Махсуд Абдужаббаров Россиядаги янги патент, қўрқоқлик ва ўзбек трансвеститлар ҳақида

Би-би-си меҳмони - Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги муҳожирлар таълим марказининг раҳбари, "Ёшлар" Умумроссия ҳаракатининг раиси Махсуд Абдужаббаров саволларингизга жавоб берди.

Махсуд Абдужаббаров жорий йилнинг 13 августида Россияда ғойиб бўлганди. Унинг тақдиридан хавотир олган яқинлари ва ҳамкасблари на Россия, ё на Ўзбекистон ҳукуматидан изоҳ ола олганлар.

Кўп ўтмай асли самарқандлик жаноб Абдужабборов Ўзбекистонга депортация қилингани маълум бўлган.

Фаолнинг ғойиб бўлишига унинг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга Москвадаги ўзбек элчихонасининг абгор иш юритиш усулларини қоралаб ёзган очиқ мактуби сабаб бўлгани айтилган.

Унинг очиқ мактубида Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари "ўзбекнинг ғурури, қадри ва ҳуқуқлари"ни ҳимоя қилишдан бош тортаётгани ёзилганди.

Махсуд Абдужаббаров меҳнат муҳожирларига тўсиқ бўлаётган қатор қонунбузарликларни ёритиб келади.

У, жумладан, Красное село шаҳридаги хорижий фуқаролар вақтинча сақланувчи марказда ўзбекистонликлар ойлаб қолиб кетаётгани ва Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатларни ола олмаётганларини фош қилган.

Унинг даъво қилишича, Ўзбекистонга қайтиш сертификатини бериш Ўзбекистон элчихонасидаги консуллик ходимларига мўмай даромад олиб келадиган бизнесдир.

Махсуд Абдужаббаров мустақил тарзда Россияда ҳалок бўлаётган ўзбекистонликлар рўйхатини тузган ва охирги 4 йил ичида 48 минг муҳожир турли сабаблар, масалан уруш-жанжаллар ва қурилиш жойларидаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида нобуд бўлганларини аниқлаган.

Унинг айтишича, бугунги кунда муҳожирлар қаршисида турган энг йирик муаммолардан бири патент борасидаги янги қонундир. Ушбу қонунга кўра, 2015 йилдан бошлаб, Россия виза талаб қилмайдиган мамлакатлардан келган меҳнат муҳожирлари, жумладан Марказий Осиёликликлар, бир ойга тўрт минг сўм патент тўлагандан кейингина ишлаш ҳуқуқига эга бўлишади.

У, шунингдек, муҳожирлар орасида бомжлар, яъни кўчаларда кун кўраётган ўзбекистонликлар ва педофиллар сони ошиб бораётгани хавотирли ҳол эканини айтади.

Ҳурматли Махсуд Абдужаббаров, сизга берадиган қуйидаги саволимга жавоб берсангиз: дастлаб эшитганимда патент муҳожирлар учун жуда яхши енгиллик деб ўйлагандим. Аммо нархи эълон қилингач, бу муҳожирларга нисбатан жуда адолатсизлик, деган хулосага келдим.. 4 минг налог - бу жуда юқори сумма. Нимага асосланиб бу нарх белгиланди? Россиянлар ўз ойлик иш ҳаққининг неча фоизини налогга тўлайдилар?? Нодирахон, Москва вилояти

Абдужаббаров: Гап шундаки, патент тизими жисмоний шахслар учун жуда қулай эди. Чунки ойлик 20 минг рублгача, ва сиз энг кам иш ҳақидан тўлар эдингиз, яъни 7 минг рублдан бошлаб 15 фоиз тўлардингиз. Шунинг учун, сизнинг солиғингиз 1000-1200 рублларга тушарди. Қонунни қабул қилишдан мақсад юридик шахсларга патент бўйича одамларни ишга ёллашга имкон яратиб бериш. Бундай ҳолда, агар ойлигингиз 30 минг бўлса, ҳар бир муҳожир давлатга 30 фоиз солиқ тўлаши ҳисобга олинса, 9000 рубл солиқ солинарди. Ярим йилдан кейин эса бу 18000 рубл бўларди. Россия Федерацияси ҳудудида подрядчик иш берувчилар жуда кам бўлгани учун, Россия ҳукумати бошқа тизимни ташкил қилди: энди муҳожирлар ўзларини қонунийлаштириш ва Россия ҳудудида бўлиш учун ўзлари ўз солиқларини тўлаши керак бўлади. Шунинг учун солиқни кўтаришни бошлашди, чунки субъектнинг ўзи энди муҳожир патент учун қанча солиқ тўлашини ҳал қилади. Мана шу жойи энг қийинчиликлар туғдирадиган жойи, чунки Москва, Санкт Петербург, Москва вилояти ва Ленинград вилояти ойига 4000дан тортиб 6000гача ставкалар қўйишни бошлайди. Хусусий шахсларнинг қўлида патент бўйича ишлаб келаётганлар ва 20 минг рублгача маош олганлар энг кўп жабр кўради.

Нима учун бу қонунга муҳожирлар фаолиятини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан эътироз билдирилмади? Нодирахон, Москва вилояти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Махсуд Абдужаббаровга кўра, муҳожирларнинг ҳуқуқлари учун курашувчи ўзбек гуруҳлари ўзаро бирлашмаган

Абдужаббаров: Биз эътироз билдира олмаймиз, фақат битта вазиятда эътироз билдишимиз мумкин, у ҳам бўлса, шкала қўйишмаган. Агар биров 20 минг рублгача маош олса, патент ҳам шунга қараб белгиланиши керак эди. Агар у 30 минг рублдан ошиқ топса, мана шундай нарх бўлиши керак. Гап шундаки, Россия ҳукумати тартибсиз иш бериш муаммосини бизнинг ҳисобимизга ҳал қилаяпти. Патентнинг нархи ўсиб кетди деб эътироз билдиролмаймиз, чунки агар қонун доирасида ишлаганимизда эди, ундан ҳам кўп тўлаган бўлардик. Мана масалан, мен меҳнат муҳожири сифатида 15 минг рубл олганимда эди, унда бир ойга 4500 рубл тўлаган бўлардим. Чунки қонунда солиқ ойликнинг 30 фоизи бўлиши керак деб белгилаб қўйилган. Агар ойига 40 минг рубл ишлаб топадиган бўлсангиз, сиз учун 4000 рубл атиги 10 фоиз бўлади.

Илгари патент олиш Москва вилоятида ҳар бир районнинг ўзида амалга оширилар эди. Энди эса Москвага кўчирилди. Сиз бутун вилоятнинг Москва шаҳрига патент олиш учун боришини ва у ердаги навбатни тасаввур қиляпсизми?? Хўш, неча кунда ҳужжат топшириш мумкин бу аҳволда? Нодирахон, Москва вилояти

Абдужаббаров: Гап шундаки, охирги уч йил ичида бир муаммо келиб чиққан. Чунки тадбиркорлар ягона муҳожирлик марказини барпо қилишга қарор қилишган. Тижорий ташкилотлар марказлар ташкил қилиб, ишлаш рухсатномаси, патентлар ҳужжатларини расмийлаштириб бера бошлади. Яъни, бизнес муҳожирликдан пул қила бошлади. Бу ягона муҳожирлик марказларига эрталаб келиб, бармоқ изларини топшириш, рус тилини билганлик ҳақидаги гувоҳноманини олиш мумкин, ҳар қандай справкалар, суғурта полисини олиш мумкин. Бу бизнес учун ҳам, давлат учун ҳам жуда фойдали. Бу билан ҳукумат ҳамма муҳожирларни битта идорага ҳайдаяпти, ва оломон тўпланиб кетмаслиги учун бу идоралар шаҳар марказларидан четроқ жойларда ташкил қилинаяпти. Оддий россияликлар буни кўрмасин дейишаяпти. Лекин, энг катта муаммо шуки, муҳожирнинг ўзи Федерал Миграция хизмати (ФМС)га ўзи ҳужжат топшира олмайди. Бундан тушадиган фойданинг 40-45 фоизини эса тижорий ташкилотлар олади.

ФМСдагиларнинг ўзи пул эвазига патент олишни осонлаштиришмасмикин? Бу муҳожирларни янада қийнашнинг бир кўриниши, холос. Нодирахон, Москва вилояти

Абдужаббаров: Бу тизимда коррупция янада гуркираб ривожланади, чунки ҳар бир муҳожир ҳам, ҳатто Москва ё Москва вилоятидаги муҳожирлар ҳам 4000 рубллик патентни тўлай олмайди. Патент ошгани билан, сизнинг иш берувчингиз ойликни оширмайди. Мана шу вазиятда биз қийналамиз. Давлат органлари эса бизни сиқувга олишни кучайтирадилар, вақтида патентни тўламадинг деб. Коррупция жуда қаттиқ ривожланади деб ўйлайман.

Мен Россия ҳудудида патент билан ишлайман, ҳозирги патентим амал қилиш муддати 1 август 2015 йилгача. Мен ҳам 1 январдан ойига 4000 тўлайманми? Ёки 1 августгача 1216 рубль тўлайманми? Иброхимхон, Санкт петербург, Россия

Абдужаббаров: У ҳозир тўлаши керак. Агар у бутун суммани августгача муддатидан аввал тўлаб қўйса, августгача у бошқа ҳеч қандай патент пулини тўламайди. Бутун патентни августгача тўлаб қўйиши керак.

Мен Москвада ФМСга қўлга тушгандим, шунда менга 5000 рубл жарима солишган ва менга запрет қилиб қўйишган, қачонгача запрет қилиши мумкин? Асилбек, Фарғона, Ўзбекистон

Абдужаббаров: Уч йил. Агар буни Москва ё Москва вилоятининг ФМСи қилган бўлса, у уч йилгача киритилмайди. Лекин, агар қарорни суд чиқарган бўлса, унда беш йил.

Нега Россияда ўртакашларга қарши ҳеч ким чора кўрмайди? Биз бечора тонг саҳар 8дан то 10-11га қадар ишлаймиз-у арзимаган пул оламиз. Агар қурилишнинг охири бўлса умуман 2 ойга кидат қиворади. Ёпилган объёмнинг пулини ўша олади ва кимга қанча пул беришни у ҳал қилади. Қискаси, у замонавий қулдор. Ўшанақа ўртакашликка закон борми? Ёки ўшалардан азият чекканлар кимга додини айтсин? Мироншох

Image caption Фаолга кўра, муҳожирлар ҳужжатларини қонунийлаштириш катта коррупцион бизнесга айланган

Абдужаббаров: Қонунлар бор, албатта. Бу меҳнат келишуви, биринчи ўринда. Иккинчиси, қонуний ишлаш. Гап шундаки, баъзи муҳожирлар ишлайдиган қурилишлар, жумладан, уйларнинг қурилишида ҳар доим ўртакашлар бўлади. У биз учун музокара олиб боради. У билан ҳеч қайси биримиз барча шартлар белгиланган меҳнат келишувини тузмаган бўламиз. Бу каби келишувда нима иш қилишимиз, қандай иш қилишимиз белгилаб берилган бўлиши керак. Биз биламиз шундай келишув бўлиши кераклигини, лекин ҳеч қачон уни қилмаймиз, муаммо ана шунда. Кейин ойликни бермай қўйганда, норозилик билдиришни бошлаймиз, ахир бошиданоқ оғзаки келишгандик-ку деб. Афсуски, бундай ҳолда ёрдам бера оладиган ҳуқуқ ҳимоячилари йўқ. Ўзларини касаба уюшмалари деб атайдиган ташкилотлар сизга бир нарсани рўкач қилади: Меҳнат келишувингиз йўқми, узр, ёрдам бера олмаймиз. Чунки ҳеч қандай суд ё ҳукумат идораси аризани қабул қилмайди. Шунинг учун, бошиданоқ меҳнат муҳожирининг ўзи ё унинг бригадаси келишувни имзолаши керак. Иш бошлашдан олдин ҳеч бўлмаса қандайдир қоғозга имзо чекиш керак.

Мен ҳозир Петербургда ишлаяпман. Шу йил баҳорида оиламни Ўзбекистонга жўнатгандим, яқинда қайтиб келаётганда Тошкент аэропортидан қайтаришди, Россия ҳудудига киришга запрет қўйилган деб. Бу ерда яшаганда бездокумент юрганди, шунга запрет қўйган. Шуни қандай ҳал қилса бўлади? Ҳуршид, Санкт-Петербург

Абдужаббаров: Унинг агар ўзи ё эри Россия фуқаролигига эга бўлмаса, у фақат уч йилдан кейин қайтиши мумкин. Лекин, агар у ҳеч қандай қонунни бузмаган бўлса, унда судга мурожаат қилиб, суд орқали ФМС қарорини бекор қилдириш мумкин.

Имтиҳон топшириш масаласи - яна бир адолатсизлик. Хоҳлаган россияликни кўчада тўхтатиб, Россия тарихи ва маданияти ҳақида, қонуни ҳақида савол берсангиз, ишончим комилки, жавоб бера олмайди. Айтингчи, сертификат олиш жуда катта пулга бориб тақалмаслигига ишончингиз комилми? Бу қонундан мақсад нима? Нодирахон, Москва вилояти

Абдужаббаров: Гап шундаки, менинг ўзим шу қонуннинг ишлаб чиқилишида қатнашганман, чунки мен муҳожирларга таълим бериш марказининг ходими эдим. Лекин, бу қонун тижорий соҳага кириб кетди. Биз эса бошиданоқ бу тестлар бепул бўлишини хоҳлагандик. Одам рус тили, маданияти, анъанали ва тарихини билиш ё билмаслигини аниқлаш учун бепул тестлар киритилиши керак эди. Бу муҳожирларга, агар тил ё тарихни билишмаса, шуни аниқлаб, таълим олишлари учун имкон яратиши керак эди. Тест учун тўланаётган 100 доллар, яъни 3000 рубл ўша муҳожир ўз ҳужжатларини кутаётган икки ҳафта давомида ўз билим базасини ошири учун тўлансин дегандик. Бу тўлов ўқитувчилар ва репетиторларга тўланган бўларди. Қонун мана шундай бўлиши керак эди. Лекин, тижоратчилар пул ишлаб олишга киришдилар. Мана, келинг, 100 долларни тўлаб қўйиб, тестни ўтинг, дейишади. Билмайсанми, яна ўт, дейишади. Коррупцияга ботди бу ҳам. Бу қонунийми ё қонуний эмасми деб сўрамоқчи бўлсак, ҳар қалай биз Россия Федерацияси ҳудудидамиз, ва Госдума ёки президент қабул қилаётган қонунларни биз савол остига ола олмаймиз. Бу уларнинг ҳуқуқи.

Би-би-си: Ҳар қандай қонунни савол остига олса бўлади, бу ҳам ҳуқуқ. Масалан, вақтинчалик келиб қурилишда ишлаётган ёки кўча супурадиган ўзбек муҳожири учун Россия тарихи ё анъаналарини билишга нима ҳожат бор?

Image caption Фаол турлли иллатларга берилаётан муҳожирлар сони ошиб бораётганини айтади

Абдужаббаров: Буни Россия ҳал қилади, чунки биз уларнинг юртига келганмиз. Бошқа тарафдан сиз ҳақсиз, мен ҳам айтгандим, агар масалан, менинг қўлимда меҳнат келишувим бўлса ва мен ишлаш рухсатномасини олиш учун ФМСга борсам, марҳамат, барча эътирозларингизни иш берувчимга билдиринг. Менга иш берувчи иш берган бўлса, демак мен шунга лойиқ топилганман, унга тил ё тарихни билишимнинг фарқи йўқ. Аслида бу қонуннинг мақсади муҳожирлар ҳисобига рус тили ва маданиятини оммабоплаштиришдир.

Менинг саволим эҳтимол сизнинг соҳангизга тўғри келмас, мен умид қиламанки одамдаги тажриба қанчалик юқори бўлса, билим доираси ҳам шунчалик кенг бўлади: Қўрқоқликни қандай енгса бўлади? Қатъиятликни касб қилиш учун нима қилиш керак? Султон, Санкт Петербург

Абдужаббаров: Энг катта муаммолардан бири шуки, биз муҳожирлар ўзаро бирлаша олмаяпмиз. Минтақамиздан келган диаспоралар ҳам ўзаро бирлашмаган. Россиянинг ҳар бир вилоятида 5-6та жамоат ташкилотлари тузилган, уларнинг ҳар бири ўзини ё ўзбек ё тожик диаспорасининг етакчиси деб тақдим этади. Лекин, ҳаммамиз кучимизни бир жойга тўплаб, муҳожирлар ҳуқуқлари қонун доирасида таъминланишини талаб қилганимизда эди, қўрқоқлик ҳам йўқолган бўларди, чунки билган бўлардикки, ортимизда тоғдек туриб бизни ҳимоя қиладиган ташкилот бор. Ундан ташқари, Ўзбекистон элчихонаси муҳожирлар учун қайғуриши керак, ва Россия ҳудудидаги бирор ўзбек фуқароси ҳуқуқий ёрдамсиз қолмаслигини намойиш қилиши шарт, муҳожирларнинг ҳуқуқларини топтаётган ходимларга қатъий ишора бериши керак. Бу муҳожирларнинг ўзига ҳам боғлиқ. Уларга эса ўзбек диаспораларининг раҳбарлари ўрнак бўлиши керак. Россия ҳукумати ўзбек диаспораси кучли бўлишини истамайди. Мен умумроссия "Ёшлар" ҳаракатини тузишим учун беш йил кетди. Биз қонун доирасида ўз ҳуқуқларимизни талаб қила бошладик. ФМСдан талаб қилдик: агар муҳожир иш рухсатномаси учун 2000 рубл тўлайдиган бўлса, унда шу муҳожирга 20 минг ё 25 минг рубл эмас, 2000 рублга лойиқ хизматлар кўрсатилсин.

Би-би-си: Ҳозирда патент ва иш каби муаммолардан ташқари, ўзбекистонлик муҳожирлар яна қандай муаммоларга юз тутишаяпти?

Абдужаббаров: Россияда, ва нафақат Россия, балки Оврўпода ҳам уйсиз, паспортсиз ҳолда кўчаларда кун кўраётган қатлам юзага келган ва бу каби турмуш тарзи уларга ёқиб қолган. Чунки ҳеч нима учун масъулият сезишга ҳожат йўқ. Лекин, айни дамда бу одамлар ўзбек маданияти ва ўзбек анъаналарининг намоёндаларидирлар. Бизнинг қадриятларимизга биноан, биз ҳеч қачон ўз ота-онамиз ё яқинларимизни бундай ҳолга ташлаб қўймаймиз. Лекин, аслида ўзбеклар орасида ҳам бор экан шундайлар. Яқинда бомжлар ўртасидаги жанжалда бир ўзбек нобуд бўлди, ўтган ҳафта эса бир ўзбек бомжни тириклайин ёқиб юборишди. Бу каби ҳоллар ошиб бораётгани кузатилаяпти. Улар тиланчилик қилиб, 100-200 рубл топишади ва бориб товуқ олиб ейишади, улар учун бу оддий ҳаёт тарзига айланиб қолаяпти. Ўзбеклар ҳамжамияти бунга кўзини юмаябди. Яна бир муаммо, интернетга қарасангиз, Вконтакте, Одноклассникиларда "ўзбек педофилияси", "ўзбек гомосексуализми" деган саҳифалар очилган. Жуда кўп. Улар ўзаро мулоқот қилиб, шу сайтлар орқали танишиб, телефонлашадилар. Ҳатто трансвеститлар жинсий хизмат кўрсатувчи уйлар очилаяпти. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, фақат дод дейиш мумкин. Кимдир бундан яхши пул топаяпти. Чунки, кўп россияликлар бу каби иш билан шуғулланишни исташади, лекин ўзаро қилишдан уялишади, муҳожир эса қулай вариант. Ҳеч ким билмайдиям, муҳожир бориб жамиятга аралашиб, бу сирларини фош қилмайди. Ўзбекларимизнинг интернетдаги ожизлиги шуки, кичкина чиройли қизчани интернетда кўрса, ва у, кел учрашайлик, деса, қопқонга тушиб қолишади. Россияда педофилия, гомосексуализмга қарши кўплаб жамоат ташкилотлари тузилган ва улар интернет орқали кўплаб ёш йигитларимизни ушлашаяпти. Қармоққа туширишади ва у ерда камералар, телевидение билан кутиб туришади ва ҳаммага кейин кўрсатишади. Биз уларга ҳам ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, қийноққа солинмаслиги ва ватанга тезроқ қайтарилиши учун. Лекин, бу осон эмас. Августда, масалан, юбка ва пошнали аёллар туфлисини кийган ўзбек йигити полиция томонидан фоҳишалик билан шуғуллангани учун қўлга олинди. Аввалроқ эса Москвада бутун бир бошли борделда фақат ўзбек трансвеститлари ишлаётгани аниқланганди. Уч йилдан ошиқ аёлларимиз орасида фоҳишачилик кўпайиб кетаётгани борасида жар солаяпмиз. Ҳозир муҳожир аёлларимиз орасида фоҳишачилик учига чиққан. Бунга қарши қандай курашишни ҳам билмайсан, чунки муҳожирларимиз коррупцион орган ходимларини ҳам сотиб олишни ўрганиб олишган.

Би-би-си: Келажакдаги режаларингиз қандай?

Абдужаббаров: Лойиҳалимиз кўп. Энг каттаси, ҳозирда Россия ҳудуди ва ташқарисида Россотрудничествога ўхшаш ўзбек ташкилотини тузиш устида ишлаяпмиз. Бу каби ташкилот ўзбек маданияти ва анъаналарини тарғиб қилишдан ташқари бутун дунё бўйлаб ўзбек фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Имкони бўлса, Ўзбекистон ҳукумати ёрдамини жалб қиламиз, бўлмаса, бу йирик жамғарма сифатида иш олиб боради. Ҳозирда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари билан музокаралар олиб бораяпмиз. Чунки ўзбек маданиятининг намоёндаларини нафақат Россия, балки бутун дунёда кўпаймоқда ва биз мана шундай ташкилотга муҳтожмиз.