Тошкентдан мактублар: 'Ҳақни айтмаслик – хиёнат!'

Image caption Тошкентдаги сиёсий репрессия қурбонларига ўрнатилган ёдгорлик мажмуи

Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари бошидан “Халқ душмани” тамғаси билан қамалиб чиққан шоир Шукруллонинг мана бу сўзларини диний – сиёсий маҳкумлар эслаб туришади:

“Хақиқатни айтмаслик, бу – хиёнат!”.

“Бизнинг энг катта гуноҳимиз – савобни унутиб қўйишимиз”.

Қамоқларда Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар”, “Тирик руҳлар” романларини ўқимаган диний – сиёсий тутқунлар кам. Бундан улар руҳий далда олишганини сезганман. Мен ҳам буни ўз вужудимда туйганман.

Қон ичар тузум шоирни 30 йилга озодликдан маҳрум этган.

30 йилга!..

Нимага?

Ҳақни айтганига.

Ҳақни ёзганига.

Шукруллонинг овозини бутунлай ўчириш учун уни абадий музликлар билан қопланган олис Сибир тайгаларига ташлаган. Энди у 30 йил сиёсий маҳкумлар билан тўлиб-тошган ўлим лагери (Норильск)да ажал ва зулм билан юзма - юз олишишга мажбур.

30 йил!..

- Ҳар куни ўликларни бир – бирларининг устига тарашадай қалаб қўйишарди, - деб эслайди Шукрулло оға, - Сталин репрессияси ўн миллионларнинг ёстиғини қуритди. Булар:

Ақл, онгда етилган кишилар эди.

Эл – юртга қайишган кишилар эди.

Ҳақ сўзни айтган кишилар эди.

Бегуноҳ кишилар эди.

Ҳаммаси кафансиз кўмилди.

Йўқ!

Фото муаллифлик ҳуқуқи shukrullo
Image caption Атоқли адиб Шукрулло яқинда 93 ёшга тўлди

Ҳаммаси ювуқсиз ҳолда йиртиқ – ямоқ, кир – чир усти бошлари билан муз қотган чуқурларга ташланди.

Биз тирик қолганлар эса дўзахий азобни бошимиздан кечирардик:

Очлик,

Қийноқ,

Таҳқир,

Ўлат...

Яна ҳар сўзида қалбни яраловчи туҳмат:

“Ватан хоини!”

Одамзод ваҳшийлигининг чегараси йўқ. Унинг ёвузлиги олдида аждарҳо ҳам ҳалво. Энг йиртқич ҳайвон ҳам.

Эл орасида: “Тангри ўзи суйган бандасини синайди” деган сўз юради. Ҳадисда ҳам шунга яқин гап бор:

“Хайрли ва саҳоватли ишлар инсонни турли фалокатлардан асрайди”.

Шоир ўлим лагеридан тирик чиқди. Бу даҳшатли тўфондан омон чиққандай гап. Мен буни эл сўзининг чинлиги, Тангрининг марҳамати деб ўйлайман.

У ҳозир юз ёшни қоралаяпти. Тангри ҳақ!

Шукрулло оға ўзининг ҳаққа, савобга оид сўзларини амалда ҳам исботлаб келади. Бошқаларни қўя турайлик. У менга ҳам ўз мурувватини аямаган:

Биринчи қамалганимда озодликка чиқишимга сабабчи бўлган.

Иккинчи марта жаҳон прогрессив кучларининг ёрдами ва Тангри таолонинг инояти билан тутқунликдан қайтганимда, Шукрулло оға юзга кираётган бўлса ҳам уйимга биринчи бўлиб келди. Кўп меҳрли сўзлар-у ўгитлар билан бирга менга моддий кўмак ҳам берди.

Бу саҳийлигини яқинда ҳам кўрсатди.

Ўзбек адабиёти дунёсида мен Одил Ёқубни юксакда кўраман.

Рауф Парфий ҳам бетакрор эди.

Шукрулло оға билан ҳар замон – ҳар замонда телефонлашиб турамиз.

Мен Тўмариснинг (Мўътабар Тожибоева) “Қийноқлар ороли асираси” асарини ўқиб тузатаётганимда, кутилмаганда Шукрулло оға сим қоқиб қолди:

“Бир дийдор кўришсак, Мамадали”.

Асардан кўз узгим келмагани учун уни охирига етказдим. Кейин оқсоқолнинг Оқтепада жойлашган уйига бордим.

Бошдан – оёқ оппоқ кийиниб олганимгами, унинг кўзига ёшроқ кўриндим шекилли, у:

- 17 йил қамоқда бўлганга ўхшамайсанам, - деди мен билан қучоқлашиб кўришаркан, - ўзингни унча олдирмабсан. Унинг гапи оҳангидан кўнглимни кўтараётганини туйдим.

Кўнгилни кўтариш:

Юракка қувват беради,

Қалбни қувонтиради,

Қизғин суҳбатга туртки бўлади.

Мен Шукрулло оғанинг таклифига биноан тўрдаги курсига чўқдим. Унинг Украина сургунларида бўлиб қайтган умр йўлдоши – Мунаввара хоним ҳам мен билан илиқ сўрашди. 90 ёшни ёқалаётган, бошидан не – не қийинчиликларни кечирган бу мунис аёлга мен меҳр билан боқиб қўйдим.

Келин турли емоқларга тўла дастурхонга бир чинни чойнак памил чой келтирди. Сўнг қайнона – келин бизни ёлғиз қолдиришди.

Шукрулло оға кайфиятияхши онларда Чўлпон, Усмон Носир, Рауф Парфи шеърларини ўқишни ҳуш кўрарди. Ора – сира ўзидан ҳам ўқирди. Бу одат уни 96 ёшида ҳам тарк этмаганига ажабландим ва севиндим. У мен қамалганимдан 17 йил аввал миллиётчи шоирларнинг шеърларини қандай ўқиган бўлса, шундай ўқиди:

Кўнгил, сен мунчалар, нега

Кишанлар бирла дўстлашдинг?

На фарёдинг, на додинг бор,

Нечун сен мунча сустлашдинг?

Ҳақорат дилни оғритмас,

Тубанлик мангу кетмасми?

Кишанлар парчаланмасми?

Қиличлар энди синмасми?

Тириксан, ўлмагансан,

Сен – да одам, сенда инсонсен!

Кишан кийма, бўйин эгма

Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсен!.

Кўлимда чой, сўнгги икки сатрни ичимда такрорладим:

Кишан кийма, бўйин эгма

Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсен!

Шоир Усмон Носирдан ўқиди:

Итоат эт!

Агар сендан

Ватан рози эмас бўлса,

Ёрил, чақмоққа айлан сен.

Ёрил! Майли тамом ўлсам!..

Рауф Парфининг ҳам мана бу шеърини ғамгин бир овозда ёд айтди:

Сен менга эл бўлмасанг,

Мен сенга эл бўламан.

Қачон бизнинг элимиз

Эл дегудек эл бўлар?

Мен сен учун ўлмасам,

Сен мен учун ўлмасанг

Кўз ёшлари сел бўлар...

- Ўзимдан ҳам эшитасанми, Мамадали?..

- Албатта оға.

Ахир, менга нега тил керак,

Яна ёлғон сўзлаш учунми?

Нега юрак ва ақл керак,

Турфа бўҳтон ўйлаш учунми?

Лаънатларга ботмай дунёда

Бўлай десанг ҳақиқий инсон.

Ҳусн берма, тил берма менга,

Виждон бергил, виждон бер,

Виждон!..

(Давоми бор)

Бу мавзуда батафсилроқ