'Ўзбек ҳукумати четга чиққанлардан воз кечишга тайёр'

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek

Ўзбекистон фуқаросини унинг ўзидан бехабар фуқароликдан маҳрум этиш нақадар қонунга тўғри келади?

20 сентябр куни Ўзбекистон фуқароси Феруза Хуррамова ватанига киритилмади.

Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф "Бирдамлик" ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг турмуш ўртоғи Феруза Хуррамова 45 ёшга тўлиши арафасида паспортини алмаштириш ва бетоб онасини кўриш мақсадида Тошкентга борган, бироқ Тошкент аэропортидан ўтишга рухсат берилмаган.

Аэропорт ходимлари Феруза Хуррамованинг Ўзбекистон президенти фармонига биноан шу йил апрелида Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилгани ҳақида маълум қилганлар, бу ҳақдаги маълумот қўл билан фуқаролик паспортига ёзилган.

Сўнг Феруза Хуррамова ўғли билан бирга ўз ватанидан депортация қилинган.

Феруза Хуррамова беш йил давомида хориждаги Ўзбекистон консуллигида рўйхатдан ўтмагани учун фуқаролигини йўқотишга сабаб бўлгани маълум қилинган.

Хуррамованинг ўзи эса Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилганидан бехабар бўлган.

Қонунидан қонуности ҳужжатлари устун мамлакат

Тошкентлик мустақил ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов Ўзбекистон фуқаролиги, хорижга чиқиш билан боғлиқ мамлакатда амал қиладиган жуда кўп ҳужжатларнинг кенг жамоатчиликка ошкор этилмаслиги табиий ҳолга айланганини айтади.

Ўзбекистоннинг "Фуқаролик ҳақида"ги қонуни бир қараганда ўша халқаро стандартларга, инсон ҳуқуқларига мосдай туюлса ҳам амалда бу қонун ишламайди-да, бу қонуннинг ижросига бағишланган қонуности ҳужжатлари кўпроқ истеъмолда бўлади. Бу қонуности ҳужжатларининг мазмуни билан танишиб чиқишнинг ўзи амримаҳол. Бу қонуности ҳужжатлари эса мазмунан қонунга қарама-қарши ва фуқаронинг ҳуқуқларини бузадиган қилиб ёзилади", дейди Суҳроб Исмоилов.

"Ўша қонуности ҳужжатлар ва тартиблар билан оддий фуқаронинг танишиб чиқишнинг имконияти йўқлиги атайлабдан яратилаяпти. Буни агар давлат истаса анча енгил қилиб қўйиши мумкин эди.

"Масалан, қонуннинг ўзида айтилаяптики, фуқаро ва давлат ўзаро бир-бирига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларга асосланган муносабатлар қуришади. Фуқароликнинг асосий мазмуни шу. Давлатнинг ҳам фуқаролар олдида ўзининг мажбуриятлари бор, худди фуқаролар давлатнинг олдида мажбуриятлари борлиги каби. Лекин қонуности ҳужжатлари фуқароликдан чиқишни шундай қийин қилиб қўйганки, чет элда доимий яшашга ҳуқуқини қўлга киритган Ўзбекистон фуқароси оддийгина яшаб кета олмайди. Қонуности ҳужжатларида айтилаяптики, Ўзбекистоннинг мутасадди идораларидан рухсат олиш керак", дейди мустақил ҳуқуқшунос.

"Ношукур" фуқароларига Ўзбекистон давлатининг муносабати

"Ўзбекистондаги фуқароликни бошқарувчи қонуний механизмлар ҳамма жойда ҳам, ҳамма ҳолатларда ҳам бир хил эмас. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ёки консуллиги Россияда юрган фуқароликдан чиқмоқчи бўлганларга бир хил тушунтириш берса, Ўзбекистоннинг бошқа ердаги консуллиги ёки элчихонаси ўша ердаги фуқароликдан чиқишни ўйлаб юрган ёки фуқароликдан чиқмаса ҳам доимий яшашга қолмоқчи бўлган фуқароларимизга умуман бошқача маълумот беришади. Кўп ҳолатларда бу атайдан ариза ёзаётган, мурожаат қилаётган шахсни пора беришга ундаш мақсадида қилинади", дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистоннинг хориждаги консулликлари Ўзбекистон фуқароларини ўз ҳолларига ташлаб қўйганлари, бирор масалада мурожаат қилган вақтларида ўз ватандошлари "оғирини енгил қилмасликлари" ўзбекистонликлар учун сир бўлмай қолди.

Суҳроб Исмоилов фикрича, бу давлатнинг хорижга ўз оиласини боқиш учун чиққан меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабати инъикоси ҳамдир.

"Меҳнат муҳожирлигига кетаётган фуқаролар - ношукурлик қилаётган фуқаролар, ватанпарвар бўлмаган, мўмай даромад ортидан кетаётган фуқаролар деб талқин қилинаяпти", дейди у.

"Агар биз давлатнинг охирги икки йилда фуқаролик масаласида юритаётган сиёсатини олиб қарайдиган бўлсак, афтидан Ўзбекистонда муҳим бир қарорга келинди. Бу ҳукуматдаги юқори доиралардагиларнинг расмий қарори эмас, лекин қилинаётган ишлардан шуни сезиш мумкинки, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг ҳозирги кундаги сиёсатига керакмас деб ҳисоблайдиган фуқароларидан кечиб юборишга тайёр". Охирги амаллар шундан далолат берадики: "чиқиб кетганлар кетди, биз улардан воз кечиб юборишга тайёрмиз, қолганлар - Ўзбекистон ҳозир ўтаётган ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлардан ўтиб, шу ерда яшаб қолишга тайёр бўлганлар қолади", деган сиёсий қарор қабул қилиб бўлинди, менимча", дейди Суҳроб Исмоилов.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ