Янги иш бошлаётган МТС раҳбари номи эълон қилинди

Ўзбекистондаги Интернет нашрлари хабар қилишларича, 1 декабрда фаолияти бошланиши кутилаётган МТС мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги бўлими раҳбари этиб Дмитрий Нагорний тайинланган.

Бунгача Дмитрий Нагорний МТСнинг Россиядаги Олтой ўлкаси филиали директори лавозимида ишлаган.

"Ўздунробита" нафақат Ўзбекистон, балки бутун собиқ Шўролар иттифоқи ҳудудидаги илк мобил алоқа ширкати бўлган.

1991 йилда ўзбекистонлик олим ва тадбиркор Санжар Умаров АҚШ-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси - "Ўздунробита"га асос солган.

1996 йилгача "Ўздунробита" Ўзбекистон алоқа бозоридаги ягона ўйинчи эди.

2006 йилдан "Ўздунробита" МТС бренди остида фаолият юрита бошлаган.

2012 йил баҳорида "МТС Ўзбекистон" ширкатининг раҳбари Беҳзод Аҳмедов мамлакатдан қочгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Беҳзод Аҳмедов компаниянинг молиявий хўжалик фаолиятини текширишдаги жиддий қонунбузарликлар аниқланиши ортидан ғойиб бўлгани айтилган.

Швецияда Teliasonera мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги мобил алоқа бозорига кириб бориши билан боғлиқ можарода Беҳзод Аҳмедов номи ҳам юзага чиққан.

Швециялик журналистлар ўтказган журналистик текширувларида Teliasoneraнинг Ўзбекистонда мобил алоқа хизматини кўрсатиш ҳуқуқини берадиган лицензияни қўлга киритиш мақсадида Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага пора бергани айблови илгари сурилган.

Швед журналистларига кўра, Каримова хоним номидан Teliasonera билан музокараларни ва расмийлаштириш ишларини Беҳзод Аҳмедов юритган.

2012 йил 17 июл куни "МТС-Ўзбекистон" фаолияти тўхтатилди, камида тўққиз миллион мижоз мобил алоқасиз қолди.

Масъул идоралар "МТС-Ўзбекистон" ширкатини республика бўйлаб 48 та станцияни ноқонуний равишда ишлатганликда, мижозлар маблағларини ноқонуний ўзлаштириш кабиларга айбладилар.

Ширкат мол-мулкини давлат ихтиёрига ўтказишга қарор қилинди.

2013 йил мартида Гулнора Каримова Беҳзод Аҳмедовни ўзи билан яқин муносабатларни суистеъмол қилишда айблаган.

Россиянинг МТС ширкати Ўзбекистондаги "қудратли шахсларни ўз бизнесларини тортиб олиш"га уринишда айблади ва Нью-Йоркдаги маҳкамага ариза билан мурожаат қилди.

Бироқ 2013 йил якунида МТСга эгалик қилувчи "Система" ширкати раҳбари Владимир Евтушенков Ўзбекистон бозорига қайтишлари мумкинлиги ҳақида маълум қилди.

Шу йилнинг ёз ойларидаги музокаралар ниҳоясида Ўзбекистоннинг Алоқа, ахборотлаштириш давлат қўмитаси билан Россиянинг "Мобильние телесистеми" ширкати ўртасида қўшма корхона ташкил қилишга келишилди.

Universal Mobile Systems қўшма корхонаси акцияларининг 50,01 фоизи МТСга, 49,99 фоизи Ўзбекистон давлат қўмитасига тегишли.

Сентябр ойида Тошкентдаги мобил телефонлар МТС алоқа тармоғини "кўра" бошлади.

Мобил қурилмалардаги тармоқлар қидируви "UZB Ucell", "UZB MTS" ва "Beeline UZ" алоқа тармоқларини топган.

20 сентябрь куни "Алоқабанк" банкининг навбатдан ташқари ҳиссадорлар мажлисида МТС ширкатига тегишли "Universal mobile systems" мобил ширкатига 500 миллиард сўм (Марказий Банк курси бўйича 211,5 миллион доллар) ажратиш қарорига келинган.

Янги оператор жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб барча техник ишларни бошлаши, 1 декабрдан бошлаб эса МТС бренди остида тижоратни йўлга қўйиши хабар қилинган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ