Ўзбекистон замонавий қуллик қўлланадиган мамлакатлар ичида иккинчи ўринда

Озод Бўл жамғармаси чоп қилган йиллик қуллик кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистон замонавий қуллик турлари қўлланадиган мамлакатлар ичида дунёда иккинчи ўринда туради.

Бу ҳисоботга кўра биринчи ўринда Мавритания жойлашган. Бу мамлакатнинг 4 фоиз аҳолиси замонавий қулдорчилик қурбонларидир.

Иккинчи ўриндаги Ўзбекистоннинг кўрсаткичи аҳолининг 3,99 фоизини ташкил қилади.

Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари бу ҳисобот бўйича анча паст ўринларни эгаллашган. Жумладан Қозоғистон 93 ўринда, Қирғизистон эса 97 поғонада.

Дунёнинг энг эркин мамлакатлари деб Ирландия ва Испания топилган.

Замонавий қуллик турлари деганда бир инсоннинг босим, зўравонлик, таҳдид, қўрқитишлар ва эркинлиги чекланиши орқали қандайдир одам, ташкилот ёки давлат манфаати йўлида ишлашга мажбурланиши тушунилади.

Бу турларга албатта мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация ва инсоннинг ички органлари билан савдо қилиш ҳам киради.

Би-би-си Париждаги Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаевадан нима учун Ўзбекистон бу каби юқори ўринда деб сўради.

Надежда Отаева: Бу, албатта, салбий кўрсаткич. Бу рақам ҳукуматнинг ўз фуқароларига муносабатини намоён этади. Ва замонавий қуллик аслида Ўзбекистонда оммавий тус олганини кўрсатади. Энг ёмони - Ўзбекистонда пахта теришга чиқишдан бош тортган одамнинг хавфсизлигига таҳдид юзага келади. Бу замонавий қулликка жалб қилишнинг мажбурий амалиёти ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистонда одамларни ўз ихтиёрларига қарши равишда оммавий пахта йиғим-теримига мажбуран жалб қилинишини фақатгина Ўзбекистоннинг ўзининг ички иши деб қарамаслик керак. Буни қийноклар бир қаторда инсониятга қарши жиноят қаторига қўшиш керак. Ушбу ҳисобот халқаро ҳамжамият учун яна бир сигнал бўлиб, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари поймол этилишига янада жиддий қараш лозимлигини англатади. Ўзбек ҳукумати расмийлари "мана биз болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилаётганимиз йўқ", дейишаяпти. Аслида эса миллионлаб одамлар далага чиқишга мажбур қилинаяпти. Бу инсонларнинг меҳнат ҳуқуқлари поймол этилаяпти. Чунки бу одамлар ўзларининг саломатлигига шикаст етказадиган шароитда яшашга мажбур қилинадилар. У ерда соғликларини йўқотадилар, ҳаётдан кўз юмадилар, жароҳат оладилар. Бундай ҳолатлар текширилиб, тергов қилинмайди. Бундан ташқари, одамларга тановул қилишга яроқсиз овқатларни берадилар. Мамлакатда мустакил касаба уюшмалари йўқ. Шунинг учун хам инсон қадр-қиммати осонлик билан топталаяпти. Шу сабаб мен бу ҳисоботда Ўзбекистоннинг оммавий равишда замонавий қуллик шаклларини қўллаётган мамлакатларнинг рўйхатига киритилганини тўғри қарор, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Ўзбекистон ёпиқ мамлакат ва турли соҳаларга оид рақамларни қўлга киритиш жуда қийин. Янги ҳисоботда Ўзбекистондаги кўрсаткич Мавританиядан кейинги иккинчи ўринга қўйилган экан, муаллифлар нималарга асосланиб, бундай хулосага келганлар, деб ўйлайсиз?

Надежда Атаева: Ҳар бир ташкилотнинг ҳисобот тайёрлашда ўзининг методологияси бор. Улар ўз мезонларига таяниб иш кўрадилар. Мисол учун, "Чегара билмас мухбирлар" дунёдаги суз эркинлиги аҳволи бўйича ўз рейтингини тузар экан, ўзининг методологиясига таянади. Мен бу ташкилот тақдим қилган рақамга ишонаман. Нима учун? Чунки, менинг билишимча, бу ташкилотнинг фуқаролик жамиятининг кўп сонли фаоллари билан яқин алоқалари мавжуд. У фаоллар эса узоқ йиллардан буён вазиятни кузатиб келадилар, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат аҳволига баҳо беришда қандай методологиядан фойдаланиш кераклиги борасида катта тажрибага эгалар. Бу фаоллар билан биз ҳам, асли ўзбекистонлик фаоллар ташкил қилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам ҳамкорлик қиламиз. Олган маълумотларимизни қайта-қайта текширамиз. Шунингдек, биз мажбурий меҳнат қурбонига айланган инсонларнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокатлар билан ҳам бирга ишлаймиз. Бу ташкилот бизлар билан ҳамкорлик қилар экан, ҳар бир ахборотнинг ҳақиқийлигини текширади, таҳлил қилади. Ушбу жиҳатлар Walk Free Foundation рақами хақиқийлигига ишонишга асос беради.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002