Ўзбекистон иқтисодидан ким фойда кўради: халқми ё элита?

Би-би-си Ўзбек хизмати "Ижтимоий минбар" рукни доирасида "Ўзбекистон иқтисодиёти мақсади нима: мамлакат фаровонлигими ёки элита ҳамёнини қаппайтириш?" деган савол билан Фейсбукдаги муштарийларига мурожаат қилди.

БМТ Иқтисодий ва ижтимоий комиссиясига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётган давлатлар сирасига киради.

Комиссия жорий 2014 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўртача 8 фоизга ўсишини башорат қилган.

Жаҳон Банкининг 2013 йил натижаларига оид чиқарган йиллик ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ўтган йили 8%га ўсган. Британияда ЯИМ - 1,7%, АҚШда - 1,9%, Швейцарияда эса у 1.6 фоизни ташкил қилган. Демак, Ўзбекистон ҳукуматидан олинган маълумотлар асосида тузилган бу ҳисоботга ишонилса, Ўзбекистонда ўсиш Ғарбнинг энг ривожланган давлатларидагидан бир неча баравар юқоридир.

Президент Ислом Каримовнинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши илк навбатда мамлакат аҳолиси фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Аммо, мустақил кузатувчилар ва мухолифатнинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодиёти нақд чиқаришга асосланган.

Бундай сиёсатни улар Ўзбекистондаги элита чўнтагини қаппайтиришга қаратилгани билан изоҳлашади. Бу каби қарашга пахта, олтин, газ ва бошқа табиий бойликлардан келадиган фойданинг шаффоф эмаслиги ва халқ орасида очиқча муҳокама этилмаслиги ҳам асос қилиб келтирилади.

Хўш, Ўзбекистон иқтисодиёти мақсади нима: мамлакат фаровонлигими ёки элита чўнтагини қаппайтириш?

Қуйида муштарийларимиз қолдирган баъзи фикрлар.

Sherzod Turdiev: "Ўзбекистонда ҳамма нарса турғун ўсишда! Ойлик йилига 20% ўсади, даромад солиғи, электр токи, газ, сув 30%га, ЯИМ 8%га, инфляция 25%!"

Sanjar Muminov: "Ҳаммаларинг ношукур дангаса бандаларсан! Ўзбекистон ЖАННАТ! Тинч ва гўзал ўлка! Ҳаракат қилган бой бўлаяпти, ҳаракат қилмаган ҳор! Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ! Бизга ҳамма шароитлар яратиб берилган!"

Umidjon Hoshimov: "Ўзбекистондаги ҳар қандай иқтисодий ўсиш бу фақат оддий халқнинг меҳнати эвазигадир. Чунки бизнинг халқ ўта меҳнаткаш бўлиб қолган. Ҳаттоки илмга ажратилиши керак бўлган вақтни ҳам меҳнатга сарфлаётгани ачинарли".

Amir Turon: "Ўзбекистонда фақат Каримовнинг қизлари ва СНБчиларнинг чўнтагини қаппайтириш бўлаяпти. Ўттиз миллион аҳолидан эллик минги СНБ бўлса, икки юз минги МВД бўлса. Прокурор ва суд ва шунга ўхшаган халқни ҳимоя қилишнинг ўрнига талон-тарож қилаётганлар фаровон яшаётгандур, қолгани-чи?"

Алишер Абдужаббаров: "BBC Uzbek, турмуш ҳар доим яхшиланган сари эҳтиёжлар ҳам ортиб боради. Менинг турмушим эл қатори яхшиланмоқда. Гоҳида кетади, гоҳида Армон қолади)), машина, квартира олиш, янгилаш эҳтиежи ҳар доим бор. Менда машина бор, янгиласам яхши бўларди. )) Ўғлимда ҳам машина бор, у ҳам янгилашни ўйлаб юради. Уч фарзандим олийгоҳда контрактда ўқишади))) Сарф-харажатга ҳар доим етмайди)). Лекин бу билан мен турмушим ёмонлашди деб айта оламанми? Йўқ! Яхшилашди!!!"

Абдумалик Носиров: "Турмуш яхши бўлиши лозим деган "қолипни" қандай тушунишимиз керак? Бу борада умумий қабул қилинган категория мавжудми? Айтайлик, ҳар бир хонада минимум 1та телевизор, 1та холодилник, 1 кир ювиш машинаси, максимум ҳар бир хонадон соҳибларида 1тадан телевизор, 1тадан автомобил, 1тадан алохида душевой и туалет ва ҳоказо каби привилегиялар назарда тутиладими?"

Golibbek Kholnazarov: "Совет мактаби вакилларига" бир савол- нимага МЕН, аждодлари одам яралгандан бери шу Ўзбекистон ҳудудида яшаган, кўриниши, учта олий маълумотли (биттаси чет элники), идроки ва танаси соғлом, ўз Ватанимда ИШСИЗМАН??? Ҳатто ажнабий карисга топилган иш, манга ЙЎҚ?? Ман Ўзбекистон ҳокимиятида ўтирган ва ўзбек халқини хўрлаб, ўзбек тилини хўрлаб, айш қилаётганларни гапирмадим, оддий савол - НЕГА МЕН ИШСИЗМАН???"

Oybek Elmirzaev: "Мени бир савол қийнайди: Қишлоқ шароитида СВЕТ, ГАЗ қачон тўлиқ таъминланади...?"

Алишер Абдужаббаров: "Ҳеч қачон таъминланмайди. Агар қишлоқ аҳолиси бу муаммони ЎЗИ ечмаса. Газ ва электр таъминотидаги узишлар аҳолининг бу неъматларга "қарзи" бор деб баҳона қилиб амалга ошади. Агар қишлоқ ёки бошқа аҳолиси пункти ЎЗИ шу неъматларни етказиш билан шуғулланса "қарз" бўлмаса ва ўз ҳуқуқларини талаб қилсагина бу соҳада тартиб бўлади. Агар давлат томонидан ҳал этилишини кутилса, ҳеч қачон ҳал бўлмайди.

Мухаммад Мухаммад: "Иқтисодиётнинг ўсаётгани факт. Чунки ҳозир ҳатто туманларда ҳам кичик корхоналар кўпайиб кетди. Пули кўпайган бой борки, ҳаммаси нимадир ишлаб чиқазиш учун Хитойдан технология линияларини олиб келиш билан банд."

Nafisa Hasanova: "Биринчидан мен иқтисодчи эмасман, иккинчидан, менимча саволни бироз бошқача қўйиш керак, бўлмаса ҳа ёки йўқ бўлиб қолади. Расман мамлакат иқтисодининг мақсади нима эканини билмайман, лекин аслида муаммолар жуда кўп. Яккаҳокимлик ва вакиллик демократиясининг йўқлиги элитизмга йўл очиб беради. Заҳиралар ва иқтисоддан тушган фойда таъсири катта бўлган оилаларнинг тор доираси ичида қолади. Порахўрлик ҳамма нарсани ушлаб турган жуда муҳим омилдир. Ўзбекистонда ҳам қонуний, ва ҳам ноқонуний йўллар билан бойиш мумкин. Лекин, ҳамма соҳада элита билан бўлашиш керак бўлади. Ўзбек ва тожик тилларида бой одам бадавлат дея тасвирланади. Бу Совет даврида ҳокимиятда бўлиш ва фаровон бўлиш ўртасидаги алоқанинг пайдо бўлганини аниқ кўрсатади. Яъни ҳокимиятда бўлган одамнинг қорни ҳар доим тўқ бўлган ва уни ҳурмат қилишган. Вакиллик демократияси ва иқтисодий заҳираларнинг тенг бўлиниши йўқ экан, афсуски, жуда кам сонли оилалар иқтисодни назорат қилади. Иқтисодни элита бошқаради ва мамлакат олиб кирилаётган маҳсулотлар ҳам уларнинг элагидан ўтади. Албатта, баъзи ҳолларда бошқаларга ҳам бироз ушоқ тушиши мумкин, лекин бу, "демак, ҳаракат қилса, нимагадир эришса бўлар экан" деган иллюзияни яратишга хизмат қилади. Лекин, фақат бир йўлда ҳаракат қилиш мумкин, у ҳам бўлса, элитани бойитибгина яшаб қолиш мумкин. Бу иқтисодчи бўлмаган одамнинг камтарона фикри."

Your contact details
Disclaimer