Генерал Дўстум 'Толибон билан мулоқотга тайёр'

Қудратли ўзбек генерали бу ҳақда Афғонистон янги президентининг 1-муовини сифатида баён қилди.

Президент саройида сўзларкан, жаноб Дўстум Афғонистонни ҳозирги вазиятдан қутқариш лозимлигини таъкидлади.

Агар, Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани Аҳмадзай изн берса, бу ишга ҳозирнинг ўзидаёқ киришиши:

"Толибон билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишга шай" эканини айтди.

Генерал жанобларига кўра, Афғонистонда узоқ йиллик урушларга нуқта қўйишнинг вақти етган:

"Толиблар билан музокаралар олиб бориш керак. Агар, доктор соҳиб(Ашраф Ғани Аҳмадзай - Би-би-си изоҳи) менга ижозат берса, мен толиблар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бораман. Нима қиласиз? Кимни ўлдирмоқчисиз? Қарийб ўттиз йилдан бери уруш бўлади, икки миллионга яқин инсон ўлди. Лекин урушлар ҳануз тинмайди. Президентимизни ҳам танийсиз, Лўгардан, паштун. Сарвар Донишни ҳам танийсиз, ҳазоралардан, бир ҳуқуқбон. Генерал Дўстумни ҳам танийсиз, бир деҳқоннинг боласи. Ҳеч бири хориждан келган эмас", - деб айтган Абдулрашид Дўстум.

Афғонистон шимолида катта қудратга эга бўлган бу сиёсатчининг таъкидлашича, урушлардан ҳеч бир иш чиқмаган ва эндиги йўл фақат сулҳу мадора бўлиши керак.

Жаноб Дўстум, ўз ўрнида, бутун Афғонистон бўйлаб барқарорликни қарор топтириш учун жиддий чора-тадбирларга қўл уришини ҳам ваъда қилган.

Бу - Ўзбек генералининг Афғонистон янги президентининг 1-муовини сифатида баён қилган илк сўзлари бўлади.

Жаноб Дўстум ўз чиқишида Афғонистонда чуқур илдиз отган коррупция муаммосига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Агар, сўнгги йилларда Афғонистонда ўтказилган айрим сўров натижаларига таянилса, коррупция - Афғонистон халқи тўқнаш келиб турган энг асосий муаммо бўлади.

Янги вице-президент эса, Афғонистонда ушбу иллатга буткул барҳам бериш учун халқ вакиллари ва диний уламоларни янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга чақирган.

Ўз бошқарувлари даврида коррупция бўлмаслиги кераклиги, акс ҳолда бунинг уятли бир иш бўлажагини айтган.

Уламоларни ўз таъсирларидан фойдаланиб, ушбу муаммога қарши самарали курашда баҳамжиҳат бўлишга даъват қилган.

Дўстум ва сайловлар

Генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан чегарадош шимолидаги энг қудратли мухолиф сиёсатчилардан бири саналади.

Аммо ўзбек генерали бу галги сайловларда ўз номзодини президентликка илгари сурмасликка қарор қилганди.

Бунинг ўрнига, асосий номзодлардан бири сифатида кўрилган Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг 1-муовини сифатида иштирок этганди.

Жаноб Дўстум илк босқичи 5 апрел куни бўлиб ўтган сайловлар арафасида ғолиб чиққан тақдирларида, Афғонистонга тинчлик келтиришга кўзлари етишини баён қилганди.

Генерал жаноблари Би-би-си билан суҳбатида бу масалада иш фақат дипломатия билан битмаслиги ва қатъият ҳам лозим бўлишини таъкидлаганди.

У, "Президентнинг муовини бўлиш билан бирга, ўз полиция, қуролли кучларимиз ва бошқа генераллар билан ҳамкорликда, улар билан ўз тажрибаларимни ўртоқлашган ҳолда бунга муваффақ бўламиз", деган умидларни изҳор этганди.

Абдулрашид Дўстум айни ўша суҳбати чоғида ҳам коррупция муаммосини алоҳида тилга олиб ўтганди.

Дўстум ва Толибон

Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси ҳам саналган Абдулрашид Дўстум узоқ йиллар Толибонга қарши урушиб келган.

Генерал Дўстумнинг кучлари халқаро иттифоқ кучларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда ҳам муҳим ўрин тутган.

Бунинг ортидан, янги афғон ҳукуматидаги расмий амали у қадар баланд бўлмаса-да, аммо амалда таъсири жуда кучли бўлгани эътироф этиб келинган.

Ҳали 2012 йилда "Миллий Исломий Уйғониш" партияси раҳбарининг Толибон билан музокараларга рози бўлгани ҳақида хабарлар ўртага чиққанди.

Буни ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида унинг муовини ҳам тасдиқлаганди.

Аммо, орадан бир муддат ўтиб, жаноб Дўстум Толибон билан қудрат бўлишиш Афғонистонда яна фуқаролар урушини келтириб чиқариши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирганди.

Таъкидлаш жоиз, бугунга келиб толиблар Афғонистонда қайта фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Хорижий иттифоқ қўшинлари худди шу манзарада афғон можаросига бирор бир ечим топмай, ортга сафарбарликни бошлаб юборишган.

Ўтган 13 йил бадалида ҳаракат билан турли даражада тинчлик музокаралари олиб бориш уринишлари деярли самара бермаган.

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар афғон тупроғида хорижий аскар бўлар экан, мулоқотларга бормаслигини таъкидлаб келади.

Аммо яқинда Натонинг Афғонистон тақдирига бағишланган Уэльс саммити арафасида ҳаракат хос баёнот билан чиқиб, сулҳу мадора истагида эканига ишора қилганди.

Ўзбекистон эса, хорижий қўшинларнинг оммавий сафарбарлиги ортидан, Афғонистон яна фуқаролар уруши гидобига ботиши, экстремистик гуруҳлар ва бангивор моддалар уясига айланишидан хавотирда.

Ўзбек генералнинг сўнгги сўзлари Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг ўзбек миллати намояндалари билан Кобулдаги учрашуви чоғида янграган:

Кобулдаги йиғинда Афғонистоннинг шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларидан ўзбек зиёлилари, мутахассислар, юқори мартабали давлат арбоблари ва миллат вакиллари иштирок этишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Жаноб Аҳмадзай йиғин чоғида сайловлар чоғида кўрсатган дастаклари учун уларга ўз миннатдорчилигини изҳор қилган, соф ўзбек тилидаги қилган кириш сўзида уларни "ғалаба" билан қутлаган.

Ўз сайловолди амалиётлари чоғида Афғонистон ўзбеклари ва туркманларига берган ваъдаларини тўлиқ бажаришини айтган:

Ўзбек ва туркман тилларининг ривожига эътибор қаратиши, қатор шимолий вилоятларни обод қилиш, янги сув тўғонлари қуриб, аҳолини сув тошқинларидан ҳимоя этишига кўзи етишини таъкидлаган.

Йиғин иштирокчиларига хавфсизликни тўла таъминлаш ва янги сармоялар жалб этиш йўлида ҳам жиддий ҳаракатлар қилишга сўз берган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ашраф Ғани Аҳмадзай келаси ҳафта душанба куни расман қўшни Афғонистоннинг янги президенти этиб қасамёдга келтирилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ