Би-би-си меҳмони - Россиядаги муҳожирлар фаоли Махсуд Абдужаббаров

Би-би-си меҳмони - Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги муҳожирлар таълим марказининг раҳбари, "Ёшлар" Умумроссия ҳаракатининг раиси Махсуд Абдужаббаров.

Махсуд Абдужаббаров жорий йилнинг 13 августида Россияда ғойиб бўлганди. Унинг тақдиридан хавотир олган яқинлари ва ҳамкасблари на Россия, ё на Ўзбекистон ҳукуматидан изоҳ ола олганлар.

Кўп ўтмай асли самарқандлик жаноб Абдужабборов Ўзбекистонга депортация қилингани маълум бўлган.

Фаолнинг ғойиб бўлишига унинг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга Москвадаги ўзбек элчихонасининг абгор иш юритиш усулларини қоралаб ёзган очиқ мактуби сабаб бўлгани айтилган.

Унинг очиқ мактубида Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари "ўзбекнинг ғурури, қадри ва ҳуқуқлари"ни ҳимоя қилишдан бош тортаётгани ёзилганди.

Махсуд Абдужаббаров меҳнат муҳожирларига тўсиқ бўлаётган қатор қонунбузарликларни ёритиб келади.

У, жумладан, Красное село шаҳридаги хорижий фуқаролар вақтинча сақланувчи марказда ўзбекистонликлар ойлаб қолиб кетаётгани ва Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатларни ола олмаётганларини фош қилган.

Унинг даъво қилишича, Ўзбекистонга қайтиш сертификатини бериш Ўзбекистон элчихонасидаги консуллик ходимларига мўмай даромад олиб келадиган бизнесдир.

Махсуд Абдужаббаров мустақил тарзда Россияда ҳалок бўлаётган ўзбекистонликлар рўйхатини тузган ва охирги 4 йил ичида 48 минг муҳожир турли сабаблар, масалан уруш-жанжаллар ва қурилиш жойларидаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида нобуд бўлганларини аниқлаган.

Унинг айтишича, бугунги кунда муҳожирлар қаршисида турган энг йирик муаммолардан бири патент борасидаги янги қонундир. Ушбу қонунга кўра, 2015 йилдан бошлаб, Россия виза талаб қилмайдиган мамлакатлардан келган меҳнат муҳожирлари, жумладан Марказий Осиёликликлар, бир ойга тўрт минг сўм патент тўлагандан кейингина ишлаш ҳуқуқига эга бўлишади.

У, шунингдек, муҳожирлар орасида бомжлар, яъни кўчаларда кун кўраётган ўзбекистонликлар ва педофиллар сони ошиб бораётгани хавотирли ҳол эканини айтади.

Махсуд Абдужаббаров муҳожирлар муаммолари борасидаги саволларингизга жавоб беради. Унга савол йўллаш учун матн остидаги махсус формани тўлдиринг ёки uzbek@bbc.co.uk адресига мактуб йўлланг. Фейсбукдаги саҳифамизда ҳам ўз саволингизни қолдиришингиз мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ