Жаҳон Банки: қайси мамлакатда бизнес юритиш осон?

Жаҳон Банки дунё мамлакатларининг қай бирида бизнес билан шуғулланиш осон, қайсинисида мушкул эканига бағишланган йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Янги ҳисботда жаҳондаги 189 мамлакатдаги бизнес муҳитига баҳо берилган.

Бизнес билан шуғулланиш энг осон дунё мамлакати деб бу йил ҳам Сингапур топилган.

Сингапурдан кейинги юқори ўнталик рўйхатини Янги Зеландия, Гонконг, Дания, Жанубий Корея, Норвегия, АҚШ, Буюк Британия, Финландия ва Австралия эгаллаган.

Энг ёмонлари ўнлигидан эса Эритрея, Ливия, Жанубий Судан, Чад, Конго, Афғонистон, Венесуэла, Ангола, Гаити ўрин олган.

Янги ҳисоботда мамлакатлардаги бизнес билан шуғулланиш шароитига турли мезонлар бўйича баҳо берилган.

Биринчи мезон, бизнесни бошлаш нақадар осонлигини баҳолайди.

Сўнг қурилиш учун рухсатни қўлга киритиш, электр таъминотига қўшилиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредитни қўлга киритиш, сармоядор ҳуқуқлари муҳофазаси, солиқ тўлаш, чегара оша савдо, шартномалар ижросини таъминлаш ва корхона тўловга ноқобил бўлиб қолгандаги муаммосини ҳал қилиш жиҳатлари ўрганиб чиқилган.

Жаҳон Банки баҳосига кўра, Собиқ Шўро давлатлари орасида бизнес шароити энг қулайи деб Гуржистон деб топилган.

Гуржистон дунёдаги бизнес муҳити яхши 15-мамлакат бўлган.

Сўнг Эстония 17-, Латвия 23-, Литва 24-, Арманистон 45-, Беларус 57-, Россия 62-, Молдова 63-, Қозоғистон 77-, Озарбайжон 80-, Украина 96-, Қирғизистон 102-, Ўзбекистон 141-, Тожикистон 166-ўринни эгаллаган.

Жаҳон банки ушбу йиллик ҳисоботини 12 йилдан буён эълон қилиб келади ва Ўзбекистон ўтган йилги рўйхатда 149-ўринда бўлган.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистон бир неча мезонлар бўйича ўз кўрсаткичларини ўтган йилга нисбатан яхшилаган.

Электр тизимига уланиш бўйича аҳвол 3 поғона юқорилагани, мулкни рўйхатдан ўтказишга ҳам +3 баҳоси берилгани, миноритар сармоядор ёки йирик корхона акцияларининг кам сондаги акционерининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши 18 нуқта яхшилангани, солиққа тортиш бўйича +61 ва шартномалар ижроси таъминоти +1 га яхшилангани қайд этилган.

Бироқ, Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда янги корхонани рўйхатдан ўтказиш олдинги йилга солиштирганда 5 баҳога ёмонлашган.

Қурилиш рухсатини олишга -2, кредит олиш имкониятлари -5 га пасайгани айтилган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ