Атамбоев: қўшнидан душман ясаб, унга муаммо яратмаслик керак

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев Қамбарота лойиҳаси боис Ўзбекистонни танқид қилган.

Жаноб Атамбоев Қозоғистонга сафари олдидан қозоғистонлик журналистларнинг саволларига жавоб қайтарган.

"Биз "Қамбарота-1" ГЭСини қуриш истагида эканимизни сиз яхши биласиз. Бу лойиҳа ҳали Шўролар замонида Тошкентда, "Гидропроект" институтида лойиҳалаштирилган. Унинг ғояси қандай бўлган? Мана ҳозир биз бутун куз ва қиш ва баҳор ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш мақсадида Тоқтоғул сув омборидаги сувни оқизишга мажбурмиз. Баҳорга бориб эса, Ўзбекистонга, қўшниларга сув бериш керак бўлган пайтда Тоқтоғулда кам сув қолаяпти. "Қамбарота"нинг ғояси шундай бўлган: электр қуввати ишлаб чиқариш учун Тоқтоғулдан сув оқизиб юборилади. Лекин бу сув кейинги тўғон - "Қамбарота-1"да сақланади. Баҳорга бориб эса бу сув узатилади. Фикр идеал тўғри. Уни ҳали Шўро лойиҳачилари, инженерлари ишлаб чиқишган. Тоқтоғулдан электр энергияси ишлаб қчиқариш керак, лекин сувни асраб қолиш керак, деган фикр бўлган. Кейин баҳор келганидан кейин бу сувни қўшниларга бериш. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Бу билан биз ўзбек деҳқонларига ҳам, биродар Қозоғистонга ҳам ёрдам берамиз. Ва сув кўп бўлади. Мисол учун, буни Россия тушунаяпти, Қозоғистон тушунаяпти. Биз Россия билан битим имзолаганмиз, Лекин Қозоғистон ҳам бу лойиҳада иштирок этиш қизиқишини билдирган. Мен бундан олдин бир неча марта гаприганман, таклиф қилганман. Бундан кейин ҳам такилф қиламан Ўзбекистонга. Улар ҳам бу лойиҳада иштирок этишлари керак. Акционерлик жамияти ичига киришлари керак. Ўтмиш билан яшаб бўлмайди. Душман қидириш керак эмас. Айниқса қўшнидан. Қандайдир муаммоларни пайдо қилиш керак эмас. Газни ўчириб қўйиш, темир йўлни бекитиш. Қўшнилар бир-бирига ёрдам бериши керак. Бизда "қўшни қариндошдан ҳам яқин" деган мақол бор. Барча қўшни мамлакатлар буни тушунишлари, муаммоларни биргаликда ҳал қилишлари керак. Мен минтақадаги бошқа энергетик лойиҳаларни билмайман-ку, лекин "Қамбарота-1" айнан сув таъминоти билан боғлиқ муаммони ҳал этишга қаратилган. Буни фақат кўр одам кўрмайди ёки кўришни истамаган одам", деб айтган Президент Атамбоев.

Бундан олдин Қирғизистон раҳбари мамлакати жанубига Ўзбекистон гази таъминотини қайта узатишда расмий Тошкент расмий Бишкек олдига бажариб бўлмас талаб қўяётганидан шикоят қилган эди.

Яқинда Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Валерий Дил Минскдаги МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов газ муаммосини муҳокама этишни истамагани ҳақида маълум қилган.

Бош вазир ўринбосари Валерий Дил парламентдаги ўз фракцияси аъзоларига ҳисобот беришича, жаноб Азимов, газ узатилмаётгани сабаби шартнома йўқлигида, деб айтган.

"Бироқ Азимов ушбу масалани нега яна муҳокама этмоқчи эмаслиги борасида изоҳ бермади", деб айтган Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Валерий Дил.

Шу йилнинг 10 апрелида Россиянинг "Газпром" ширкати Қирғизистоннинг "ҚирғизГаз" ширкатини 1 АҚШ долларига сотиб олган.

Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ узатишни 14 апрел кунидан тўхтатиб қўйган.

"Ўзбекистон газ бермоқчи ҳам, буни муҳокама ҳам қилмоқчи эмас"

Қирғиз Бош вазири ўринбосари Валерий Дилнинг Ўзбек ҳамкасби Рустам Азимовга иқтибосан айтишича, "янги корхона - "Газпром Кыргызстан" билан ҳуқуқий асос бўлмагани учун Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ узатишдан бош тортган".

"Бироқ Азимов ушбу масалани нега яна муҳокама этмоқчи эмаслиги борасида изоҳ бермади", деб айтган Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Валерий Дил.

Қирғизистон президенти Ўш шаҳри аҳолисига давлат ҳисобидан суюлтирилган газ балонлари етказиб берилиши ҳақида айтган.

Қирғиз матбуотида Ўзбекистон Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш учун Сўх анклавига йўлак очиб беришни талаб қилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.

Аммо расмий Тошкент бу каби талаб илгари сурилганини тасдиқламаган.

Қирғизистондаги айрим нашрлар Ўзбекистон бунга қўшимча расмий Бишкекдан Норин ГЭСи қурилиши юзасидан халқаро экспертиза ўтказиш талабини ҳам газ масаласига боғлаётгани ҳақида ёзишган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ