Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: Skype ва Viber нега ишламаяпти?

Ўзбекистонда Skype ва Viber сингари интернетда бепул сўзлашиш имконини берувчи хизматлар ишламай қолган.

Ушбу тармоқлардан фойдаланишда муаммолар бир ҳафта олдин пайдо бўлгани хабар қилинади.

Сўнгги йилларда юз минглаб ўзбекистонликларнинг иш излаб, четга чиқишлари боис, интернетдаги ушбу алоқа хизматлари оммалашган эди.

Айни пайтда яна бир оммабоп алоқа тармоғи -WhatsApp дан фойдаланишда муаммолар йўқлиги айтилади.

Фаразлар

Миллий оператор- Uztelecom юзага келган вазиятни шарҳламаган, аммо мутахассислар бу оммабоп алоқа тармоқларини тўсиб қўйиш айнан Uztelecom нинг ташаббуси эканини айтишмоқда.

Uzmetronom нашрига кўра, бунга ширкатнинг молиявий аҳволи сабаб бўлиши мумкин.

"Skype ва Viber сингари тармоқлардан фойдаланиш орқали Ўзбекистон фуқаролари миллий операторни халқаро сўзлашувлардан мўмай даромад кўриш имконидан маҳрум қиладилар", деб ёзади Uzmetronom.

Нашрнинг тахмин қилишича, ширкат раҳбарияти интернет телефон хизматларини тўсиб қўйиш учун "ахборот хавфсизлиги"ни рўкач қилган бўлиши ҳам мумкин.

Skype ва Viber га қўйилган тўсиқлар сабаби номаълум қоларкан, телекоммуникация бозоридаги рақобатдан бошқа фаразлар ҳам ўртага чиқа бошлаган.

Бу фаразлар орасида сайловлар яқинлашаётган паллада ҳукуматнинг ахборот оқимини назорат қилиш истаги ва ҳатто Яқин Шарқдаги исломий жангарилар овозининг ичкарига кириб келиши ва ўзбек ёшларини ўз сафларига ёллашининг олдини олиш эҳтимоллари ҳам айтилмоқда.

Буларнинг қайси бир ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин?

Би-би-си ушбу саволни Тошкентдан таҳлилчи Суҳроб Исмоиловга берган.