Тошкентда йўл четидаги камералар наф берадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи redpen

Тошкент йўлларидаги чорраҳаларга 1,5 минг атрофида видеокамералар ўрнатилиши мумкин. Пойтахт кўчаларида кузатув камераларининг ўрнатилаётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда чиқа бошлади.

Аввалига тошкентликлар чорраҳалар ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз нима сабабдан қазиб ташланаётганига тушунишмаётганини билдиришди. Кейинчалик ушбу чорраҳаларда кузатув камералари ўрнатиш учун устунлар кўмилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

Ўзбекистонда чоп қилинувчи redpen.uz сайтидаги мақолада ёзилишича, пойтахт кўчаларига кузатув камералари ўрнатиш ҳақида шаҳар автоинспекцияси уч йил аввал қарор қилган.

2012 йили эса Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўллардаги ходимларни видеокамераларга алмаштириш ҳақида айтган. Хуллас, 2014 йилнинг кузига келиб ушбу ишларга киришилган кўринади.

Катта шов-шувга сабаб бўлаётган ва тошкентликлар ўз кўзи билан ҳар куни гувоҳи бўлаётган камералар ўрнатиш жараёни борасида расмий идоралар, анъанага биноан, миқ этишмаяпти.

Ички ишлар вазирлигининг онда-сонда янгиланадиган веб саҳифаси ҳатто шу кунларда очилмаяпти ҳам.

Ушбу кузатув камералари автомобилнинг тезлиги, қизил чироқда тўхтамаганлиги ва автомобилнинг давлат рақамини аниқлаши мумкин. Бу маълумот марказга юборилгач, компьютерлаштирилган тизим қанча жарима тўлаш кераклигини машина эгасига почта орқали юборади.

Назарий жиҳатдан, бу йўллардаги қоидабузарликни камайтириши билан бирга порахўрликни ҳам камайтиради.

Қўшни Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бир неча йиллардан бери кузатув камералари амалда.

У ердаги ҳайдовчилар йўлларда камералар пайдо бўлганидан кейин бошқарув анча тартибга келиб қолганини айтишади.

Бироқ, минтақадаги журналистларга кўра, бу камералар коррупцияга бутунлай барҳам беради дейишга бироз эрта.

Ҳайдовчиларнинг айтишича, олдин пора ДАН ходимига берилган бўлса, энди у ушбу компьютерни бошқариб ўтирган назоратчига берилади ва қоидаузарлик хотирадан ўчириб ташланади.

Олма-отадаги ҳайдовчилар айниқса камералар ўрнатилган чорраҳаларда қоидани бузмасликка ҳаракат қилишади.

Your contact details
Disclaimer