Ҳайит намозини янги “Минор” масжидида ўқиш режалаштирилмоқда

Тошкентдаги anhor.uz веб-сайти хабар қилишича, Анҳор соҳилидаги “Минор” маҳалласида айни шу номда қурилиши бошланган янги жомеъ масжиди қурувчилари ўз ишларини 4 октябргача тугаллашни режаламоқдалар.

Президент Ислом Каримов 4 октябрни Ўзбекистонда Қурбон Ҳайити байрами ва дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида қарор имзолаган.

“Минор” масжидини барпо этиш ҳақида ҳам Президент Ислом Каримов 2013 йил июлида қарор имзолаган ва кўп ўтмай қурилиш бошланган эди.

Тошкентнинг янги жомеъ масжиди 2400 намозхонга мўлжаллангани хабар қилинган.

Ўшанда масжидни 2014 йилнинг ноябр ойида фойдаланишга топшириш мўлжаллангани айтилган.

Масжид давлат бюджети ва Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси томонидан молияланган.

Айрим оммавий ахборот воситаларида Россия ва Британиянинг энг бой одамларидан бири бўлган Алишер Усмонов Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Минор" қабристони ёнида бунёд этилаётган айни номдаги масжидни молиялаётгани борасида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган, шу йилнинг июн ойида жаноб Усмонов масжид қурилишига алоқаси йўқлигини айтиб чиққан.

Айни пайтда Алишер Усмонов ўзига шундай мурожаат билан чиқишса, "бу каби йирик ва муҳим" лойиҳага ҳисса қўшишга тайёрлиги ҳақида Ўзбекистондаги Uzmetronom веб-сайти хабар қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ