Ўзбекистондаги ҳибслар сиёсий курашми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистондаги баъзи нашрлар Давлат Божхона Қўмитасининг юқори лавозимли ходимлари қўлга олинганлигини хабар қилганлар.

Подробно.уз вебсаҳифасининг Божхона Хизматидаги манбага таяниб хабар беришича, қўлга олинганлар орасида бўлган бошқарма раҳбари ва унинг ўринбосарлари, шунингдек Қозоғистон билан чегарадаги "Ғишткўприк" ва Тожикистон билан чегардаги "Ойбек" комплекслари раҳбарлари устидан ҳозирда текширув жараёни кетмоқда.

Уларга нисбатан асосан порахўрлик билан боғлиқ айбловлар қўйилганлиги айтилган.

Бу йил мобайнида бу Ўзбекистондаги Хавфсизлик ва Божхона хизмати ходимларининг қўлга олиниши ҳақидаги илк хабар эмас.

Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллиснинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, жорий йил мобайнида Ўзбекистондаги қатор таниқли ва юқори лавозимли шахслар устидан кетаётган жиноий текширув жараёнлари аслида сиёсий доиралардаги тортишувлардан далолат бериши мумкин.

Жоанна Лиллис: Бизга шу вақтгача маълум бўлгани шуки, Тошкент вилоят божхона хизматидан беш нафар юқори лавозимли ходим қўлга олинган. Шуни таъкидлаш жоизки, бу хабарни Божхона Хизмати ёки Прокуратура расмийлари тасдиқламаганлар. Лекин ҳибсга олишлар ҳақида хабарлар Ўзбекистон матбуотида кенг ёритилганлигидан тахмин қилишимиз мумкинки, бу расмийларнинг рухсати билан рўй бермоқда. Айтиб ўтганимидек, сўз бу ерда юқори лавозимли ходимлар, жумладан улар орасида бўлган Тошкент вилояти Божхона хизматининг раҳбари, унинг ўринбосарлари, шунингдек Қозоғистон ва Тожикистон билан чеграра-назорат нуқтаси раҳбарлари ҳақида кетмоқда.

Би-би-си: Буниси Ўзбекистонда шу йил мобайнида Божхона Хизмати ёки Хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳибсга олинишлари ҳақида хабар берилаётган дастлабки ҳолат эмас, шундайми?

Жоанна Лиллис: Худди шундай. Шу йил ёз ойларида ҳам Божхона Хизматининг икки нафар юқори лавозимли ходими ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди. Уларнинг мамлакатлараро чегарадаги кўп миллион долларлик ноқонуний молларни ўтказиш бизнесида айбланаётганликлари айтилди. Бу ҳолатни ҳам расмийлар тўғридан-тўғри тасдиқлашмаган. Лекин, ўзбек матбуотидаги атиги бир неча ой давомида берилаётган хабарлар Божхона Хизматида коррупцияга қарши қандайдир йирик амалиётлар олиб борилаётганидан далолат беради. Бироқ, сиёсий жиҳатлари ҳам бўлиши мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистонда президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унинг ҳамкорлари устидан ҳам текширув жараёни кетаётгани, баъзилари аллақачон қамоқ жазосига ҳукм қилинганлари ҳам хабар қилинган. Мазкур икки жараён ўртасида бирон боғлиқлик бор, деб ўйлайсизми?

Жоанна Лиллис: Ҳозиргача бизда бу икки жараён ўртасида боғлиқлик борлиги ҳақида ҳеч қандай белги йўқ. Лекин, бир жиҳати эътиборли, у ҳам бўлса, бу каби таниқли ва юқори лавозимли шахслар устидан олиб борилаётган шов-шувли жиноий текширувлар ҳақидаги хабарлар маълумот ва матбуот қаттиқ назорат остида бўлган Ўзбекистонда жуда кам пайдо бўлади. Охирги йилларда қисқа муддат мобайнида бу каби кўп сонли текширув жараёнлари бошланганига биз гувоҳ бўлмагандик. Лекин, бир нарсани тахмин қилишимиз мумкин: мамлакат ичкарисида охирги бир неча йил мобайнида Гулнора Каримовани ўз ичига олган қандайдир ички курашлар давом этиб келган ва бу ички курашга Хавфсизлик ва бошқа хизматлар ҳам қайсидир даражада аралашган бўлган бўлишлари мумкин.

Би-би-си: Ички курашларни тилга олдингиз, Ўзбекистондаги сиёсий муҳитнинг ўта ёпиқлиги назарда тутилса, бу каби хабар ва ҳодисалар ортидаги айтилмайдиган сабабларга ва коса тагидаги нимкосага эътибор бериш лозимлиги айтилади. Сиз бу ҳодисаларни қандай талқин қилган бўлардингиз? Президентлик сайловларининг яқинлиги аҳамият касб этадими?

Жоанна Лиллис: Матбуотда бу каби жиноий ишлар ҳақида хабарлар чиққани ўзиёқ таъсир доиралар учун ашаддий кураш кетаётганлигидан далолат беради. Омма эътиборига бу нарсаларнинг олиб чиқилаётганлиги маълум бир мақсадлар кўзланганидан, албатта. Масалан, Гулнора Каримова жиноий уюшган гуруҳ таркибида бўлгани ҳақидаги расмий хабар унинг таъсирини чеклаш уриниши бўлиши мумкин. Бундай ҳодисага Ўзбекистонда аввал гувоҳ бўлмагандик, бу бир маънода мисли кўрилмаган ҳолат. Президентлик сайловлари муддати яқинлашаётгани эса, бу сайловлардан олдин "кўрпани ўз томонига тортиш" уринишлари ҳам кучаяётганлигидан далолат бериши мумкин. Бу каби сиёсий жиҳатдан муҳим босқичда ўз одамларини қудрат доираларига итариб киргизиш ҳаракатлари кетаётганлиги эҳтимоли бор, албатта.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer