'ВИЧ вирусини юқтирган муҳожирлар сони 1,5 баравар кўпайган'

Бу ҳақда Ўзбекистон ОИТСга қарши кураш маркази директори Нурмат Отабеков маълум қилган.

Республика Орттирилган Иммунитет Танқислиги Синдромига қарши кураш маркази директори Нурмат Отабековнинг Тошкентда 20 октябр куни журналистларга билдиришича, 2013 йилда меҳнат муҳожирлари орасида ушбу хасталикни юқтириш ҳоллари 2012 йилга солиштирганда бир ярим баравар ортган ва 418 кишини ташкил этган.

Бу текширувдан ўтказилган муҳожирларга тааллуқли маълумотдир.

Ўзбекистон ОИТСга қарши кураш маркази маълумотларига кўра, ВИЧ вирусини юқтирганларнинг 53 фоизини эркаклар, 46 фоизини аёллар ташкил этади.

Ўзбекистон тиббиёт мулозимларига кўра, ҳозирги пайтда республикада ушбу вирусга чалинганлар сони 27500 кишини ташкил этади.

Бундан олдин жаноб Отабеков Ўзбекистонда ВИЧ вирусини юқтириш ҳоллари камайиб бораётгани ҳақида эълон қилган.

2011 йилда 11 фоиз, 2010 йилда эса 5,5 фоиз пасайишга эришилгани, бу мамлакатда ҳалокатли хасталикка қарши кураш мақсадида амалга оширилаётган ишлар натижаси экани айтилган.

Аммо Ўзбекистон ичкариси ва ташқаридаги экспертлар мамлакатдаги медицинага тааллуқли қатор ҳақиқий маълумотлар яширилиши, хусусан, ВИЧ вирусига тегишли рақамлар ҳам камайтириб кўрсатилишини айтиб келадилар.

Мустақил кузатувчилар Ўзбекистондаги болалар ва оналар саломатлиги ҳақидаги рақамлар, стерилизация кўрсаткичлари расман эълон қилинадиганидан фарқ қилишини таъкидлайдилар.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги иқтисодий сиёсат қанча ўзбекистонликни четда оиласини боқиш манбаларини қидиришга мажбур қилгани ҳақидаги рақамни ҳеч қачон эълон этмаган.

Айрим иқтисодий таҳлилчилар тахминларига кўра, 31 миллионлик Ўзбекистон аҳолисининг 4-7 миллион нафари хорижда меҳнат муҳожирлигини ихтиёр этган.

Ўзбекистон расмийларига кўра, 2014-2016 йиллар мобайнида ОИТСга қарши курашга қарийб 20 миллион долларлик маблағ йўналтиришни режалаштирганлар.

Бу маблағнинг аксар қисми чет элдан ватанига қайтган меҳнат муҳожирларини текширишга йўналтирилиши хабар қилинган.