Рашид Маликов: "Қўлимда бўлса, хонтахта фильмларни ман қилардим"

Би-би-си меҳмони - машҳур актёр ва режиссёр Рашид Маликов.

Рашид Маликов ўзбекистонликларга "Чинор остидаги дуэль" фильмидаги Нортой роли билан яхши танишдир.

Нортой роли билан танилганида Рашид Маликов Тошкент Тиббиёт институти таълим олаётганди.

1986 йилда эса у Москвадаги ВГИК олийгоҳининг кино режиссураси факультетини тугатган.

У режиссёр-постановщик ва сценарий муаллифи сифатида саккизта фильм яратган.

Яқиндагина у ўзининг охирги "Тоға" номли фильми учун Россиядаги «В кругу семьи» халқаро кинофестивалининг бош мукофотига сазовор топилди.

1991 йилда у "Тунги блюз" фильми учун Ашхободдаги халқаро фестивалнинг бош мукофотини олган.

1988 йилда эса "Клиника" фильми учун Ленин Комсомоли мукофотини қабул қилиб олган.

Меҳмонимиз ўз мухлислари саволларига жавоб берди.

Би-би-си: Рашид ака, ҳайрон бўлмасангиз керак, сизни машҳур қилган Нортой образи ҳақида саволлар кўп, лекин аввало охирги фильмингиз - "Тоға" фильми ҳақида бироз сўзлаб берсангиз. Бу фильм яқинда Россия кинофестивалида нуфузли мукофот олди. Нима демоқчи бўлгансиз бу фильм билан? Бир мухлис сўрагандек, бу фильмга ўз ҳаётингизда содир бўлган ҳодиса туртки берганми?

Image caption Рашид Маликовнинг "Тоға" фильми инсон табиатининг мураккаблиги ҳақида

Маликов: Йўқ, ўз ҳаётимда содир бўлган ҳодиса туртки бўлмаган. Ман анчадан бери бир ўзбекона мавзуни ўйлаб юргандим, фестивалларга ҳам, томошабинларга ҳам ёқадиган фильм бўлса, деб юргандим. Унда юмор бўлишини, юморга қарамай, охири жиддий бўлишини истагандим. Ҳамма ўйлаганларим шу фильмда рўёбга чиқди. Ҳар бир фильмнинг ўз структураси бўлади. Бу учта актли драма бўлди. Чунки бошида қаҳрамонга бир кўз билан қараймиз, фильм охирида эса унга муносабатимиз ўзгаради. Қаҳрамонларнинг бир-бирига муносабати ҳам ўзгаради. Мен мана шу ўзгаришларга эришмоқчи бўлгандим.

Ўша йиллари олинган филмлар ва улардаги қаҳрамонлар орасида "Чинор остидаги дуэль" ва Нортой образи алоҳида ажралиб турарди. Мухлислар кўнглида ва шуурида ҳам ўзига хос ўрин қолдирган. Нимаси билан эканлигини айтиш қийин. Сиз ўзингиз бу фильм ва образ нимаси билан бошқаларидан алоҳида ажралиб туришини айта оласизми? Луиза, Лондон

"Чинор остидаги дуэль" фильмининг ўзбек киноси дурдоналаридан бири бўлишининг сири нимада деб биласиз? Тоҳир

Маликов: Биласизми, кўп ўйлаганман бу ҳақида. Бу фильмнинг олинганига 37 йил бўлди. Бу фильмда келажакка қараб интиладиган йигит ҳақида гап кетади. У ўтмишда қолиб кетган ретроград киши эмас. Кўпчилик ўзбек эркакларига бу йигит идеал, мукаммал йигит бўлиб кўринган. Ман ўзим қишлоқда ўсмаганман - шаҳарлик бола эдим, сочларимни узун қўйиб, шу қишлоқлик йигитни ўйнаганим жуда бир қизиқ симбиоз бўлди. Менга кўп одамлар "Сизга ўхшаб юришни жуда хоҳлагандим" дейишади. Баъзи ГАИ ходимлари ҳам мени тўхтатишса, таниб қолишади ва "Ман ҳам сочимни ўстириб, гитара чалишни бошлагандим, кейин қаранг, милиционер бўлдим", деб қолишади. Бунақа ҳодисалар кўп бўлади менда. Менимча, Нортой кўп йигитларга, ўзбекларга идеал қаҳрамон, ўрнак бўлиб туюлган, балки шунинг учун фильм муваффақиятли бўлгандир.

Таҳминимча, сиз кинога тасодифан кириб қолгансиз. Шу ҳақида сўзлаб берсангиз. "Чинор остидаги дуэль" фильмига танлов анча рақобатли бўлган бўлса керак. Қандай сифатингиз билан ғолиб чиққансиз? Тоҳир

Сиз шифокорлар оиласидан келиб чиққансиз, сизнинг актер-режиссер бўлишингизга ота-онангиз қандай таъсир қилишган? Дилорам, Лондон

Маликов: Буни бир бахтли юлдуз они деса ҳам бўлади. Бир томондан тасодиф дейиш мумкин, лекин бошқа томондан, мутлақ тасодиф бўлмаган. Чунки биринчи марта 1973 йилда, Нортой образидан тўрт йил аввал, киностудияга Дамир Салимовнинг фильмига танловга келгандим. Ўшанда мани олишмаганди. Ўшанда саккизинчи синфда ўқиётган даврим эди. Шунда ўзимга бир мақсад қўйгандимки, киноактёр ё кинорежиссёр бўламан деб. Лекин, ота-онам врач бўлганлари учун, уларнинг илтимоси ва истагига қараб, ман Тошкент Тиббиёт институтига кирдим. Лекин, ТашМИда ўқисам ҳам, театрал студиялар ва мусиқий студияларга қатнашгандим ва врачликдан кўра санъатга қизиқиб кетгандим. Пётр Клейнер деган яхши театрал студия бўларди, шу студия мани 1977 йилларга қадар бир маҳоратли актёрга айлантириб қўйганди. Актёрлик маҳоратим анча баланд эди. "Нортой"га танлов бўлаётганда, рақобат анча катта эди. Ҳозир мана кулиб эслаб юрамиз. Танловда ҳозирда машҳур бўлган Беҳзод Ҳамроев, раҳматли Хамза Умаровнинг ўғли Шуҳрат Умаров қатнашганди. Охирги қарорни бу фильмнинг бадиий раҳбари бўлган Георгий Данелия қилганди, чунки Мелис ака Абзалов бу фильмни дебютант режиссёр сифатида олаётганди, яъни бу унинг биринчи фильми эди. Жуда ҳам машҳур ва жуда ҳам талантли режиссёр Георгий Данелия "Мимино", "Афоня", "Джентльмены удачи" каби фильмларни олган, биласизлар. Пробаларни Мелис ака Данелияга кўрсатганида, улар ўйлаб ўтириб, "мана бу йигитни оламиз, у беўхшов, озғин, оёқлари узун" деб мани танлаган эканлар.

Image caption Рашид Маликов "Чинор остидаги дуэл"да укаси ролини ўйнаган Жалол Юсупов билан ҳали ҳам дўст

Би-би-си: Сизни илк ролга Данелия танлагани жуда қизиқ. Георгий Данелия билан кейин касбий фаолиятингиз давомида ҳеч учрашганмисиз?

Маликов: Бир мартагина учрашганман. Ҳатто улар билмаганлар ҳам кимлигимни ёки айнан улар туфайли кинога кирганимни. Уларнинг кўп китобларини ўқиганман. Ниҳоятда ҳурмат қиламан уни режиссёр сифатида ва фильмларини жуда-жуда яхши кўраман.

"Нортой" ролини ўйнаш сизга қийин бўлганми? Ўктам Ризаев, Хўжанд

Маликов: Актёрликка олдиндан тайёрланган бўлсам-да, фильм жараёнида ўзига яраша қийинчиликлар бўлади. У пайтлар совет даврлари эди, ва фильм Ўзбекистонда эмас, Жанубий Қозоғистоннинг Турбат деган жойида олинганди. Фильм технологияси у пайтлар жуда мураккаб эди. 1 ё 2 минутлик саҳна бир кун давомида олинарди. Ваҳоланки, тўла метрли фильмлар 60-70 кунда олинарди. Шуниси озгина қийнаганди. Лекин, актёр сифатида қийналмаганман. Йирик юлдуз актёрлар ичида ўзимни эркин ҳис қилганман. Бу ўзи оғир иш, у ерда уят, тортиниш деган нарсалар бўлмайди. Бутун ижодий гуруҳ бир оилага айланиб қолганди. Машҳур актёр бўладими ё содда бир ёш ёруғлик устаси бўладими, ҳамма бир оила бўлади. Юлдуз касаллиги ҳеч кимда йўқ эди у ерда. Фильмда укамни ўйнаган Жалол Юсупов бу ўзи жудаям зўр одам. Жалол мендан 10 ёшча кичик бўлсаям, мандан ҳам қобилиятли актёр эди. У дарвоз Тошкенбоевларнинг авлодидан. У ҳозир машҳур актёр бўлди, ҳалигача борди-келдимиз бор у билан.

Қандай қилиб ВГИКка ўқишга киргансиз? Москвада ВГИКда ўқиётганинггизда, сизга қандай машхур совет устозлар таълим берган? (Герасимов. Макарова) ва сиз билан бирга ўзбекистонликлар ўқишганми? (Рано Кубаева?....) Дилорам Ибраҳимова, Лондон

Маликов: Ман 1981-86 йилларда ВГИКда ўқиганман. Мастерим, яъни устам Юрий Николаевич Озеров бўлганлар. У жуда ҳам машҳур режиссёр бўлган, рус тилида "Освобождение" деган жуда йирик фильм, эпопеяни суратга олган одам. "Сталинград учун жанг" деган фильми ҳам бор. У бутун дунёга донғи кетган режиссёр эди. У пайтда Голливудда компьютер графикаси деган нарсалар йўқ эди, ва Озеровнинг "Сталинград учун жанг" деган фильмини 150тача мамлакат сотиб олганди. Шу одамнинг қўлида таълим олганман ва дипломни ҳам шу кишидан олганман. Менинг группамда ўзбек режиссёрлардан ҳеч ким бўлмаган. Ман билан деярли бир пайтда катта бир актёр курси ўқиганди, улар 1979-йилда кирган ўзбеклар эди - улар орасида ҳозирда энг машҳурлари Джаник (Жаҳонгир) Файзиев ва Рано Кубаевалар бор эди, ҳозир иккови ҳам Россияда машҳур режиссёрлар бўлишган. Раҳматли Бахтиёр Зокиров, кейинчалик "Клиника" фильмимда бош ролни ўйнаган. Зокир Мўминов, Дилором Эгамбердиева, Шуҳрат Умаров, ҳозирда Болгарияда яшаётган Александра Азизбаева, умуман 15тача одам бор эди ман ўқиган даврда. Борди-келдимиз кучли эди.

Би-би-си: Режиссёр сифатида сиз ўзингиз қайси режиссёрлар фильмларини яхши кўрасиз?

Image caption "Фавн лабиринти"ни суратга олган Гильермо Дел Торо Рашид Маликовнинг энг яхши кўрган режиссёрларидан

Маликов: Жуда кўп режиссёрларни севиб томоша қиламан. Ҳозирги кунда икки режиссёр асарларини жуда севиб томоша қиламан, иккови ҳам испанзабон режиссёрлар. Бири - Гильермо Дель Торо, у "Фавн лабиринти" деган фильмни олган. Иккинчиси эса мексикалик режиссёр Алехандро Гонзалес Иньярриту. Шу одамларнинг фильмлари жуда ҳам ёқади.

Би-би-си: Сизнингча, ўзи режиссёрнинг жамиятдаги роли қандай бўлиши керак? Роли бўлиши керакми, ёки фақат яратувчанлик ва санъат билан шуғулланиши керакми у?

Маликов: Биласизми, режиссёрнинг жамиятда ўрни бўлиши ҳам мумкин, бўлмаслиги ҳам мумкин. Америкада улар жамиятда унча роль ўйнашмайди, чунки асосан тижорат билан шуғулланишади. Оврўпода бу бошқачароқ. Олдинлари совет режиссёрлари жамиятга аралашиб, ўз фикрларини билдиришарди. Лекин, ўйлашимча, режиссёр кўпроқ ўз касбига эътибор қаратса яхши бўлади. Чунки жамият арбоби бу бошқа бир касб, санъат арбоби эса бошқа бир касб.

Биринчи режисёрлик қилган филмингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Ўктам Ризаев, Хўжанд

Маликов: Биринчи фильмим "Клиника" деб аталади. Айтганимдек, ВГИКдан олдин ТошМИни битирганман. Шунинг учун, ҳам ота-онам шифокор бўлгани учун, шу шифокорларга бағишлаб фильм олганман. 1988 йилда Ўзбекфильм студиясида олгандим. Бахтиёр Зокиров, Рано Кубаева унда роль ўйнашган, бу фильмим учун совринлар олганман.

Агар жуда катта бюджетли фильм, айтайлик, Голливуд миқёсида фильм олиш имконияти туғилса, қандай жанрда фильм олган бўлардингиз ва қандай долзарб мавзуни илгари сурган бўлардингиз? Рашид Шадат, Лондон

Маликов: Катта бюджет бўлса, албатта тарихий фильм олган бўлардим. Голливуднинг махсус эффектлари ва графикасига, очиғини айтсам, йўқроқман. Лекин, манга катта бюджет беришса, албатта, Амир Темур ёки Улуғбек ҳақида тарихий фильм олган бўлардим.

Ёш режиссёрларга қандай маслаҳат берардингиз, айниқса хозирда, "хонтахта киноси" русум бўлган ижодий муҳитда? Яъни ҳақиқий филмлар яратишга имкон борми ҳозирда? Дилорам Иброҳимова, Лондон

Image caption Рашид Маликов бугунги ўзбек фильмларининг савияси ёшлар онгига ёмон таъсир қилаётганидан хавотирда

Маликов: Ҳозир бизда савияси паст фильмлар "хонтахта" деб аталадиган бўлган. Энди бир қизиқ томони бор, хонтахта фильмни олган режиссёр ҳам, уни томоша қилган томошабин ҳам бир-биридан мамнун бўлади. Хонтахтани оладиган режиссёрнинг мақсади битта, у ҳам бўлса пул ишлаш. Уларнинг фильмларини кўрадиган 16-20 ёшдаги ўсмир, йигит-қизлар жудаям кўп. Улар бир-бирини шундай қониқтиради. Лекин, аслида, бу жуда ачинарли нарса. Бу 20 йилдан бери давом этаётган йўналиш Ҳиндистонга қараб ривожланаяпти. Ҳиндистоннинг ўзида фильм саноати ривожланиб, бироз маданий савия сари кетаётган бўлса, бизники эски савияси паст ҳинд киноларига тақлид қилаяпти. Мен ҳинд актёр ва режиссёрларни ҳафа қилмоқчи эмасман, лекин, Ҳиндистоннинг 1 миллиардлик аудиториясида жуда кўп ўқимаган, камбағал одамлар бор. Улар бу кинони бир эртак кўргандек, наркотик эффекти остида бўлгандек кўришади. Ҳудди шу аҳвол Ўзбекистонда юзага келаяпти. Бой ва камбағал, қайнона ва келин, мана шундай мавзулар бўлаяпти. Ман учун бу фильмлар қизиқ эмас, лекин уларни кўрадиган одамлар жуда кўп. Бу ёшларга мажбурлаб "китоб ўқи" ёки "мана бу фильмни кўр" дейолмайсан. Бу уларнинг танлови.

Би-би-си: Танлов бўлгани яхши. Лекин, боя режиссёрнинг жамиятдаги роли мавзусини сиздан сўрагандим, сизнингча режиссёр бир масъулият ҳис қилиши керак эмасми? Ёшлар менталитетининг ривожланиши ёки тубанлашиб кетиши борасида? Фильм одамни нима ҳақидадир ўйлашга, ҳиссиётларга етаклаши керак эмасми? Масалан, Микеланжело Антониони, Аббос Киаростами, ёки сизнинг "Тоға" фильмингиз инсонни нималар ҳақиқадир ўйлашга ундайди. Агар фильм фақат тижорат йўлида ишлаб чиқилса, бу миллат менталитетига ёмон таъсир қилмай қолмаса керак, шундай эмасми?

Маликов: Таъсир қилса керак. Таъсир қилиб бўлаяпти, аллақачон. Буни ўйлайдиган одам йўқ. Мисол учун, ман ваколатим бўлса, тижорий фильмларни қатъиян ман этардим, чунки фақат пул ишлаш мақсади бўлса, хусусий новвойхона ёки такси ширкати очиш мумкин, лекин фильм билан хусусий бизнес юритиб бўлмайди. Чунки бу тарзда бизнинг ёш авлод эртакларга ишонадиган содда бир авлод бўлиб етишади. Лекин, ҳаёт аслида мураккаб нарса.

Яратиш учун қобилиятингиз бор экан нега ҳаётингизнинг 5-6 йилини тиббиёт институтида йуқотдингиз? Ачинмайсизми? Ҳуршида, Лондон

Image caption Режиссёр ўзининг дебют "Клиника" фильмини илк касби ва ота-онасига бағишлаб олган

Маликов: Йўқ, йўқ, мутлақо ачинмайман. Очиғини айтай сизга, агар беш йил тиббиёт институтида ўқимасам, унда икки йил армияга кетардим, ва ана ўшанда ҳаётимнинг икки йилини йўқотардим (Кулади). Беш йил ўқиётиб, биринчидан ман тиббиётни ўргандим, бу ҳаётимда ҳалигача фойдали бўлиб келаяпти, иккинчидан ўша пайтда театр студиясида ўқидим ва ансамблда қатнашдим. Тиббиёт институтида ўқиётган даврида бешта фильмда бош ролни ўйнаганман. Мана шунақа ғалати ўқиш бўлди, лекин ҳеч афсусланмайман.

Би-би-си: Бир неча мухлисларингиз оилангиз ҳақида гапириб беришингизни сўрашган.

Маликов: Икки фарзандим бор, бир қиз ва бир ўғил. Қизим 30 ёшга кирган, ўғлим 25га кирган. Улар санъат йўлини танлашмади. Қизим Камола - модельер, у ўзининг "Камола" деган брендига эга. Сиз мана менга Лондондан телефон қилаяпсиз, қизим ҳам Лондонда яшаб ижод қилади. Турмушга чиққан, уч ойлик неварам бор. Ўғлим ҳам Тошкентда ўқишни битириб, Лондонда тараққиёт фанлари бўйича магистратурани тамомлаган, у ҳам март ойидан бери Лондонда яшаб ўз соҳасида ишини давом эттираяпти. Биз, келинойингиз билан Москвада яшаймиз, лейин айнан ҳозир Тошкентдаман.

Би-би-си: Ўзбекистонлик режиссёр бўла туриб Москвада ишлаш қанчалар осон ё қийин сизга?

Маликов: Рақобат жуда ҳам катта. Миллатчилик йўқ, ижодий рақобат. Режиссёрлар жуда кўп, иш кам. Ҳар бир ишни тиш-тирноқ билан курашиб оласиз, шунинг учун жуда кўп фильм олганим йўқ. 2013 йилда машҳур рус актёр ва актрисалар билан "Аёллар куни" деган телевизион фильм олгандим, улар орасида Алика Смехова, Светлана Иванова, Елена Драпеко деган ажойиб актрисалар билан жудаям яхши фильм олгандим. Ўзимга жуда ёқади, 8-мартда кўрсатиб туришади. Ундан ташқари, кўп сценарийларда қатнашаман, рерайт, скрипт-докторинг деган нарсалар бор, яъни ёмон сценарийларни тўғрилаб бериш ва ҳоказо. Хуллас, ўз касбимда ишлаяпман.

Би-би-си: Мухлисларингизга тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Маликов: Аввало, савол берган мухлислардан ниҳоятда миннатдорман. Бу одамлар мани эслаб, қизиқишгани учун раҳмат дейман. Яхши саволлар бўлди. Бу савол берган мухлислар ҳаммаси юксак дидли, ҳақиқий кинони яхши кўрадиган одамлар бўлишса керак. Шу одамларга сиҳат-саломатлик тилайман, ва кинони севишда давом этишларини ният қилиб қоламан.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ