Президент Каримов ва Назарбоевни ўйлантираётган масалалар нима?

Қозоғистон пойтахти Остонада Президент Каримов Президент Нурсултон Назарбоев билан учрашганлар.

Президент Каримов дунёдаги воқеалар шиддат билан ривожланаётгани учун ҳаммаслак давлат раҳбарлари тез-тез учрашиб туришлари лозим, деб айтган.

Икки мамлакат раҳбари Россияга нисбатан Ғарб санкциялари таъсири сезилаётган, Россия йилига 100 миллиард доллар атрофида зарар кўриши тахмин қилинаётган пайтда учрашмоқдалар. Хўш, Президент Каримов ва Президент Назарбоев учрашишларидан муддаолари нима? Би-би-си ушбу саволни Москвадаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги институтидан Андрей Грозинга берди.

Андрей Грозин: Менинг ўйлашимча, асосан минтақа ичидаги вазият ҳақида суҳбатлашишади. Табиийки, Афғонистондаги аҳвол, Яқин ва Ўрта Шарқдаги ҳодисалар хавфсизлик нуқтаи назаридан хавотирларни пайдо қилмоқда. Бу муаммоларнинг Марказий Осиё республикаларига ҳам кўчиши таҳдиди юзага келган. Бу ҳам "Исломий Давлат" таҳдиди, ва ҳам хорижий ёлланма жангарилар - ҳам Шимолий Вазиристон ва ҳам бутун Афғонистонда ёйилган, асли келиб чиқиши марказий осиёлик жангарилар муаммосидир.

Минтақавий хавфсизликдан ташқари, Президент Ислом Каримов Қозоғистон раҳбари билан халқаро вазиятни ҳам муҳокама қилиши аниқ. 1 йилдан буён Украина атрофида юзага келган инқироз кўпчиликни, шу жумладан, Марказий Осиё раҳбарларини ҳам хавотирга солаяпти. Россия билан Ғарбнинг муносабатлари қай даражагача ёмонлашиши мумкин? Ғарбнинг Россияга нисбатан жорий этган жазо чоралари Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодига нақадар салбий таъсир қилади? Чунки бу мамлакатларнинг Россия иқтисодига боғлангани ҳаммага аён. Экспертлар қатори минтақа ҳокимиятлари ҳам аҳвол янада оғирлашса, нима қилиш кераклиги устида бош қотираяпти. Бу меҳнат муҳожирлиги, Россия билан савдо-иқтисодий алоқалар ва МДҲ ҳудудидаги иқтисодий интеграцияга алоқадор масалалардир.

Би-би-си: Кўплаб таҳлилчилар назарида минтақа раҳбарлари Россиянинг империячилик кайфиятларидан хавотирга тушганлар. Икки раҳбарнинг муҳокама мавзуси мана шу бўлиши мумкинми?

Андрей Грозин: Аслида бундай фикрлар жуда бўрттирилган фикрлар. Бундай дейишимнинг сабаби оддий: Қозоғистон Украина эмас. Расман ўхшаш томонлари бор: у мамлакатда ҳам, бу мамлакатда ҳам аҳоли орасида русийзабонлар кўпчиликни ташкил этади. Икки мамлакат ҳам Россияга чегарадош. Аммо Қозоғистон Россиянинг Марказий Осиёдаги энг яқин шериги. Умуман Қозоғистон кўп жиҳатларда Россия билан яқин. Мисол учун мен Россиянинг Қозоғистонга нисбатан Украинага юритганидек сиёсат қилишини тасаввур қила олмайман. Чунки Украина охирги 23 йил мобайнида, ҳокимият тепасида қайси бир президент бўлишидан қатъи назар, ё Россиянинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирган ёки Россия учун кўпдан-кўп муаммоларни юзага келтирган. Шунинг учун Россиянинг Киевга нисбатан мана шундай сиёсат юритишига тўғри келди. Қозоғистоннинг эса Россия билан муносабатлари ҳеч қачон бундай бўлмаган. Қозоғистон Россия учун муаммо пайдо қилмаган.

Би-би-си: Келаси ойда Президент Путиннинг Тошкентга бориши эълон қилинди. Бу сафардан кўзланган мақсад нима бўлиши мумкин?

Андрей Грозин: Айнан мана шу ташриф масаласи ҳам Президент Каримов ва Президент Назарбоев учрашувидаги муҳокама мавзуси ҳам бўлиши мумкин. Айрим фикрлар билдирилаяптики, Президент Каримов Президент Назарбоевдан, унинг Россия билан яқинлигини инобатга олиб, Россия ва Ўзбекистон ўртасида воситачи бўлишини илтимос қилиши мумкин. Аммо мен бу фикрга қўшилмайман. Чунки Президент Каримовнинг ўзи тўғридан-тўғри Кремлга у ёки бу масалада у ёки бу фикрини етказиши учун сиёсий вазни ҳам "оғир", маъмурий ресурслари ҳам етарли. Кўп нарсалар шунга ишора қилаяптики, Тошкентда "охирги 2-3 йилдаги бизнинг ташқи сиёсатимиз Кремл тарафидан ҳаддан ташқари ғарбпараст бўлиб кетди", дея хавотирга туша бошлаганлар. Лекин мен бу қарашни ҳам жуда жўн қараш деб атаган бўлардим. Чунки биз минтақадаги барча мамлакатларнинг ҳам "турли векторлик" сиёсатини турлича юритаётганини кўраяпмиз. Ўзбекистоннинг ҳам сиёсий мавқеи охирги 10 йилда бир россияпараст, бир ғарбпараст деб талқин қилинди. Аслида Тошкент бугунга келиб ғарбпараст ҳам бўлиб қолгани йўқ. Ислом Каримовнинг сиёсатини мен "ўзбекча", "каримовча" сиёсат деб таърифлаган бўлардим.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ