Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкентда яна бензин тақчиллиги юзага келган

Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида яна узундан узун навбатлар пайдо бўлган. Ҳайдовчилар бензин қуйиш учун соатлаб навбатда туришганларини айтишмоқда.

Ижтимоий мулоқот сайтларида, ҳатто, "15 минг сўмга ўрнингизга навбатда тураман" деган хусусий эълонлар берила бошлаган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида маҳаллий журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам автомобилига ёқилғи олиш учун навбатда турганини айтди.

"Келганимга 45 минут бўлди. Ҳисоблаб айтганда яна 1,5-2 соатлардан кейин навбат келади менга. 20 литрдан бензин беришаётган экан... Меъёр чекланган эмиш", дейди журналист.

Абдураҳмон Ташановга кўра, мазкур ҳолат 3-4 кундан бери давом этмоқда, аммо ҳозиргача бензин тақчиллиги бўйича бирон расмий изоҳ берилмаган.

Бу каби тақчиллик охирги йилларда Тошкентда тез-тез кузатилади.

Одатда Ўзбекистондаги расмийлар бензин тақчиллиги борасидаги муаммони тан олишмайди.

Ўтган август ойи хориж матбуотида ёнилғи тақчиллиги борасидаги хабарлардан кейин "Ўзнефтмаҳсулот" акционерлик компанияси бензин тақчиллиги йўқлигини айтиб чиққанди.