Каримов: Швейцарияни молиявий марказ сифатида кўрамиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption Швейцария ўзбек фуқароларига тегишли миллионлаб доллар маблағларни музлатиб қўйган

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Швейцарияга "халқаро иқтисодий ва молиявий марказ" сифатида қарашларини айтган.

Жаноб Каримов бу ҳақда 21 ноябр куни, Швейцария Президенти ва Оврўпода хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Дидье Буркхальтер билан музокаралар чоғида гапирган.

Ўзбекистон раҳбарининг баёноти Швейцария прокуратураси ўзбек фуқароларига қарши пул ювиш иддаоларини текшираётган пайтга тўғри келган.

Швейцария ўзбекистонликларга тегишли банк ҳисобларидаги миллионлаб доллар маблағларни музлатиб қўйган.

Швейцария Президентининг жаноб Каримов ва бошқа ўзбек расмийлари билан музокаралари чоғида айни масаланинг кўтарилган ёки кўтарилмагани номаълум.

'Ишончли ҳамкор'

Жаноб Буркхальтер Ўзбекистонга асосан, Оврўпода хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси сифатида ташриф буюргани эълон қилинган эса-да, Президент Каримов билан учрашув чоғида Ўзбекистон ва Швейцария муносабатларига доир масалалар ҳам муҳокама қилинган.

Расмий хабарда айтилишича, жаноб Каримов Швейцарияни "ишончли ҳамкор" деб атаган.

Швейцария Конфедерацияси Прокуратураси 2012 йилда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароларининг Швейцария банклари орқали пул ювиш амалиётига доир жиноят ишини очган.

Женева полицияси ўтган йили Би-би-сига айни жиноят иши доирасида Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли манзилларда тинтув ўтказганини тасдиқлаган.

Image caption Гулнора Каримова Швейцариянинг энг бой одамлари рўйхатига киритилган

Аввалроқ Гулнора Каримованинг Лондондаги сўзчиси Каримова хоним ўзига қарши илгари сурилган молиявий айбловлар юзасидан Швейцария маҳкамасида жавоб беришга ҳозирлигини айтган эди.

Лондондаги 'Davidson, Ryan, Dore' пиар ширкатидан Локсли Раян Би-би-си билан суҳбатда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчисидан ҳозирда уй ҳибсида бўлган Гулнора Каримова билан учрашишни сўраганликларини маълум қилган.

Швейцарияда чоп этиладиган "Bilan" журнали Гулнора Каримовани "Швейцариянинг энг бой 300 одами" рўйхатига киритган.

Рўйхат муаллифлари Каримова хоним ўз бойликлари манбаъсини очиқламаганини айтишган.

Ўзбекистон маҳкамаси Гулнора Каримовага яқин шахсларни солиқ тўламаслик ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбдор деб топиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этган.

Бош прокуратура Ўзбекистонда Каримова хоним ва шерикларининг бизнес фаолияти юзасидан олиб борилаётган терговнинг Швейцариядаги жиноий текширувларга алоқаси йўқлигини айтган, аммо бу борада хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилаётганини тасдиқлаган.

Айрим таҳлилчилар Ўзбекистон Бош прокуратурасининг терговидан мақсад Швейцария банкларида музлатилган маблағларни Ўзбекистонга қайтариш экани ҳақидаги фаразларни илгари суришган.

Гулнора Каримованинг Ўзбекистоннинг ўзида маҳкамага тортиладими, йўқми, маълум эмас.

Бош прокуратура ҳозиргача унинг жиноят ишидаги мақоми ҳамда Каримова хонимга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасига аниқлик киритмаган.

Расмий хабарда айтилишича, 21 ноябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ўтган учрашув чоғида Швейцария элчиси Николя Брюл ҳам ҳозир бўлган.

Музокаралар сўнггида Ўзбекистон ва Швейцария ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Англашув меморандуми имзолангани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ