UzWebiston: Самарқанд коммунал хизматлари тўла барбод бўлдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Самарқанд шаҳри марказида яшаётган аҳоли ҳали қиш кирмасдан буён табиий газ ва электр таъминоти борасида юзага келган қийинчиликлар борасида «Anhor.uz» веб-сайти таҳририятига мурожаат этган.

Коммунал хизматлардаги узилишлар, газ йӯқлиги, электр бир кеча-кундузда бир неча соатгина берилаётгани Ӯзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам кузатилаётгани, қишлоқ аҳолиси эса аллақачонлар бу ноқулайликларга ӯрганиб кетгани ҳисобга олинган ҳолда anhor.uz веб-сайтида босилган хатни тӯлалигича беришга қарор қилдик.

"Хайрли кун!

Ҳудудлар, хусусан Самарқанд шаҳри аҳолисига коммунал хизматлар тақдим этилиши мавзусини кўтармоқчимиз.

Шаҳарнинг эски қисмида (Регистон майдонидан бир километр масофада) коммунал хизматлар истеъмоли бўйича бирор-бир инсоний ҳуқуқлар мавжуд эмас. Садриддин Айний кўчаси бўйлаб ва унинг атрофларида газ мутлақо йўқ. Электр энергиясини эса сутканинг муайян вақтида бир неча соатгина беришади, холос.

Бу ердаги аҳоли уйларини иситиш учун ўрта асрлардаги каби печга ўтин ёки кўмир ёқишади. Худога шукурки, ёзда бундай тартибсизлик кузатилмади. Аммо қиш яқинлашиши билан электр энергиясини мунтазам равишда ўчиришлар бошланяпти.

Маҳалла (яъни, маҳалла қӯмитаси – таҳ.) бу ҳолатга ҳеч қандай чора кўрмаяпти, шаҳар электр тармоғида эса трансформаторлар юкламани кўтара олмаётганини айтишади. Бироқ бизнинг бунга шубҳамиз бор, чунки электр энергияси муайян вақтда бериляпти, трансформаторлар эса ҳар куни бир вақтда ишдан чиқиши даргумон. “Шаҳаргаз” ташкилоти газ йўқлигини ҳеч қандай изоҳламаяпти.

ОАВ! Ушбу мавзуни кўтариш ва уни, айниқса сайловлар олдидан раҳбар шахсларга етказиш бўйича сўнгги умидимиз сиздандир".

Веб-сайтда ёзилишича, мазкур мурожаат амалдорларнинг қониқарсиз иши нафақат тизимдаги бузилишлар, айрим ҳолатларда эса коммунал хўжаликдаги коллапсга, балки фуқароларнинг адолатли норозилигига ҳам олиб келаётганини яна намойиш этмоқда.

Биз ушбу мақола билан Самарқанд шаҳар ҳокимиятига ва тегишли давлат тузилмаларига юзага келган ушбу вазиятга эътибор қаратишларини ва шошилинч чоралар кўрилишини таъминлашни сўраб мурожаат қиламиз, дейилган anhor.uz веб-сайти номидан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ