АҚШ Сенати Ўзбекистонга янги элчини тасдиқлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Памела Спратлен Россиянинг минтақадаги ролини танқид қилган

АҚШ Сенати Памела Спратлен номзодини Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига тасдиқлаган.

Спратлен хоним 2011 йилдан буён Қўшма Штатларнинг Қирғизистондаги элчиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Пайшанба куни Сенат шунингдек, Американинг Тошкентдаги жорий элчиси Жорж Крол номзодини Қозоғистондаги элчилик лавозимига тасдиқлаган.

Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитаси Президент Обама Ўзбекистондаги элчиликка тавсия қилган Памела Спратлен номзодини шу йилнинг 18 сентябр куни тасдиқлаган эди.

АҚШ матбуотининг ёзишича, Сенатнинг республикачилар назоратига ўтиши сиёсатчи эмас, балки дипломат бўлган номзодларнинг тасдиқланиш жараёнини тезлаштирган.

Қирғизистон матбуоти 60 ёшли Спратлен хонимни шу ой бошида Россия билан алоқаларга доир баёноти учун танқид қилган.

АҚШ элчиси Қирғизистоннинг Россия билан кучайиб бораётган алоқалари мамлакатдаги демократияни хавф остига қўйишини айтган эди.

Америка элчилари Кенгашининг веб саҳифасида чоп этилган мақоласида Спратлен хоним Қирғизистон Россиянинг босими остида АҚШ ҳарбийларини мамлакатдан чиқариб юборгани, Россия етакчилигидаги Овросиё Иттифоқига аъзо бўлаётгани ҳамда Украинадаги воқеалар юзасидан Россиянинг оҳангини қабул қилгани ҳақида ёзган.

Қирғизистон ва Россия матбуоти АҚШ элчисини "совуқ уруш оҳангини қайта жонлантириш"да айблаган.

Бу мавзуда батафсилроқ