Ўзбекистон: сайлов арафасида маошлар кўтарилади

Image caption Одатда маошлар ортидан нарх-наво ҳам кўтарилади

Президент Ислом Каримов 15 декабрдан маош ва нафақаларни ўртача 1.1 баравар ошириш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.

Унга мувофиқ, мамлакатда ойлик иш ҳақининг энг кам миқдори 118400 сўм қилиб белгиланган.

Бу АҚШ долларининг Марказий Банк белгилаган қиймати бўйича қарийб 50 доллар, қора бозордаги курс бўйича 35 долларга тенг демакдир.

Фармонда маош, пенсия, стипендия ҳақида нафақалар миқдори "республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш ва фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида" оширилаётгани таъкидланади.

Бундан аввал маошлар жорий йилнинг июлида 12 фоизга оширилганди.

Маошларнинг навбатдаги кўтарилиши Ўзбекистондаги парламент сайловларидан бир ҳафта аввал юз бермоқда.

Одатда иш ҳақи ва нафақалар йил боши ва август ойида оширилади.

Таҳлилчилар маошлар кўтарилишининг аҳоли даромадларига сезиларли таъсир қилишини савол остига оладилар.

Ўзбекистон ҳукумати инфляциянинг ҳақиқий даражасини пасайтириб кўрсатиши айтилади.

Нарх-наво

Аҳоли маошларнинг ошиши ҳақидаги янгиликни кўпинча хавотир билан қарши олади, сабаби нарх-навонинг ошиб кетишидир.

Маошлар билан бирга, баъзан эса маошлардан аввалроқ нафақат бозордаги маҳсулотлар, балки коммунал тўловлар ва жамоат транспорти нархлари ҳам кўтарилади.

Image caption Рублнинг қадрсизланиши Ўзбекистонга юборилаётган маблағларнинг камайишини англатади

Қиш мавсумида эса газ ва электр тақчиллиги оилалар зиммасига хонадонларни иситиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни ҳам юклайди.

Сўнгги ойларда қора бозорда ўзбек сўмининг кескин қадрсизланиши кузатилмоқда.

Октябр ойи ўрталарида 1 АҚШ доллари 3200 сўмга кўтарилган, шу кеча-кундузда эса 3300-3350 сўмдан сотилаётгани айтилади.

Айримлар сўмнинг навбатдаги қадрсизланишини Россия рубли қийматининг кескин тушиб кетиши билан ҳам боғлашади.

Мутахассисларга кўра, сўнгги йилларда Россиядан меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолган.

Аммо рублнинг қадрсизланиши Ўзбекистонга юборилаётган маблағларнинг камайишини англатади.

Ҳукумат бу каби вазиятда сўмнинг қийматини ушлаб туриш учун қандай чоралар кўришни режалаётгани маълум эмас.

Россия иқтисодининг секинлашиши ва ғарбнинг Москвага қарши жазо чоралари Ўзбекистондаги аҳоли даромадлари ва инфляцияга қандай таъсир кўрсатиши борасида расмий ҳисоб-китоб ва башоратлар ҳам мавжуд эмас.

Юз минглаб ўзбек оилалари кундалик тирикчилик учун Россияда ишлаб топилаётган пулларга қараб қолган.

Федерал Муҳожирлик Хизматининг билдиришича, шу йилнинг 5 ноябр холатига кўра, Россиядаги ўзбек муҳожирларининг сони 2 миллион 335 минг кишини ташкил этган.

Бу МДҲ давлатлари орасида энг катта рақамдир.

Бу мавзуда батафсилроқ