Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Риштонлик ўқитувчи: 'Пахта-кўпга келган тўй'

Тошкентда X Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси очилган.

Президент Каримов ташаббуси билан ўтказиладиган ярмаркада ўзбек пахтасини сотиб оладиган хорижий ширкатлар вакиллари иштирок этишади.

Ҳукумат бу йил бир миллиард долларлик шартномаларни имзолашга умид қилмоқда.

Сўнгги йилларда ўзбек пахта саноатидаги мажбурий болалар меҳнати боис ўзбек пахтасини сотиб оладиган ширкатлар сони кескин камайган.

Ўтган ҳафта Англиянинг йирик ширкатларидан Теско ўз маҳсулотларида ўзбек пахтасидан фойдаланишни ман қилган.

Аммо ўзбек ҳукумати мажбурий меҳнатдан воз кечмаётгани каби, ўзбек пахтасини сотишда ҳам унчалик катта муаммоларга дуч келмаётгандек.

Ўзбекистон ҳукумати Тошкентда кўп миллион долларлик пахта шартномаларини имзоларкан, мамлакат бўйлаб ўн минглаб талаба ва ўқитувчилар мажбурий меҳнат боис ҳануз пахта далаларида қолишаётир.

Фарғоналик мустақил журналист Баҳодир Элибоев Facebook даги саҳифасида Риштон туманидаги лицей талабаларининг пахта тераётгани акс этган суратларни чоп этган.

Унинг ёзишича, бу йил академик лицей талабалари биринчи марта пахтага олиб чиқилаётган экан.

Айни лицейда инглиз тилидан барс бераётган Баҳодир Элибоевнинг ўзи ҳам пахтада.

Унинг Би-би-сига айтишича, пахта тераётган талаба ва ўқитувчиларга нафақат пул тўланмаяпти, балки озиқ-овқат ва ҳатто чой ҳам берилмаётир.

Баҳодир Элибоевнинг сўзларига кўра, ўқитувчилар ҳам, талабалар ва уларнинг ота-оналари ҳам пахта теримидан норози, аммо улар ҳеч кимга шикоят қила олмайдилар.

"Пахта-кўпга келган тўй", - дейди у.