"Ўзбек ҳукумати қулликка қарши режа ишлаб чиқиши керак"

"Озод Бўл" жамғармаси дунёдаги замонавий қуллик аҳволига бағишланган янги ҳисоботни эълон қилган.

Бу ҳисоботда Ўзбекистон замонавий қуллик турлари қўлланадиган мамлакатлар ичида Мавританиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

"Озод Бўл" жамғармасига кўра, Ўзбекистонда 1 миллион 200 киши қулликка мажбурланган.

Би-би-си "Озод Бўл" жамғармасининг вакили Жина Дафалия билан боғланиб, сиз нималарга асосланиб Ўзбекистонни замонавий қуллик бўйича рўйхатда иккинчи ўринга қўйдингиз, деб сўради.

Жина Дафалия: Глобал Қуллик Индекси ҳисоби-китоби бўйича Ўзбекистонда қулликка мажбурланган инсонларнинг сони 1 миллион 200 минг кишини ташкил этади. Бизнинг ишонишимизча, уларнинг аксари ўз ихтиёрига қарши меҳнатга мажбурланганлардир. Улар пахта йиғим-терими мавсуми пайтида ҳосил йиғишга мажбур қилинган одамлар. Бошқа мамлакатлар аҳолиси сонига нисбатан солиштириб, биз шунча одам замонавий қулликка солинган, деган қарорга келганмиз.

Би-би-си: Ўзбекистон ёпиқ мамлакат. Ҳамда у ёки бу соҳага оид маълумотлар сир сақланади. Шунинг учун сиз эълон қилган маълумотларнинг аниқлигига қанчалар ишониш мумкин?

Жина Дафалия: Биз замонавий қуллик - қўрқинчли жиноят, ҳали ҳам рўй беришда давом этаётган инсон ҳуқуқларининг ўта жиддий поймол этилиши эканлигини яхши биламиз. Ва бу ҳолатларни ўлчаш, баҳо бериш ўта мушкул вазифа. Биз шу пайтгача топган бу муаммони ёритишни энг яхши усули - бу танлаб-танлаб сўров ўтказишдир. Бизнинг Ўзбекистон ичига кириб сўров ўтказишимизга изн берилмагани сабабли у ердаги манзарани чизиб бериш қийин бўлди. Шунинг учун биз кўп сондаги иккиламчи манбаларга таяндик. Биз ҳисоботимизни тайёрлаш мобайнида имкони борича кўпроқ манбалардан маълумот тўплашга интилдик. Булар биз ҳаққоний маълумот тақдим этишига ишонган ноҳукумат нотижорат ташкилотлари, бошқа турли ташкилотлар эълон қилинган ҳисоботлар бўлди. Мана шуларга асосланиб, биз Ўзбекистондаги вазиятга баҳо берганмиз. Биз том маънодаги жисмоний қулликка тушиб қолган 160-180 тача ўзбекистонлик ҳолатини аниқлаганмиз. Буларга оид маълумотларни биз Россияда ўтказилган сўровлар асосида тўплаганмиз.

Би-би-си: Ўзбекистон матбуотида одам савдоси, чет элдаги фохишаликка қарши мақолалар, огоҳлантиришлар кўп эълон қилинади. Сиз бу борадаги маълумотларни қандай тўпладингиз?

Жина Дафалия: Тўғри. Биз фақат пахта йиғим терими пайтидаги мажбурий меҳнат аҳволини ўрганганимиз йўқ. Бу ҳар йили 2-3 ой давомида этади ва Ўзбекистондаги замонавий қулликка боғлиқ ягона муаммо эмас. Биз Ўзбекистонда одам савдоси, жинсий зўрлаш муаммолари мавжудлигини, қизларни эрта турмушга узатиш муаммоси борлигини ҳам яхши биламиз. Вояга етмаган қизларни турмушга узатиш ҳам Ўзбекистонда жиддий муаммо. Бироқ бу муаммога етарли аҳамият қаратилмайди.

Би-би-си: Ўзбекистоннинг бошқа масалаларда ҳам кўрсаткичлари абгор ва Ўзбекистон ҳукумати кўп танқид қилинади. Аммо бу танқидлардан кейин кам ўзгариш бўлади. Сиз ҳисоботингиздан кейин мамлакатдаги аҳвол ўзгаради, деб ишонасизми?

Жина Дафалия: Ҳар қандай ҳукуматга, айниқса, бу ҳукумат демократик бўлмаса, босим ўтказиш қийинлигини биз яхши тушунамиз. Албатта, Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатдан воз кечиши рисоладагидек иш бўларди. Биз бизнес эгалари пахта манбаси қандайлиги билан кўпроқ қизиқишларини истаймиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматининг замонавий қулликка қарши кураш бўйича махсус режа ишлаб чиқишини, ушбу режа бўйича ишларни амалга оширишини, замонавий қуллик қурбонлари бўлган инсонларни қўллаб-қувватлашини истаймиз.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ