Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бугун Ўзбекистон қариялар учун қанчалар яхши мамлакат?

HelpAge International ташкилоти 2050 йилга келиб Ўзбекистондаги қариялар сони 19,4 фоизга ошишини башорат қилмоқда.

Ташкилот ҳисоботига кўра, уларнинг сони 2030 йилга бориб 11,6 фоизга ошар экан. Ўртача умр мамлакатдаги турмуш фаровонлигини акс эттирувчи кўринишлардан бири экани ҳисобга олинса, кексалар сони ортаётгани ижобий ҳолат деб баҳолаш мумкинми?

Тошкентдан инсон ҳуқуқлари фаоли ва нафақахўр Сурат Икромовга кўра, сўнгги башоратлар тўғри бўлган тақдирда ҳам бошқа мамлакатлар билан солиштирганда бу рақамларни жуда катта деб бўлмайди.

"Энди бу ҳисоб-китоблар Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий шароитлар яхшиланиши эҳтимолларидан келиб чиқиб айтилаётган бўлиши мумкин. Аммо, таққосланадиган бўлса, масалан, Япония, Америкада, дейлик, у ерларда ўртача умр кўриш муддати анча узоқ. 80-90 ёшдан бемалол гапирилади", дейди у.

Сўнгги йиллар эълон қилинган расмий статистикага кўра, эркакларнинг ўртача умр кўриши 70 ёшдан, аёлларнинг ўртача умри эса, 75 ёшдан ошган.

Ҳозир кексалар Ўзбекистон аҳолисининг 6,7 фоизини ташкил қилиши, бу эса, МДҲ давлатлари орасида энг паст кўрсаткич дея баҳоланади. Бугун Россияда нафақа тизими аҳолининг 28 фоизига, Беларусда 26 фоиз, Украинада 29 фоизига хизмат кўрсатар экан.

Тошкентдан Сурат Икромовнинг айтишича, ҳозир ўзбекистондаги қариялар учун имтиёзлар ҳаминқадар.

"Мана мен нафақадаги иккинчи гуруҳ ногирониман. Шунинг учун, ҳар икки йилда бир марта 15 кунга текин дам олиб келишим учун йўлланма берилади. Ҳали бу имкониятдан фойдаланганим йўқ, аммо шу ой кутяпман. Аммо, бундай имтиёз ҳамма учун эмас", дейди у.

Фаолга кўра, бугун ўзбекистонлик қариялар учун асосий муаммо нафақанинг ўта камлигидир.

Унинг айтишича, бугун Ўзбекистонда қариялар учун бериладиган нафақа уларнинг дори-дармонига ҳам етиб-етмай қолади.

"Масалан, яхши дори-дармонлар хориждан келтирилади. Олиб келиш харажатлари билан уларнинг нархи икки бараварга чиқиб кетади. Бу дегани дори-дармоннинг ўзи нафақахўр оладиган пулдан 5-10 баравар қиммат. Масалан, менинг нафақам ўртача 500 минг сўм, бу тахминан 200 Америка долларидир. Албатта, бу жиддий касаллиги бўлган одамнинг даволанишига етмайди. Энди ёши 60дан ўтган инсоннинг ҳар қайсисида соғлиғи билан боғлиқ қандайдир муаммоси бўлади", дейди Сурат Икромов.

Сиз Ўзбекистондаги қариялар ижтимоий-иқтисодий турмушини қандай баҳолаган бўлар эдингиз? Кексалик даврини ўтказиш учун зарур қулайликлар яратилганми?

Ғарбда аҳолининг қариши билан боғлиқ қатор муаммолар келиб чиққан ва ҳукуматлар бу муаммоларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқишга уринишади. Масалан, ёлғиз қолган қарияларга ғамхўрлик, тиббий хизмат кўрсатиш, қариялар уйлари билан боғлиқ муаммолар....

Кексалар сони ортиши башорат қилинар экан, Ўзбекистонда ҳам Ғарбникига ўхшаш муаммолар келиб чиқиши мумкинми?

Фикру мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02