Рустам Азимов фаоллигининг сабаби нимада?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов номи матбуотда бот-бот такрорланди.

Азимов жаноблари йиғилишда, одатда, президент Каримов айтиши лозим бўлган чиқишлар қилди.

Бош вазир ўринбосари Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ҳимоячиси сифатида гапирди.

Икки ўртадаги битимларда ҳам бош қош бўлди.

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Азимовнинг меҳнат муҳожирлари ҳақидаги гаплари президент Ислом Каримовнинг тўғридан-тўғри топшириғи билан айтилган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

“Чунки биз биламизки, Ўзбекистон сиёсий тизимида Каримовнинг шахсан топшириғи ва рухсатисиз бундай жиддий оҳанглар ва баҳолар берилмайди. Иккинчидан, Путин келишидан олдин Ўзбекистон ҳукумати ўзининг норозилик оҳангини билдираяпти”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Шундай экан, Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг Россия ва Ўзбекистон алоқаларида олд планга чиқиши нимани билдиради:

Таҳлилчи Раббимовга кўра, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида муҳим иқтисодий келишувларни Рустам Азимов амалга ошириб келган.

“Каримовнинг доимий музокарачиси ва қўшма ҳамкорлик йиғилишлардаги Ўзбекистон томонидан раҳбар эмас, ижрочи раҳбар – уни амалга оширувчи, деталлари билан ҳаётга тадбиқ қилувчи шахс Каримов томонидан ҳар доим Рустам Азимов танланган. Яъни, бу ҳар доим бўлган ва янги тенденция эмас”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Рустам Азимов номининг матбуотда бот-бот ёзилиши Ўзбекистонда 21 декабрда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан кузатилаётгани ҳам кузатувчиларнинг эътиборини тортган.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қурултойида иштирок этган бўлса, унинг ўринбосари Рустам Азимов "Адолат" социал-демократик партиясига алоқадор эканлиги тахмин қилинади.

Бироқ сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ушбу ҳолат парламент сайловларига ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигини айтади.

“Бу сайловларга ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Яъни Ўзбекистонда сиёсий партиялар ҳукуматни назорат қилмайди. Аксинча, ҳокимиятдаги шахслар бўлиниб, ҳамма партияга аъзо бўлган, уларнинг бошқарув кенгашлари аъзоси ва шу орқали марказлашган ҳокимият сиёсий партияларни ана шундай восита орқали назорат қилади”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ