"Ҳайит қиласизми ё пахта териш керакми?" Сизнинг фикрларингиз

Фейсбукдаги ижтимоий минбаримизда бу ҳафта биз саҳифамиз ўқувчиларидан "Ҳайит қиласизми ё пахта териш керакми?" деган саволни сўрадик. Маълумки, дунё мусулмонлари ўтган ҳафта Қурбон Ҳайитини нишонлаётган вақтда Ўзбекистонда юз минглаб одамлар пахта теришга мажбурланди.

Ҳайит байрами муносабати билан Ўзбекистонда дам олиш куни эълон қилинганига қарамай, биз телефон орқали боғланган суҳбатдошларимиз, хусусан коллеж ўқитувчилари, ўзлари, ҳамда коллеж талабалари пахта тераётганларини тасдиқлашди.

Одатда, мусумлонлар уч кун ҳайитни нишонлайдилар. Арафани ҳам қўшиб ҳисоблаганда, тўрт кунлик байрам саналади. Бироқ, Ўзбекистон пахта мавсумини бу четлаб ўтди.

Диний бу байрамнинг мусулмонлар амал қилиши керак бўлган ўз талаблари бор. Бироқ, пахта даласида уларни бажариш имконли бўлмаслиги мумкин.

Мазкур мавзуга қатор муштарийларимиз ўз муносабатларини билдиришди, аммо айтиш жоизки, пахтага чиқиш ё чиқмаслик танлови кўплаб Ўзбекистонда яшаётган муштарийларимизда ватанпарварлик хисси билан чамбарчас боғлиқ. Яъни, кўпларининг наздида, пахта теримига бош қўшмаслик бу ватан фаровонлиги йўлида амал қилмасликка тенг кўрилади.

Хусусан, Дилшод Турғунов қуйидагича муносабат билдирган:

"Ҳурматли Би-би-си ходимлари, биз Ўзбекистон фуқаролари ўзлигимизни, қадриятларимизни яхши биламиз, худога шукур. Барча қилинаётган ишлар Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши учун, шундай экан бу эзгу ишларни Оллоҳ қўллаб-қувватлайди!"

Гуласал Саттарованинг ёзганлари ҳам шунга ўхшаш:

"Шу Ватанда ризқимизни топиб яшаяпмиз, бойлигимизни йиғиб-териб олишга ёрдам берсак, бунинг нимаси ёмон? Хитойда инқироз бўлганда, одамлар уйидаги олтин тақинчоқларини давлатга топширишган экан. Бизники ҳашар-ку. Ношукур бўлиш мусулмонларга хос эмас. Ҳурматли Би-Би-Си! Манимча, сиз халқнинг онгини захарламоқчисиз! Ундан кўра чиройли байрам табриги бўлса ҳамманинг кайфиятини кўтарармидингиз".

Бобур Жонибеков: "Ит ҳуради, карвон ўтади. Ҳеч бир давлат байрамни юртимиздагидек ажойиб ўтказа олмайди", - деб шарҳ қолдирган.

Нормуҳаммад Ирматовга кўра эса, пахта қийинчиликлари даврида ҳам Ислом талабларини бажариш мумкин. Унинг шарҳи қуйидагича:

"Мен 10та талабани билардим. Пахта мавсумида ёнма-ён пахта терардик. Очиғи иродасига қойил қолганман. Беш вақт намоз ўқирди, тушликкача нормани бажариб, пешинни шийпонда ўқирди. Савол: Кимнинг ундан нимаси кам ё ортиқ?"

Асия ал-Астани исмли муштарий эса Би-би-си кўтарган мавзу асосли эканини айтган. У шундай ёзади:

"Би-би-си, жуда ўринли савол қўйибсиз. Албатта, ҳамма одам қанақа байрам бўлса ҳам, оила аъзолари билан нишонлаши керак ва буни хоҳлайди. Аммо..., ўзбек миллати роса ювошсизлар-да, дин тарафидан бу яхши ҳосиятдир, лекин инсон ҳуқуқи биринчи ўринда бўлиши керак."

Дилноза Иноғамова ҳам Би-би-си мавзусини қўллаб-қувватлаб, қуйидагини ёзиб қолдирган:

"Бизнинг касалхонада 20 кунга пахтага олиб кетишларидан ташқари ҳар шанба ва якшанба кунлари кунлик пахта теримга олиб кетишади. Бугун мени чақиртиришиб ҳайитнинг биринчи куни кунлик пахтага борасиз деб эълон қилишди. Президентимиз бу кунни дам олиш куни деб эълон қилиши пахта теримига таъсир қилмаганига ҳайронман".

Your contact details
Disclaimer