 йил Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида туғилган.

Оилали, уч фарзанднинг отаси.

2003 йилдан биён Ҳизб ут-Таҳрирга аъзо.

"Мен ер юзидаги барча инсонлар Аллоҳнинг қонунлари асосида яшаши шарт дея эътиқод қиламан," - дейди Ислом абу Халил. - Бугунги кунда Аллоҳнинг ҳукумларини ер юзида ҳукмрон қилишга ва унинг китоби ва пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) йўлларига асосланиб, иш олиб бораётган жамоат бу - Ҳизб ут-Таҳрир бўлгани учун шу йўлда боришни танладим."

2004 йилнинг куз ойларида Россия хавфсизлик ходимлари томонидан уйида тинтув ўтказилганда, бир неча Ҳизб ут-Таҳрир китоблари топилган.

Ислом абу Халил экстремизм ва терроризм моддаларида айбланиб, яшаш жойидан чиқмаслик шарти билан озод қилинган.

2005 йил охирларида Россия хавфсизлик ходимлари томонидан такрор қўлга олиниб, тўрт ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Орадан бир йил ўтиб озодликка чиқарилган.

2008 йил Швецияда сиёсий бошпана олган.

Ҳозирда Швеция пойтахти Стокголмда истиқомат қилади.

Ислом абу Халил Ҳизб ут-Таҳрир сафларида фаол иш олиб бормоқда.

У Марказий Осиё ҳукуматлари Совет давридан қолган тузум асосида "халқни эзиб" бошқараётганини айтади.

"Улар халққа зулм қилганлари етмагандай ҳар-куни халқнинг қопини пуч ёнғоққа тўлдириб келишмоқда. Улар гоҳ Ғарбни гоҳ Россияни сиёсий ўйинлари ва режаларини амалга ошириш учун хизмат қилиб ўз халқини, сиёсий ҳам иқтисодий ҳамда фикрий ва маънавий инқирозга олиб келиб қўйди," - дея таъкидлайди Ислом абу Халил.

Унга кўра, "мусулмон халқ фақатгина Исломга қайтиш билангина юксакликга эришади".

Би-би-си меҳмони саволларингизга ҳам интернет ва ҳам радио орқали жавоб беради.

Суҳбатнинг радио версиясини "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Саволларини радио учун ўз овозлари билан беришни истаган тингловчиларимиздан ўзларининг телефон рақамларини ҳам ёзиб юборишни сўраймиз.

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

Бу мавзуда батафсилроқ