Ўзбекистон: СНБ ҳаммани назорат қиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи uznews.net

Лондонда жойлашган Privacy international (Приваси Интернейшнл) ташкилотига кўра, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати - СНБ энг такомиллашган кузатув жиҳозларига эга ва фуқаролар устидан кенг миқёсдаги жосуслик амалиётларини олиб боради. Ташкилот эълон қилган ҳисоботда айтилишича, СНБ инсон ҳақлари фаоллари ва мустақил журналистлар, шунингдек, ишбилармонлар ҳамда сиёсий элита аъзоларини нишонга олади. Ҳисоботга кўра, ушбу кузатув амалиётлари Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовни мамлакатдаги энг қудратли шахслардан бирига айлантирган. Би-би-си ҳисобот муаллифи Эдин Оманович билан боғланиб, СНБнинг иш услублари ҳақида батафсилроқ гапириб беришни сўради.

Ҳисоботдан шу нарса аниқ бўладики, СНБ Ўзбекистонда иккита кузатув марказига эга. Бу мониторинг марказларидаги муҳандислар, мутахассиларни Исроил тайёргарликдан ўтказган. Бу муҳандислар ва таҳлилчилар ушбу марказлардан туриб,телефон сўзлашувларини тинглашлари ва бутун Ўзбекистон аҳолиси устидан кузатув олиб бориш учун зарур техник имкониятларга эгалар.

Би-би-си: Яъни СНБ ҳар бир Ўзбекистон фуқаросини назорат қила олади, деб айтишимиз мумкинми?

Эдин Оманович: Техник жиҳатдан ҳар бир фуқарони назорат қилиш қийин бўлиши мумкин. Аммо СНБнинг кузатув марказлари коммуникация тармоқларига тўғридан-тўғри улангани назарда тутилса, СНБ назарий жиҳатдан ҳар бир фуқарони назорат қилиш салоҳиятига эга.

Би-би-си: Сиз ўз ҳисоботингизда Ўзбекистондаги телефон сўзлашувлари ёзиб олинган ёки кузатилган бир неча мисолларни бергансиз. Аммо биз биламизки, мобил телефон операторларининг аксарияти хорижий, демократик давлатлардан борган ширкатлар ҳисобланади. Уларнинг СНБ сўзлашувларни тинглаётганидан хабарлари борми?

Эдин Оманович: СНБ нинг кузатув марказлари мобил телефон тармоқларига тўғридан-тўғри уланган. Мобил ширкатлари бу ҳақда кўп нарса билишмайди ёки билган тақдирларида ҳам ҳеч нарса қила олмайдилар. Чунки улар Ўзбекистон бозорига кираётган пайт ҳукуматга абонентларнинг датабазаси ва бошқа маълумотларни беришга рози бўлишган. Ҳукумат бу маълумотлардан қандай мақсадда фодаланаётганини улар назорат қила олишмайди.

Би-би-си: СНБ кимни ва нима учун кузатади?

Эдин Оманович: Бизнинг тадқиқотимиз СНБ бир қатор инсон ҳақлари фаоллари, журналистлар ҳамда мухолифат фаолларининг телефон сўзлашувлари ёки Скайпдаги мулоқотларини кузатиб турганини кўрсатди. Бизнинг-ча, Ўзбекистон ҳукумати бу одамларни ўзига таҳдид деб кўради ва уларнинг овозини бўғиш мақсадида ҳам кузатув олиб боради.

Би-би-си: Сиз ўз ҳисоботингизда СНБ бизнесменлар ва сиёсий элита аъзоларининг қадамларини ҳам кузатиб юришини айтгансиз. Бу дегани айтайлик, ҳукумат вазирларининг телефон сўзлашувлари ҳам эшитилади, деганими?

Эдин Оманович: Биз ўзимиз гаплашган манбаъларнинг бир нечтаси бу тоифа одамларнинг кузатув остида эканликларини тасдиқлашди. Менимча, ҳукумат ва СНБ Ўзбекистонда шундай бир тузилма яратганки, бу одамлар давлатга бўлмаса ҳам, давлат бошқарувидаги маълум гуруҳларга ёки сиёсий тузумга хавф деб кўрилади.

Би-би-си: Президент-чи? СНБ Президентни ҳам кузата оладими?

Эдин Оманович: Бизнинг қўлимизда СНБ Президентни тўғридан-тўғри кузатиши ҳақида бирон-бир далил йўқ. Аммо назарий жиҳатдан, ҳа, СНБ истаса Президентни кузата олади.

Би-би-си: Жосуслик хизматларининг иши жосуслик қилиш, яъни кузатиш. Британияда ҳам, Америкада ҳам шундай. Ўзбекистонда бунинг қонуний асослари борми?

Эдин Оманович: Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатлар халқаро инсон ҳуқуқлари андозалари юзасидан мажбуриятлар олгани ва фуқаролар шахсий ҳаётининг дахлсизлигини таъминлаш борасида мажбуриятлари борлигига қарамасдан, хусусан, Ўзбекистонда буни тартибга соладиган маҳаллий қонунчиликни топа олмадик.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002