Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Исломий жиҳодчи учун ўз мамлакати масъул'

БМТда гапирган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон халқаро ҳамжамиятни исломий жангарилар йўлини тўсишда Туркияга етарли ёрдам бермаётганликда айблаган.

"Туркия, айниқса, Суриядаги фавқулодда вазият муносабати билан таҳдид ҳақида халқаро ҳамжамиятга қайта-қайта огоҳлантириш йўллаган. Халқаро ҳамжамиятнинг сустлиги оқибатида режимнинг Сурия аҳолисига қарши зўравон сиёсатига қарамасдан, "Ал-Қоида" Сурияда қайта тўпланишга ва режим дастагида "Ислом ва Шом Исломий Давлати" номи остида янада кўп куч йиғишга муваффақ бўлди", деган Президент Эрдўғон.

БМТ Хавфсизлик Кенгашида жаноб Эрдўғоннинг айтишича, таҳдид жангари ўз мамлакатини тарк этиш билан бошланади.

Ва бу мамлакатлар Туркия билан янада яхшироқ ҳамкорлик қилмоғи лозим.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон айтишича, жангарини тўхтатиш аввало у фуқароси бўлган мамлакатнинг масъулиятидир.

Туркия жиҳодни мақсад қилган хорижийлар Сурияга ўтадиган асосий ўтиш нуқталаридан бирига айланган.

Суриядаги жангларда қатнашаётган ўзбек жангариларининг сони кўплиги ҳам маълум бўлган.

Асли Ўзбекистон ёки Қирғизистондан чиқиб кетиб Туркияда бошпана олган ўзбек миллатига мансуб шахслар қўлларига қурол олганлари хабар қилинган.

Интернетда Тожикистон фуқаросининг паспортини ёқаётган шахсларнинг видеоси тарқалган, видеодаги шахслар Тожикистоннинг жорий ҳукуматини "куфр" давлати деб атаб, бу мамлакатга қайтишни истамаслигини айтганлар.

Қирғизистон расмийлари ҳам бу мамлакат фуқароларининг Суриядаги урушда қатнашиш учун кетаётганлари ҳақида хабар тарқатганлар.

Сурияда жанг қилаётган Қирғизистон фуқаролари орасида Россияга ишлаб пул топиш учун кетган инсонлар борлиги маълум бўлган.

Бугунги кунда сони бир неча миллионни ташкил этади деб кўриладиган Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари бўлган меҳнат муҳожирларини шу йил ватанларига қайтариш бошланган.

Туркияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Нарзулло Охунжонов айтишича, Ўзбек ҳукумати Россияга пул ишлаб топиш учун кетган ўз фуқароларининг жангарилар сафига қўшилишидан хавотирга тушган.

"Исломий ҳаракатларнинг ёки мана шундай жиҳодчиларнинг пайдо бўлишига ҳам бошидан ўша давлатлардаги вазият сабабчи", дейди Нарзулло Охунжонов.