"Телиасонера" олти фоиз ҳиссалари кимга тегишли эканини билмайди

Ўзбек телекоммуникация бозоридаги коррупция иддаолари марказида бўлган Швециянинг "Телиасонера" ширкати вакиллари Тошкентда ширкатнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси келажагини муҳокама этишган.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва коммуникация технологиялари давлат қўмитаси мулозимлари билан учрашувда Ucell нинг янги раҳбари ўзбек томонига тақдим этилган.

"Телиасонера"нинг Ўзбекистондаги фаолияти қатор Оврўпо давлатларидаги жиноий текширувларнинг марказида.

Швеция прокурорлари ширкат Ўзбекистондаги лицензиясини сотиб олиш учун Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин шахсларга юз миллионлаб доллар пора берганини айтишган.

"Телиасонера" Ўзбекистондаги маҳаллий қонунлар доирасида фаолият олиб борганини айтиб, коррупция иддаоларини рад этади.

Ўзбекистондаги коррупция можароси ширкатнинг юқори бошқарувидаги қатор ўзгаришларга сабаб бўлган.

"Телиасонера" матбуот хизмати раҳбари Петер Борсоснинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, ўзбек томони билан музокаралар чоғида "Телиасонера" устидан кечаётган тергов муҳокама этилмаган, аммо коррупцияга қарши кураш масаласи кўтарилган.

Петер Борсос: Бизнинг ҳайъатимиз Қозиғистон ва Ўзбекистонга сафар қилди. Ўзбекистонга икки кунлик сафармиз мобайнида ширкатимизнинг у ердаги фаолияти кундалик масалалари ва давомийлиги муҳокама қилинди. Улар орасида сўз эркинлиги, коррупцияга қарши кураш, ходимларнинг иш шароити ва хавфсизлиги каби масалалар ҳам кўтарилди.

Би-би-си: Ucell ширкатига янги раҳбар ҳам тақдим қилинди, деган хабарлар бор?

Петер Борсос: Ҳа тўғри. Жаноб Тони Грюнберг Ucell нинг янги ижрочи директори сифатида фаолиятини расман 15 сентябр куни бошлайди.

Би-би-си: Кўтарилган масалалар орасида коррупцияга қарши кураш ҳам бор эди, деб айтдингиз. "Телиасонера" га қарши пора беришда гумон билан жиноий иш очилгани маълум. Бу масала ва тергов қайси даражада экани муҳокама қилиндими?

Петер Борсос: Йўқ, тергов масаласи муҳокама қилингани йўқ. Биз ширкат ичида коррупцияга нисбатан чоралар ҳақида сўз юритдик. "Телиасонера" қандай қилиб турли бозорларга кириб боргани юзасидан олиб борилаётган тергов жараёни ҳақида сўз юритилгани йўқ. Кундалик иш жараёнида коррупцияга нисбатан қандай амал қилиш керак, деган маънода сўз юритилди. Швеция, Голландия ва АҚШда очилган тергов жараёнлари ҳақида менда янги маълумот йўқ.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистондаги бозорга кириб боришда пора берилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумон ширкат фаолиятида анчайин муҳим масала. Нима учун бу каби муҳми масалани четлаб ўтдингиз?

Петер Борсос: Бу ерда масала икки нарсада. Айтганимдек, "Телиасонера"нинг янги бозорларга кириб бориши ҳақидаги тергов бу бошқа масала. Ўзбекистонга сафар билан борган сармоядорларни қизиқтирган нарса асосан кундалик фаолиятимизда биз қандай иш юритаётганимиз эди. Биз охирги йил мобайнида бу соҳада қатор чораларни бошладик. Ноябр-декабр ойларидан бошлаб сўз эркинлиги билан боғлиқ ва кундалик фаолиятимизда коррпцияга қарши чоралар бўйича янги сиёсатни йўлга қўямиз. Расмий доиралар олиб бораётган тергов жараёнида янгилик бўлмагани учун уни муҳокама қилиш эҳтиёжи ҳам йўқ эди.

Би-би-си: Лекин яқинда "Телиасонера" билан битимни имзолаган ширкат тегишли ва Гулнора Каримовага яқин, дея кўрилган шахс Гаяне Авякян Ўзбекистонда солиқ ва валюта жиноятларида айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Хабарларга кўра, Ucell-нинг 6 фоиз ҳиссалари унга тегишли. Ана шу жиҳат терговда янгилик эмасми?

Петер Борсос: Мен бу ҳақда билмайман. Менинг билганим ширкатнинг 94 фоиз ҳиссалари бизга тегишли экани. Қолган 6 фоиз кимга тегишли экани борасида бизда аниқ маълумот йўқ. Бу ҳам тергов кўриб чиқаётган масалалардан биридир.

Би-би-си: Ширкат ўз ҳиссаларининг кимга тегишли эканлигини билмаслиги ғалати ҳолат эмасми?

Петер Борсос: Ҳа. Биз бу борада аниқлик киритиш йўлида ишламоқдамиз. Бу ҳиссалар кимга тегишли эканини аниқлашга ҳаракат қилмоқдамиз.

Би-би-си: Сўз эркинлиги каби масала ҳам кўтарилди, дедингиз. Ucell Ўзбекистон хавфсизлик хизматига телефон алоқаларини эшитишга рухсат беради, дея хабар берилганди. Бу масала борасида нималарга келишилди?

Петер Борсос: Турли мамлакатларда рамсийлар телекоммуникацияларга дахл қилиш борасида турлича қонун-қоидаларга эгалар. Биз албатта бу масалани муҳокама қилдик, лекин биз маҳаллий қонунларга бўйсунишга мажбурмиз. Аммо "Телиасонера" номидан ва телкоммуникациялар соҳасидаги қонунларга мувофиқ, мижозлар бизнинг алоқадан фойдаланган вақтлари ўзларини хавфсиз сезишлари кераклиги айтилган ва биз ҳамиша шуни тарғиб этиб келамиз. Ўзбекистонда ҳам биз маҳаллий қонунларга бўйсунишга мажбурмиз, лекин сўз эркинлиги принциплари асосида биз буни ўзгартиришга даъват қилиб келамиз. Аммо қонун ўзгармагунга қадар унга бўйсунишдан бошқа иложимиз йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ