«Ҳамза» номи энди метродан ҳам бадарға қилинади

Жорий йил охиригача Тошкент метрополитенининг «Ҳамза» бекати номи ўзгартирилади. Бу ҳақда, Чилонзор тумани расмийларига асосланиб, Podrobno.uz хабар бермоқда.

Расмийларнинг билдиришларича, айни пайтда махсус комиссия томонидан метро бекатини қайта номлаш билан боғлиқ масалалар ўрганиб чиқилмоқда. Хусусан, комиссия бекат қандай таниқли ном билан номланиши бўйича таклифларни ҳам кўриб чиқмоқда.

Тошкент метрополитенининг ушбу бекати номини ўзгартиришга қандай зарурат борлиги маълум қилинмаган.

Аввалроқ метронинг «Собир Раҳимов» бекати номи ӯзгартирилганди. У «Олмазор» дея қайта номланган. Бу метронинг номи Собир Раҳимов тумани номи билан бир пайтда ӯзгартирилган.

Лекин ҳозирда Чилонзор тумани ҳокимлиги расмийлари мазкур бекатни қайта номлашда шошилинч қарор чиқарилганини тан олишган. Уларга кӯра энди бу метро номи қайта ӯзгартирилиб, Ӯзбекистоннинг бирор таниқли арбоби шарафига қайта номланиши мумкин.

«Ҳамза» эса, метронинг «Чилонзор» йўлида номи ўзгармаган беш бекатдан биридир. Қолган етти бекат номи Ӯзбекистон мустақиллиги даврида ўзгартирилган.

Аввалроқ, жорий йил сентябрида Тошкент шаҳридаги «Ҳамза» тумани номи «Яшнобод» деб ўзгартирилган эди. Расмий маълумотларга кўра, бу ӯзгартириш туман аҳолисининг таклифи билан амалга оширилган.

Image caption Ўзбекистон ҳукумати нима учун Ҳамза номидан воз кечиш кераклигини аҳолига тушунтириб бермади

Шӯролар даврида Ӯзбекистондаги энг нуфузли давлат мукофотларидан саналган Ҳамза мукофоти ҳам мамлакат мустақиллиги даврида бекор қилинган. Тошкентдаги Ҳамза номли академик драма театри эса, эндиликда Ӯзбек Миллий академик театри деб номланган.

Таҳлилчиларга кӯра, Ҳамза номини олиб ташлаш унинг шахсиятига ҳам боғлиқ. Ҳозирда Ӯзбекистон тарихида мураккаб шахслардан саналадиган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийдан Октябр тӯнтаришидан сӯнг Шӯролар ҳукумати ўз ғояларини тадбиқ қилиш учун бир қурол сифатида фойдаланилгани ҳам иддао этилади.

Ӯша инқилобгача Ниҳоний тахаллуси билан танилган ва яхшигина ғазаллар ижод этган шоир кейинчалик "Яша Шӯро», «Ишчилар уйғон», «Ҳой-ҳой, отамиз» каби большевиклар ғояси учун хизмат қиладиган шеърлар ёзган.

У аёлларни паранжи ташлашга даъват қилувчи шеър ёзибгина қолмасдан, большевикларнинг бу тадбирида фаол иштирок этган. Ҳамза айни шу каби фаолиятлари учун Шоҳимардонда тошбӯрон қилиб ӯлдирилгани айтилади.

Бу ӯлимдан сӯнг шоҳимардонлик ӯнлаб одамлар қаттиқ жазога тортилган. Тарихчиларнинг ёзишларича, улар орасида гуноҳсиз кишилар кӯп бӯлган.

Ӯзбекистонда Шӯролар даврида яшаб-ишлаган таниқли арбоблар, ижодкорларнинг номлари туман, кӯча ва бошқа жойлардан олиб ташланмоқда.

Улар орасида Ҳамза ва генерал Собир Раҳимовдан ташқари, Йӯлдош Охунбобобоев, 37-йиллардаги қатаған қурбонлари - Ӯзбекистоннинг собиқ раҳбарлари -Файзулла Хӯжаев, Акмал Икромовлар ҳам бор. Шунингдек, машҳур санъаткорлар Аброр Ҳидоятов, Ҳамза Умаровларнинг номлари Тошкент кӯчаларидан олиб ташланган.