Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари элитани оддий одамлардан ҳимоя қилиш учунми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Би-би-си ўзининг "Ижтимоий минбар" рукнида Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари Ўзбек элитасини оддий одамлардан ҳимоя қилиш учун жорий этиладими?, деган савол билан Интернет ижтимоий тармоқлари фойдаланувчиларига мурожаат қилди.

Марказий Осиё бўйича мутахассисларга кўра,Ўзбекистон минтақада энг қаттиққўл ва айрим ҳолатларда ақлга сиғмайдиган хавфсизлик чораларини жорий қиладиган мамлакатдир.

Бу каби хавфсизлик чоралари айниқса, турфа байрамлар ва расмий тадбирлар арафасида амалга оширилади.

Айримлар бу каби хавфсизлик чоралари аслида ҳукумат ва ўзбек элитасининг бойликларини оддий аҳолидан ҳимоя қилиш учун яратилганини айтишади.

Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Ушбу мавзу Интернет ижтимоий тармоқларида қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Икром Шералиев: xavfsizlik xodimlari nima qiliw kerak bo'lsa wuni qiliwadi? ko'raypmiz bowqa davlatlarda ozgina etiborsiz bo'lsa nimalar kelib chiqayotganini.

Сўнг Би-би-си Икром Шералиевга "Хавфсизлик ходимлари халқни ҳимоя қилишлари керакми ва ёки ҳукуматдагиларни? Бошқа бир назарияга кўра, ҳукуматдагиларнинг бойликлари ва бойларни ҳимоя қилинади, холос, дея мурожаат қилди.

Bu nazariyangiz O'zbekistondagi rivojlaniwni ko'rolmayotgan Vatan xoinlariga tegiwli, дея жавоб қайтарган Икром Шералиев.

Шаҳриёр Самадов: Albbatta xavfsizlik choralari hukumatdagilarni quriqlash uchun. Qurqmasa agar xalqni orasiga ochiqchasiga viloyat hokimi chiqmaydi, Karimov chiqadigan bolsa usha shahar o'lik shaharga aylanadi. Mana qizi Gulnorani uy qamog'iga tashlab o'tiripti. Sud qilgani yo'q. Pullar uni nomida, qanaqa qilib sud qiladi? Endi bular xalqni qul deb o'ylar edi, aslida bilib bo'ldi xalq.

Нилуфар Каримова исмли Фейсбук фойдаланувчиси: Ҳукумат ва ўзбек элитасининг бойликларини оддий аҳолидан ҳимоя қилиш" - бу нима дегани, шунчалик ҳам ахмоқона гап бўладими? Хавфсизлик хизмати яхши ишлаяптики, юртмиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Ёки бунга шубҳангиз борми? Мен қўлланилаётган хавфсизлик чораларини мутлақо ўринли, деб ҳисоблайман. Мамлакатимизда яртилаётган шароитлар балки, баъзи бировларга алам қилаётгандир, қоракуя чаплашдан чарчашмаяпти. Биз - Ўзбекистон ёшлари Президентимиз ва ҳукуматимизнинг барча соҳадаги сиёсатини маъқуллаймиз! Ҳеч ким ва ҳеч нарса бизни бу шаҳдимиздан ва аҳдимиздан қайтара олмайди!

Шунингдек, Би-би-си қуйидаги савол билан муштарийларига мурожаат этди:

Ўзбекистонда атрофи панжаралар билан ўраб олинмаган давлат идораси деярли йўқ.

Ўзининг муаммоси ҳақидаги аризаси ёки шикоятини масъул мансабдорга етказиш оддий Ўзбекистон фуқароси учун нақадар осон?

Mekhribon Kadamova: Оддий фуқро билан ҳеч ким гаплашмайди ҳам, аризасини кўрмайди ҳам. Мен буни 4 йилдан буён видеоларга тушуриб, ариза нусхаларини интернетларда қўйиб оламга тасдиқлаяпман. Мени аризамга жавоб бермаслик учун ҳатто қўрқитиб суд ва психушкаларни чақиришган.

Биз Санк-Петербургдаги Оврўпо Университетининг ва Пермдаги Қиёсий тарих ва Сиёсий тадқиқотлар марказининг докторлик диссертациясидан кейинги илмий тадқиқотчиси Жеско Шмоллердан "Ижтимоий минбар"имизда кўтарган мавзумиз - хавфсизлик чоралари ҳақидаги ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашинини сўрадик.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uznews.net

Жеско Шмоллер: Ўзбекистон Республикаси сайёрадаги бошқа ҳар қандай давлатдан ҳам кўра кўпроқ коррупциядан азият чекади. Ушбу вазиятга қарамасдан, Шўро давлати парчаланиб кетган бўлса-да, бу мамлакат постсовет Овросиёсида энг йирик давлат хавфсизлик аппаратини сақлаб қолган. Антрополог сифатида мен тадқиқот мавзуси деб ушбу ҳолатда коррупция масаласига қарар эканман, давлат билан бизнес элита ўртасидаги ҳамкорлик, бири иккинчисига паноҳ бериши кенгроқ ўзбек маданияти контекстида қараб чиқилмоғи лозим. Менинг фикримча, биз ўзбек жамиятини жўнгина қилиб инсофсиз қуч-қудрат соҳибларига ва яхши фазилатли жамиятнинг бошқа аъзоларига бўла олмаймиз. Жамиятнинг энг юқори қатламидан энг қуйисигача тўхтовсиз рақобат мавжудлигидан яхши хабардор. Агар биз маданият омилини инобатга олмасак, давлат идораси ичидаги шахсларнинг ҳам, бу идоралардан ташқаридагиларнинг ҳам амаллари маъносини тушуниб етишга қодир бўлмаймиз.

Би-би-си: Сиз айтган шафқатсиз кураш ёки тўхтовсиз рақобатни янада кучайишига Ўзбекистондаги қаттиққўл тизим ҳам сабабчи бўлганми?

Жеско Шмоллер: Менинг фикримча, биз бугун сиёсий соҳада кўраётган рақобат муҳити умумла ўзбек жамиятидаги рақобатнинг бир кўринишидир, холос.

Бу нарсани биз ҳар бир маҳаллада кузатишимиз мумкин. Биз инсонларнинг қўшнисиникига нисбатан каттароқ ёки янгироқ машинага эга бўлишга, ҳамсоясининг уйига солиштирганда каттароқ, чиройлироқ уй қуришга, дабдабали тўй ва зиёфатлар уюштиришга ҳаракат қилаётганларини кўришимиз мумкин.

Бироқ бу рақобатдаги ўйинни ҳамма ҳам адолатли ўйнамайди. Кимдир давлат органи кучини қўшнисига зарар етказишга ёки бирор муаммога дуч келиб қолганда давлат кучидан ўз манфаатида фойдаланишга йўналтириши мумкин.

Бундай шикаст ёки зарар етказиш давлат идораларида, бизнес соҳаларида ёхуд пул ишлаб топиладиган ҳар қандай жойда юз бериши мумкин. Одамлар бообрў, қудратли лавозимлар учун курашадилар, лекин асосий мақсад жамиятдаги обрўсини кўтариш бўлади. Шунинг учун ҳам мен, биз одамлар нега айнан шундай иш тутганларини англашимиз учун маданият контекстини назарда тутишимиз лозим, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Машҳур совет бадиий фильми қаҳрамонининг машҳур сўзлари бор: Шарқ бу нозик масала. Сиз қандай фикрдасиз, бу нозиклик Ўзбекистонда бошқа қўшни мамлакатларга қараганда кучлироқ ёки чуқурроқми?

Жеско Шмоллер: Тўғрисини айтсам, ҳар бир маданиятнинг ўзига хослиги бор. Ҳар бир жамият ўзининг мантиғи билан яшайди ёки ўзининг мантиғига биноан иш кўради. Мен империалист ёки колониалист мавқесида туриб олиб, "Ўзбекистон биз Ғарбда қилган ишларни ўзлаштириши керак" дейишни хоҳламайман. Антрополог ўлароқ мен ўзимни кузатувчи ва таҳлилчи сифатида кўраман. Бироқ бу мен ўзгаришларни кўришни хоҳламайман, дегани эмас. Агар Ўзбекистонда яшайдиган инсонлар ўзларининг яшаш шароитидан қониқмасалар, уларнинг ўзлари бу шароитни ўзгартиришлари керак. Тараққиёт, ривожланиш бўлиши нуқтаи назаридан ёлғон-яшиқ ёки ҳийла билан коррупция бу мақсадларга хизмат қилмайди. Чунки ёлғон ва коррупция жамиятдаги ишонч даражасини, қадриятга эга ниманидир барпо этиш истагини сўндиради. "Ярим пулига мен худди ўшандай нарсани ишлаб чиқара олсам, жонимни жуда сифатли машина ёки егулик ишлаб чиқаришга қийнаб ўтиришим шартми", дея ўзларига савол берадилар одамлар.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ