Ўзбекистон: Осиё Ўйинларини ёритишда ким ҳақ?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон давлат ахборот агентлиги ЎзАнинг спортга доир хабари мустақил нашрлар томонидан савол остига олинди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, ҳозирга қадар давлат ахборот агентлиги хабарлари Ўзбекистон нашрлари томонидан бу каби савол остига олинмаган.

Агар Kun.uz интернет нашрига таянилса, ўзбекистонлик спортчиларнинг Инчондаги муваффақиятсиз чиқишлари тескари талқин қилинмоқда.

Ўзбекистонда нашр қилинувчи kun.uz веб саҳифаси ўзбек спортчиларининг Инчонда бўлиб ўтган Осиё Ўйинларидаги мувафаққиятсизлиги марказий нашрларда ижобий томондан ошириб кўрсатилгани ҳақида ёзган.

"Ўзбекистон спорти тарихидаги энг муваффақиятсиз мусобақа натижаларини ижобий томондан ошириб кўрсатишга ҳаракат қилаётган расмий ОАВ интернет-фойдаланувчиларнинг истеҳзоларига сабаб бўлмоқда", - дейилади мақолада.

Веб саҳифа Инчонга аслида қанча спортчи борганига эътибор қаратади. Сайтга кўра, Осиё Ўйинлари бошланишидан аввал берилган хабарларда Ўзбекистон шарафини 32 спорт тури бўйича 300 нафарга яқин спортчи ҳимоя қилиши айтилган.

Бироқ мусобақалар тугаганидан сўнг, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ўз ёзганига қарши чиқиб умуман бошқа рақамларни келтирган.

Мусобақа якунланганидан сўнг, ЎзА иштирок этган спортчиларнинг сонини 228 нафар дея кўрсата бошлаган.

Веб саҳифанинг эътироф этишича, ушбу қарама қаршилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг эътиборидан четга қолмаган.

"Наҳотки 70 спортчимиз Шимолий Кореяга қочиб ўтган бўлса?" қабилидаги ҳақли кинояларга ўз-ўзидан сабаб бўлди", - дейилади мақолада.

ЎзАнинг номини ошкор қилишни истамаган ходимларидан бири, Kun.uz да ёзилган мақола бўйича фикрини билдирди.

Унинг айтишича, ,бу нашр нима ёзган бўлса ўзига ҳавола, лекин ЎзА ютуқларни бўрттириб кўрсатмаган.

"Инчондаги Ўйинларнинг расмий сайтига кирсангиз, жамоаларнинг медаллар сони ва сифати бўйича иккита рўйхат келтириб қўйган. Медаллар сони бўйича деганда, жамоавий ўйинларда ҳам олинган медаллар назарда тутилади. Медалларнинг умумий сони бўйича Ўзбекитон ростдан ҳам 9 чи ўринда турибди. Бу ерда ҳеч қандай муболаға йўқ. ЎзА тажрибасида медаллар сони бўйича олган ўринни ёзиш олдин ҳам бўлган", - дейди ЎзА ходими.

ЎзА ходими, спортчиларнинг сони бўйича икки хил рақам чиққанига изоҳ беролмаслигини айтди.

"Ҳеч қандай спортчи йўқолиб қолгани йўқ. Қанча борган бўлса ҳаммаси тугал қайтиб келган. Икки ҳил рақам ёзилгани бўйича изоҳни раҳбариятдан сўранг", - деди ходимлардан бири.

ЎзА Бош муҳаррири Матназар Элмуродов агентлик ҳеч кимга тўғридан тўғри изоҳ бермаслигини, изоҳ олиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали чиқиш лозимлигини билдирди.

Айни пайтда Би-би-сининг Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси билан боғланиш ҳаракатлари натижа бергани йўқ.

Сайт ижодкорлари Инчондаги Осиё ўйинлари мустақил Ўзбекистон спорти тарихидаги ҳақиқий фожеа бўлганини таъкидлашади.

Ўйинлар якунига кўра, Ўзбекистон термаси умумжамоа ҳисобида мусобақа давомида 14 та медал олган Қатардан сўнг 11- ўринни эгаллаган.

Бироқ ЎзА Осиё ўйинларида Ўзбекистон иштирокига бағишланган мақоласида жамоавий баҳсларни ҳам ҳисобга қўшиб Ўзбекистон 61 медал(12 олтин, 14 кумуш ва 35 бронза)га сазовор бўлганини ёзган.

Яъни, ЎзА аслида битта ҳисобланувчи жамоавий ўйинлардаги медалларни алоҳида санаб Ўзбекистон спортчилари шарафини кўтаради.

Сайтда Бундай "ҳисоб китоб" ўзбекзабон Twitter фойдаланувчиларининг эътиборидан четда қолмагани ёзилади.

Мақолада бир твиттерчининг мана шундай ҳисоб китоб қилинса, Хиросима-1994 - Осиё ўйинларидафутболдан ғалаба қозонган Ўзбекистон 11 та эмас, 30 дан ортиқ медал эгасига яйланган бўлиб чиқадику, қабилидаги фикри келтирилади.

Мақоладан аён бўлишича, бундай ҳисоб китобни "Спорт-ТВ" ҳам гапиришни бошлаган.

Спортчиларнинг иштирокини бўрттириб кўрсатиш 2012 йилги Лондон Олимпиадаси чоғида Туркман матбуотида кўринган эди. Туркман нашрлари Туркманистон спортини шарафлаш мақсадида Лондонда иштирок этган спортчиларнинг шахсий рекордлари ҳақида мақтаб ёзганди.

Мақола атрофида фикр билдирган Twitter фойдаланувчилари сўнгги йилларда ўзбек спорти орқага кетаётганини эътироф этишган.

Бунга сабаблардан бири қилиб журналистларнинг спортчиларни фақат мақтаб ёзиши, муаммолар эса ёритилмаслигини кўрсатишган.

"Аслида мақташга арзимайдиган ютуқларимиз билан керилаверсак катта муваффақиятларга эришолмай юраверамиз. "Ҳайбаракаллачилик"ка барҳам берилмас экан, кейинги Осиё Ўйинларида бундан ҳам паст натижани қайд этамиз. Агар бугун ёзган твитларим асосида мақола ёзсам, ҳеч қайси марказий нашр чоп этмайди. Марказий нашрда чиқмаса, эффект бўлмайди", - дейди твиттер фойдаланувчиларидан бири.

Your contact details
Disclaimer