Ўзбекистонда бу йилги амнистия кимларга тегади?

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 14 ноябрда мамлакат конституциясининг 22 йиллиги муносабати билан "Амнистия тўғрисидаги" қарорни чиқарган.

Авф қарори Сенатнинг ялпи мажлисида қабул қилинган.

Авф қарорига кўра, хориж фуқаролари, балоғатга етмаганлар, аёллар ва ёши 60дан ошган маҳкумлар озодликка чиқарилади.

Шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этиб қамалганлар, жинояти оғир бўлмаганлар ҳам озодликка чиқарилади.

Авф қарори Ўзбекистонда ҳар йили Конституция куни олдидан эълон қилинади. 2008 йилгача Президент фармони билан эълон қилиниб келган авф охирги етти йилдан буён Сенат орқали амалга оширилади.

Амнистияга тушган маҳбуслар сони ва кимлар тушгани рўйхати ҳозирча маълум қилинмаган.

Улар орасида сиёсий ва диний айбловлар билан қамалганлар бор-йўқлиги ҳам аниқ эмас.

Ўзбек расмийлари мамлакатда сиёсий маҳбуслар йўқлигини иддао қилишади.

Бироқ ҳуқуқ фаолларининг ҳисобларига кўра, айни пайтда ҳукуматнинг қаттиқ назорати остидаги 20дан ортиқ сиёсий ва минглаб диний маҳбуслар бор. Маҳкумларнинг баъзилари қамоқда сақланаётганига 20 йилдан ошган. Уларга дастлаб 5-10 йил берилган бўлса, бу муддат тугагач, янги жазо муддатлари қўшилишда давом этмоқда. Булар қаторига Ўзбекистонда энг узоқ муддат, яъни 20 йилдан бери қамоқда сақланаётган сиёсий маҳкум Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжонов, Самандар Қўқонов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Хайрулла Ҳамидов, , Аъзам Фармонов, Дилмурод Саидов, Мўътабар Ғофурова, Меҳринисо Ҳамдамова, Аъзам Турғунов, Алишер Кароматов, Аваз Тўхтахўжаев, Ғанихон Маматхонов, Қобилжон Тўлашев ва бошқалар бор.

Ўтган йили бир нечта ҳуқуқ фаолига Ўзбекистон қамоқхоналаридаги Мурод Жўраев, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғуновлар билан учрашишга рухсат берилган, уларнинг соғлиқлари жуда ачинарли аҳволда эканини кўрган фаоллар балки тез орада озодликка чиқарилишлари мумкинлиги ҳақида умид билдирган эдилар.

2013 йили Ўзбекистонда 69 минг маҳбус жазодан озод қилинган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Алоқадор мавзулар