Жаҳон Банки "Бизнес 2015": Ўзбекистон яна пастки ўринда

Жаҳон банки "Бизнес юритиш 2015" номи остида навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Бу ҳисоботда қайд этилган 189 давлат ичида Ўзбекистон 141 ўринни эгаллаган.

МДҲ давлатлари ичида Ўзбекистонда бизнес юритиш энг паст кўрсатгичлардан биридадир. МДҲ бўйича рейтингда Ўзбекистондан сўнг фақат Тожикистонни кўриш мумкин.

Ўзбекистон бу йилги рейтингда ўтган йилгига қараганда бир неча поғона кўтарилган. Бироқ шунга қарамасдан МДҲ давлатлари орасида энг пастки ўринларда турибди.

Ўзбекистоннинг қўшниси Қозоғистон эса ушбу рейтингда 77 ўринни эгаллаган.

Қозоғистонда бизнес юритаётган ўзбекистонлик Акбар Ҳусаинов ушбу давлатда кичик бизнесга шароит яхши эканлигини айтади.

"Декларатив томонлари Қозоғистонда анча яхши ўйланган. Охирги йилларда кичик бизнесни қўллаб қувватлаш дастурларида ҳукумат катта бурилиш қилди. Мана шундай ўзгаришлар рейтингда юқорига чиқишда сабаб бўлган бўлиши мумкин", - дейди Акбар ҲУсаинов.

Хорижлик тадбиркорлар Ўзбекистонда бизнес юритишнинг қийинлигига муҳим сабаблардан бири қилиб коррупция ва конвертацияси масалаларини келтиришади.

Бир неча йил Ўзбекистонда бизнес юритган, алал оқибат мол мулки ҳукумат томонидан мусодара қилиниб, ўзи ҳибсга олинган туркиялик ишбилармон Воҳид Гунеш бу ўлкада бизнес билан шуғулланиш ўта мураккаблигини айтади.

"Конвертация фақат режимга яқин кишиларга нисбатан бор. Марказий банк тор доира учун ишлайди. Масалан, Марказий Банк 10 кишига конвертация учун руҳсат беради. Қолганларга эса йўқ. Ўзбекистон милиция ва Хавфсизлик Хизмати давлатидир. Ҳамма нарса Миллий хавфсизлик хизмати атрофида бўлади. Ётқизилган сармоялардан тортиб очилган ширкатларгача ҳаммаси МХХ билан боғлиқ. Бошқаларга кун йўқ", - дейди Воҳид Гунеш.

Бироқ кузатувчилар Ўзбекистонда бизнес юритиш ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлашга қаратилганини айтаркан, бу ерда бизнес қилиб бўлмайди дейиш нотўғрилигини билдиришади.

"Бу оғир масала, Ўзбекистоннинг ўз муҳити бор. Лекин бу муҳитда иш қилиб бўлмайди, дейиш рост эмас. Шунча йиллардан бери кичик ва катта компаниялар Ўзбекистонда ишлаб келяпти. Ташқи бозорга экспорт қиляпти. Лекин ҳали жуда кўп ўзгаришлар қилиниши керак", - дейди Акбар Ҳусаинов.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистонда коррупция ва таъамагирлик ёнига сўнгги йилларда электр энергиясидаги мутассил узилишлар ва газ таъминотидаги камчиликлар қўшилганини айтишади.

Тошкент вилоятидаги жуда кўп тадбиркорлар иссиқхоналарга газ берилмай қўйилганлиги оқибатида қишки мавсумга полиз экинларини тайёрлашда катта қийинчиликларга дуч келаётганликларини айтишади.

Жаҳон банки томонидан рейтингни ишлаб чиқишда корхонани рўйхатга олишдан тортиб унинг электр энергия тизимига уланиш жараёнигача эътиборга олинган. Бироқ ушбу электр энергиянинг доимий таъминоти рейтингда инобатга олинмаган.

Сирдарёлик Нодирнинг кичик устахонаси бор. Нодир ўзи яшаб турган жойда электр тармоғида тез тез узилишлар бўлиб туришини айтади.

"Свет истаган пайти ўчиб истаган пайти ёняпти", - дейди Нодир.

Чироқнинг ўчиб ёниши унинг бизнесига салбий таъсир қилади. Электр муаммосини ҳал қилишда тадбиркорлар ўз ҳолларига ташлаб қўйилган.

Ҳар ким ўз шароитидан келиб чиқиб бензин ёки дизел билан ишловчи кичик генераторлар орқали таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Ҳаттоки йирик мобил операторлари ҳам антеннналарини электр билан таъминлаш учун қўшимча воситалар олишга ва қўшимча ҳаражатлар қилишга мажбур.

Бироқ йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар бундай муқобил вариантлардан фойдалана олишмайди.

Электр таъминотидаги узилишидан мамлакат иқтисодиётига қанча зарар келиши мустақил гуруҳлар томонидан ҳисоблаб чиқилмаган.

Бироқ ушбу узилишларнинг бизнес юритишга салбий таъсир қилаётганини тадбиркорлар таъкидлашади.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ