Ўзбек матбуоти пахтадан келадиган фойдани савол остига олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тошкентда нашр қилинувчи анхор.уз вебсайти Ўзбекистондаги пахта саноати ҳақида "Пахта: икки қўллаб чалинган қарсакларми?" сарлавҳаси остида танқидий мақола чоп қилган.

Мақола муаллифи Юрий Черногаевга кўра, "пахта ифтихоримиз эди, энди эса оддий бизнесга айланди". Муаллиф деҳқон ва оддий фуқаролар томонидан териладиган пахтадан аслида ким йирик фойда кўришига ишора қилади. "Биз пахта умумий миллий бойлигимиз деб айтишга одатланганмиз, яъни бу бизнесда ҳаммамиз тенгмиз. Аммо айримлар ундан ҳам "тенгроқ", - дейди у.

Унинг ёзишича, ўзбек пахтасини хорижга сотиш билан асосан учта давлат ҳиссадорлик ширкатлари шуғулланади. Мақолада ана шу учта ширкатлардан бири "Ўзмарказимпекс"нинг 19 фоиз акцияларига жисмоний шахслар эгалик этиши айтилади.

Муаллиф эҳтиёткорлик билан бу жисмоний шахслар кимлиги ёки бу ширкатлар аслида кимга тегишли эканини атайин очиқ айтмаган.

"Ўзмарказимпекс" устав жамғармасининг 30 фоизи - бу юридик шахслар, яъни фирмалар. Ортиқча гап-сўзлар бўлмаслиги учун уларнинг номини тилга олиб ўтирмаймиз, аммо кўпчилик бу фирмалар кимларга қарашли эканини билади (ёки англаб етган). Жамғарманинг 19 фоизи эса жисмоний шахсларда. Улар қачонлардир керакли пайтда керакли жойда бўлишган. Шунинг учун улар эгатда эгилиб пахта терадиган ўша талабалар, шифокорлар ва ўқитувчилардан кўра кўпроқ "тенг". 2013 йил якунлари бўйича "Ўзмарказимпекс" 838 839 748 сўм дивиденд тўлади. Жисмоний шахсларнинг дивидендлари уларнинг карточкаларига ўтказиб берилди. Бу "шахслар" деҳқонларга тўланадиган пулни ошириш тарафдори бўлишларига шубҳам бор", - деб ёзади жаноб Черногаев.

"Бошоғриқ"

Муаллиф пахта қийматини "турган-битгани бошоғриқ" дея тасвирлайди ва буни асослашга уринади. Унинг айтишича, Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёдаги энг юқори учталикка киришига қарамай, жаҳон бозоридаги тебранишлар таъсири остидадир. У, хусусан, 2011 йилда Австралия ва Покистондаги сув тошқинлари туфайли пахта нархининг 1 фунти 1 долларга тушиб кетганини эсга солади.

У пахтанинг қийматини Ўзбекистон экспорт қилувчи бошқа маҳсулот - уранга солиштиради ва ураннинг нархи барқарор бўлиб келаётганини айтади.

Мақолада, шунингдек, дунёда пахта керагидан ортиқ етиштириб чиқарилаётгани ва шу боис ўзбек тадбиркорлари белгилаган нархда пахта сотиб олинмаётгани тилга олинади.

"Хитой билан рақобат ошаётган ва бозорда юқори сифатли Америка пахтаси бор бўлса-да, ўзбек пахтаси ўзининг нуфузини сақлаб турибди. Бироқ ўтган Халқаро пахта ярмаркасидаги хорижлик иштирокчилар билан суҳбатда ташвишли аломатлар ҳам сезила бошланди - пахтани ўзбек тадбиркорлари сўраган нархда олишмаяпти. Дунё пахтани ғамлаб бўлган." - дейилади мақолада.

Йўқолган машиналар

Жаноб Черногаев бир вақтлар Ўзбекистоннинг ифтихори бўлган машина теримига ҳам тўхталади, ҳамда раҳбарият нутқлари ва Ўзбекистон матбуотида бу борада сезилган тафовутга эътиборни қаратади.

Унинг айтишича, "катта раҳбарият" ўтган йилги йиғим-теримда 1 мингта машина қатнашганини таъкидламоқда, газеталар эса негадир фақат 50та машина ҳақида ёзган.

Унинг айтишича, ўтган асрнинг 70-80 йилларида "Ташсельмаш" ҳар йили 7 мингта пахта териш комбайнини чиқарган, "Ташсельмаш" конструкторлари яратган "Ўзбекистон" машинасини эса ҳатто Перуда ҳам ишларди. Бироқ, бу ишлаб чиқариш тўхтатилган.

"1990-йиллар охирида мамлакат машиналар ишлаб чиқаришни тўхтатди - Америка машиналарини йиғишга қарор қилинди. Бу ишга катта пул сарфланди, шу боис бу ҳақда эслашни ёқтиришмайди. Ҳар йили 500 та машина чиқариш режалаштирилганди, аммо бор-йўғи 480 та икки ядроли "Кейс-2022" (ҳужжатлар бўйича) йиғилди, холос. Ўша пайтларда уларнинг ҳар бири 126810 доллар турган, хизмат муддати 5 йилни ташкил этган. Маҳаллий "Ўзбекистон"нинг нархи эса 100 марта арзон бўлиб, 8 қаторни эгаллар ва ўн йил ишлаб берган бўларди", - дейилади мақолада.

Фахрий журналист Юрий Черногаев ўтмишда "Ташкентская правда", "Интерфакс", "Немецкая волна" нашрларига ишлаб келган. У "Ташкентская правда" газетасида ишлаган даври бош муҳаррири бўлган Ало Ходжаев бугунда "Анхор.уз" вебсайтини бошқаради.

Your contact details
Disclaimer