Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Президентлар Каримов ва Назарбоев нималарни муҳокама қилишади?

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Қозоғистонга сафари бошланган.

Қозоқ расмийларига кўра, Ўзбекистон раҳбарининг шимолий қўшнисига ташрифи икки кун бўлади.

Президент Каримов жаноб Назарбоевнинг шу йил 11 ноябр куни қилган Қозоғистон халқига мурожаати ортидан Остонага сафар қилаётган биринчи минтақавий давлат раҳбари бўлади.

Ўз мурожаатида Қозоғистон раҳбари мамлакат глобал синовлар қаршисида тургани, келаётган йилларда юз берадиган воқеалар дунё архитектурасини ўзгартириб юбориши, ҳамма давлатлар ҳам бу синовлардан муносиб чиқа олмаслигини мумкинлигини айтган эди.

Жаноб Назарбоевнинг муддатидан аввал қилган мурожаати Қозоғистоннинг ўзи ва минтақадаги геосиёсий вазият билан боғлиқ турли фаразларга сабаб бўлган.

Таҳлилчилар Россиянинг Украинадаги амаллари ва Ғарбнинг Москвага қарши жазо чоралари манзарасида катта сондаги русийзабон аҳолига эга Қозоғистон Россиядан узоқлашиш ёки бу салбий омиллар таъсирини камайтиришга уринаётганини айтишади.

Президент Каримовнинг Қозоғистонга сафари Россия Президенти Владимир Путиннинг келаси ой Тошкентга кутилаётган ташрифи олдидан амалга оширилмоқда.

Хўш, жаноб Каримовни Остонага етаклаган сабаблар нималар бўлиши мумкин?

Би-би-си ушбу саволни Францияда истиқомат қиладиган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга берди.