Украиналик легионер “Бунёдкор” клубини ФИФА судига бермоқчи

Image caption "Бунёдкор" клуби собиқ ҳимоячиси Сергей Симоненко маош ва мукофот пулларини олмаганини айтади.

Украина терма жамаоси сафида ҳам ўйинларда қатнашган, 2014 йилги мавсумни “Бунёдкор” жамоаси билан ўтказган украиналик ҳимоячи Сергей Симоненко “Бунёдкор” клуби устидан шикоят қилиб, ФИФА судига бермоқчи. У бу ҳақида Украинанинг “Sport.ua” нашрига маълум қилган.

"Бунёдкор" клуби собиқ ҳимоячиси Сергей Симоненко ўз вақтида маош ва мукофот пулларини олмагани учун клуб устидан ФИФАга шикоят хати ёзганини айтди.

"Узоқ йиллик футболчилик фаолиятим давомида биринчи марта клуб билан бундай муаммо келиб чиқди. Мен учун кўнгилсизликлар "Бунёдкор"дан Миржалол Қосимов кетгач бошланди. Миржалол Қосимов менинг ўйиним ва тайёргарлигимдан қаноатланарди ва мунтазам равишда асосий таркибда майдонга туширарди. Унинг қўл остида Осиё Чемпионлар лигаси ва Ўзбекистон чемпионатидаги муҳим ўйинларда асосий таркибда ўйнадим. Аммо Миржалол Қўшоқович жамоадан кетгач, янги бош мураббийи Лушан дарҳол бошқа футболчиларни таркибга жалб этишни истади. Бироқ бу вақтга келиб жамоа бюджети янги футболчилар сотиб олиш имкониятини бермас эди. Шу тариқа мен керакмас ўйинчига айландим. Мени рўйхатдан чиқариб юбордилар ва ўринбосарлар таркибига ўтказдилар,” дейди у.

Шунингдек, украиналик легионерга 5 ойлик маоши ҳам берилмаган. Бу борада жамоа раҳбариятига мурожаат қилишлари эса жавобсиз қолиб кетган. Эндиликда, 1-декабрда жамоа билан шартномаси тугаган футболчи собиқ жамоасини ФИФА судига беришдан ўзга чораси қолмаганини айтмоқда.

Бу хабардан сўнг ижтимоий тармоқларда футбол ишқибозлари турли фикрларни билдиришган.

“Футболда ҳамма нарса футболчи клубдан кетганидан кейин фош бўлади..,” “Kuymazorlik” лақабли интернет фойдаланувчи std.uz сайтида деб изоҳ қолдирди.

“Nerazzuri” номли фаолга кўра: “Бошқа жамоларимиз ва ҳакамларимиз юртимиз шаънини юқорига кўтариш билан банд боўсалар буёқда эса Бунёдкор ўзини ва юртимизни арзимаган ойлик пуллари учун Фифа ва жаҳонда юзимизни eрга қаратиб юрипти... шармандалик.”

“Atsteyka” фикрича: унинг "ўзимизни футболчилардан устун тарафи йўқ эди.”

“Умуман ўйнамаган бўлса ҳам шартнома тузилдими, пулини бериш керак ШАРТ,” дейди “Fantan”.

“-Ишлаган ҳаққим-чи? -Пешона терисини сураяпти,бойбуво,етимни ҳақини ейиш гуноҳи азим. -Пластигига ўн млн сум тушириб, чегарадан чиқарворларинг,” деб ҳазил қилади “Messi 36 68”.

“Клубларни шунақа ишларини ёмон кўраман. Ўйинчи керак бўлмаса атайин бир неча ой ўринбосарга тушириб ойлик ҳам бермайди. Ўйинчи ўзини билиб кетса, кейин "Мана, шартномани бажармай кетди" дейишади ва қутилишади. Бу ноҳақ бўлса, эркакчасига ҳисоб-китоб қилиши керак,” деб ёзади “Heavyweight”.

Футболчиларга келишилган маошни вақтида тўламаслик муаммоси Ўзбек футболи учун янгилик эмас. Бу каби можаролар авваллари ҳам тез-тез учраб турган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002