МХХ ароғи кимлар учун?

Фото муаллифлик ҳуқуқи social networks
Image caption Сурат ижтимоий тармоқлардан олинган

Ўзбекистонда Миллий хавфсизлик хизмати ташкил топган сана муносабати билан махсус ароқ ишлаб чиқарилган.

"Тошкентвино" комбинати томонидан тилларанг шишада ишлаб чиқарилган махсус ароқ эркин сотувга қўйилмагани айтилмоқда.

Ароқ расмининг ижтимоий тармоқларга қўйилиши ортидан турли изоҳларга сабаб бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячилари давлат ғазнасидан таъминланувчи ушбу сирли ташкилотнинг бундай ароққа буюртма бериш ҳуқуқини савол остига олмоқда.

"Праздничная" дея номланган ва тилла қоғозга ўралган ароқнинг бир томонига рус тилида "Ўзбекистон Республикаси МХХ ташкил топган кун билан" дея ёзилган ва Ўзбекистон герби мавжуд МХХ рамзи туширилган.

Ароқнинг қуввати 40 фоизлиги ҳамда "Махсус ароқ" эканлиги ёзиб қўйилган.

"Тошкентвино" комбинати ходимлари айнан МХХ ташкил топган кунга бағишлаб ароқ чиқарилганини тасдиқ ҳам этишмади, инкор ҳам қилишмади. Бироқ сотув учун эмас, бирор ҳодисага бағишлаб маҳсулот чиқариши мумкинлигини билдиришди.

"Бизда сотув учун эмас, балки бирор ҳодисага бағишлаб чиқарилган маҳсулотларимиз бор. Шунақаси бўлиб туради", - дейди комбинат масъулларидан бири.

Миллий хавфсизлик хизматига телефон қилиб ушбу масалага ойдинлик киритишнинг имкони бўлмади.

"Бўлай десанг мустақил, СНБ билан юзта қил!"

Ижтимоий тармоқларда ароқ муҳокамаси енгил мутойибаларга сабаб бўлган. Кимдир бу ароқдан 100 грамм ичганлар бор гапни тўкиб соларкан, деса, яна кимдир уни албатта ичиб кўриш кераклигини ёзган.

Ароқ брэнди учун ҳазил шиорлар ҳам ёзилган.

"Бўлай десанг мустақил, СНБ билан юзта қил!", "МХХ жасоратини татиб кўр!" каби шиорлар таклиф қилинган.

Тошкентдан ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов Ўзбекистонда бирор ташкилот ароқ ишлаб чиқарувчи комбинатларга махсус маҳсулот чиқариш учун буюртма бериш имкони борлигини айтади.

"МХХ ўзининг буюртмасини бериб ҳеч қаерга тарқатмасдан, ўзи сотиб оладиган буюртма бериши мумкин. Бозор иқтисодида ароқ вино чиқарадиган заводлар хусусийлаштирилган. Шунинг учун, у ерга вазирлик ёки экспорт билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар буюртма бериши мумкин", - дейди Суърат Икромов.

Сурат Икромовнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда сифатсиз ароқдан заҳарланишнинг бир иккита ҳолатлари рўй берган. Хавфсизлик хизмати эса ходимларини мана шундай сифатсиз ичимликдан ҳимоя қилиш мақсадидиа ҳам махсус ароқ буюртма қилган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда ароқларнинг нархи сифатига қараб энг қиммати 30 минг сўм, ёки 10 доллар атрофида эканлиги айтилади.

Махсус чиқартирилган ароқлар эса 50 минг сўм ёки 16 доллар атрофида бўлиши мумкин.

Турли қийноқлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга босимлар туфайли Ўзбекистон МХХнинг шаънига илиқ гаплар айтилмайди. Ҳуқуқ ҳимоячилари давлат бюджетидан маблағ олувчи ушбу ташкилотнинг ўзига махсус ароқлар буюртма бериши ташкилот обрўсини янада тушириши мумкинлигини айтишади.

Ҳуқуқбон Сурат Икромов бундай ҳолатларнинг келиб чиқишига МХХ ҳақида қонун йўқлигини сабаб қилиб келтиради.

"Шу пайтгача, МХХ ва ИИВ тўғрисида қонунинг ўзи йўқ. Қонун бўлмаганидан кейин, ҳеч қандай юридик органлар, Бош прокуратураҳеч нарса қилолмайди. Менимча, улар шу нарсадан фойдаланса керак. Бу ароқ қиммат бўлиши мумкин. Лекин, улар қимматроққа олиб, ўзларининг ходимларига арзанроқ қилиб берса керак".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02