‘Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ‘Исломий Давлат’ни дастаклайди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Агар, hilofatnews.com веб саҳифасига таянилса, бундай баёнот билан ҳаракат раҳбари Мужоҳид Усмон Ғозий чиққан.

Баёнотнинг ўзи эса, “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати томонидан Исломий Давлат учун қўллаб-қувватлаш ва насиҳатномаси”, - дея номланган.

Унда Мужоҳид Усмон Ғозий, “барча ҳаракат аъзолари номидан ўзларининг Исломий Халифат билан бир сафда эканини эълон қилади”.

Бунинг сабабини эса, “Ислом ва куфр ўртасида давом этиб келаётган бу мужодалада ўзларининг иймоний мажбуриятлари экани” билан изоҳлайди.

Худди шу ўринда, Мужоҳид Усмон Ғозийнинг баён қилишича, “ушбу ёш Исломий Давлатни қўллаб-қувватлашни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг иймоний бурчи ва вазифаси”, - деб билади.

Ҳаракат раҳбарининг алоҳида таъкидлашича, бу борада ҳеч кимнинг маломатига парво қилишмайди.

Агар, янги баёнот мазмунига таянилса, Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасида олиб бораётган йирик ҳарбий амалиётлари Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларини оғир аҳволда қолдирган.

Ҳаракат раҳбари Мужоҳид Усмон Ғозий ўз баёнотида, “Вазиристон дунёдан узиб қўйилгани, кўплаб мужоҳидлар жанг қилишдан бош тортиб, минтақани бўшатиб қўйишгани ва жангнинг бошида турган жамоатлари ҳам ҳамма томондан қамалга олингани” ҳақида маълум қилади.

Ўз навбатида, “Шу каби оғир бир вазиятда турган пайтларида Ироқ ва Шом ерларида Исломий Халифалик эълон қилинганига оид хабар барчаларини хурсанд ва хушнуд қилганини” айтади.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Вазиристон минтақасидан шу пайтгача имконли бўлган хабарлардан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сўнгги ҳарбий амалиётлардан қанчалик жиддий зиён кўргани номаълум қолаётганди.

Шу йил июн ойида бошланган кенг кўламли ҳарбий амалиётларнинг ўзи эса, асосан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларига қаратилганди.

Ҳаракат раҳбарларининг ҳам амалиётлар сабаб, Шимолий Вазиристондан Жанубий Вазиристонга ёки Афғонистонга қочиб ўтишгани тахмин қилинаётганди.

Лекин, шунда ҳам, уларнинг бугунги аниқ манзиллари борасида ишончли маълумотлар йўқ эди.

Агар, текширувларга таянилса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Мужоҳид Усмон Ғозий номидан баёнот чоп этилган hilofatnews.com веб саҳифаси 2013 йилда Туркияда очилиб, Нью-Йоркда қайддан ўтган.

Янги иттифоқчи?...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Мужоҳид Усмон Ғозийнинг баёноти тафсилотларидан аён бўлишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 1997 йилда Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умарга байъат берган.

Аммо, ҳаракатнинг баёноти 26 сентябрда чоп этилган бўлса, орадан тўрт кун ўтиб ҳам, бунга Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбариятининг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, на Покистон Толибон ҳаракати ва на Афғонистон Толибон ҳаракати шу пайтгача “Исломий Давлат” гуруҳини дастаклаш ёки улар тузган Исломий Халифаликка кириш-кирмаслик хусусида бирор бир расмий баёнот билан чиқишган.

Аммо яқинда Афғонистон Толибон Ҳаракати Суриядаги жиҳодий гуруҳларга хос тавсиялари битилган баёнотини эълон қилганди.

Ҳаракат ўз баёнотида уларнинг ўта мутаассиб қарашлари билан якдил эмаслигини баён қилган, барчаларини бир ёқадан бош чиқариш ва ягона шўро тузишга ундаганди.

Таҳлилчиларнинг эътиборини тортган жиҳати эса, ҳаракат ўз баёнотида "Исломий Давлат" ташкил этган халифаликни бирор ерда бўлсин, тилга олмагани бўлганди.

Толибларнинг ўзлари эса, 90-йиллар бошларида Афғонистонда Исломий Амирлик ташкил этишганди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, ўз ўрнида, “Ал-Қоида” ва Покистондаги “Ҳаққоний” жангари гуруҳининг ҳам иттифоқчиси саналади.

Ҳаракат аъзолари АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Толибон тузуми қулатилган 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Афғонистонни ташлаб, қўшни Покистонга қочиб ўтишган.

Сўнгги йилларда эса, Афғонистоннинг Марказий Осиёга яқин қатор шимолий вилоятларида қайта фаоллашишга ҳам муваффақ бўлишгани кузатилади.

Покистон Қуролли кучларининг сўнгги ҳарбий амалиётларига қадар, ҳаракат аъзоларининг сўнгги сони бир неча юз экани тахмин этилганди.

Уларнинг Марказий Осиё чегараларига яқинлашишга ҳаракат қилишаётгани ва шу мақсадда минтақадан янги жангарилар ёллашга уринаётгани ҳақида ҳам хабарлар чиққанди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг асосчиси Тоҳир Йўлдош 2009 йилда америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилган.

2012 йилда эса, унинг ўрнига тайинланган куёви Усмон Одил ҳам худди шу тарзда ҳалок этилганди.

Ўшандан буён Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига Усмон Ғозий исмли шахс раҳбарлик қилаётгани айтилганди.

Бу – нимани англатади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сўнгги янгиликка ўз баҳосини бераркан, Франциядан минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бундай баёнот билан чиқиши табиий бир ҳол эканини айтади.

“Уларни бирлаштириб турувчи позиция бу – мафкура: Бир томондан исломий давлат қуриш, иккинчи тарафдан, Ғарбга қарама-қарши туриш, яъни Исломни қаршилик мафкураси сифатида талқин қилиш”, - дейди таҳлилчи.

“Бутун дунё глобаллашувга юз тутган пайтда, мана шу интеграция ва цивилизацион алоҳидаликка мойиллик борган сари кучайиб боради. Лекин исломий давлатлар ва мусулмон жамиятлари ҳозир буни каналлаштиришдан узоқда”.

Таҳлилчининг наздида, сўнгги баёноти ортидан, бу икки гуруҳ ўртасидаги ҳамкорлик кучайиши мумкин.

У бунинг сабабини “Исломий Давлат” гуруҳининг иқтисодий жиҳатдан қанчалик қудратли, бой экани билан изоҳлайди.

Яқинда айрим Ғарб нашрларида “Исломий Давлат” гуруҳининг бугунги кунда “дунёдаги энг бой террорчи ташкилот” эканига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

“Исломий Давлат” жангариларининг асосий даромад манбаи нефт контрабандаси ва гуруҳ назорат қилаётган ҳудудда яшайдиган миллионлаб аҳолидан йиғиб олинаётган солиқлар экани қайд этилганди.

“Ўзбекистон Исломий Ҳаракати кейинги йилларда чуқур инсоний ва молиявий инқирозни бошидан кечираяпти. Агар, улар ўртасидаги ҳамкорлик борган сари кучайиб борадиган бўлса, бу - балким, ҳаракатнинг молиявий, иқтисодий жиҳатдан оёққа туришига, тикланишига ёрдам бериши мумкин”, - дейди таҳлилчи.

Ўзбекистон...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳаракатнинг сўнгги баёноти Ўзбекистон давлат сиёсатида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлмайди: “Фаол мусулмонлар ва диний ташкилотларни қаттиқ назорат қилиш сиёсати шу тариқа давом этаверади”.

Аммо, ўз ўрнида, таҳлилчи “Ўзбекистон назарий жиҳатдан ҳар доим ана шундай ҳолатлардан қўрқиб келгани ва уларни ўзини легитимлаштириш учун, дунё ҳамжамияти, айниқса, Ғарбдан ёрдам олиш учун ишлатиб келганини” ҳам таъкидлайди.

Айрим ғарблик кузатувчиларга кўра эса, ҳаракатнинг “Исломий Давлат” гуруҳини дастаклашга оид сўнгги баёноти Ўзбек ҳукумати учун ўзининг қаттиққўл сиёсатини оқлашга қўл келувчи яна бир омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ўз ўрнида, Франциядан таҳлилчи суҳбатдошимизнинг айтишича, жўғрофий нуқтаи-назардан келиб чиқиб айтилганда, буларнинг барчаси Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таҳдид эмас.

“Айнан бугунги кунда Ироқдаги вазият Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хавф сололмайди. Афғонистонда эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати бугунги кунда толиблар билан биргаликда вазиятни кучли чайқаш ёки ҳокимиятга келиш ҳолатида эмас”, - деяркан, таҳлилчи, “Келажакда вазият қандай бўлишини айтиш қийин”, - эканини ҳам эътироф этади.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, глобал жиҳодчиларнинг глобал жабҳаси сифатида Ироқ намоён бўлаётгани факторига эътибор қаратади.

“Ана шу жабҳа иккига бўлинмаслиги, кучлар, ресурслар иккига бўлинмаслиги учун, аксинча, Афғонистондаги жиҳодчилар ҳам, исломчилар ҳам, жумладан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Ироққа ва Сурияга кетиши эҳтимоли, менинг назаримда, юқори”, - дейди у.

"Исломий Давлат"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америка Жосуслик Хизматининг янги ҳисоб-китобларига таянилса, бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ Ироқ ва Сурияда жаъми 31.000 жангарисига эга.

Бу эса, аввал хаёл қилинганидан уч баробарига кўп деганидир.

Янги рақамлар Америка Жосуслик Хизматининг ўтган тўрт ой ичида қўлга киритган маълумотларига асосланади.

"Исломий Давлат" ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги катта ҳудудларни босиб олган.

Яқинда ўз назорати остидаги минтақаларда исломий халифат эълон қилган.

Қатор ғарблик журналист ва ёрдам ходимларини асирга олган.

АҚШ ҳаво ҳужумларига жавобан, икки америкалик журналист ва бир британиялик ёрдам ходимининг бошини танасидан жудо қилган.

Ироқдаги сунний бўлмаган мусулмонлар ва бошқа дин вакилларини қатағон қилишни бошлаган.

Буларнинг барчаси ортидан, куни-кеча АҚШ ўзи бошчилигида коалиция тузиб, гуруҳга қарши ҳаво ҳужумлари кўламини янада кенгайтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ