Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Президент Путин Ўзбекистонга сафар қилади

Россия президентлик девони матбуот хизматига кўра, Президент Владимир Путин эртага расмий сафар билан Тошкентга боради.

Маълум қилинишича, мазкур сафар Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг таклифига биноан уюштирилган.

Кремлга кўра, Тошкентдаги музокаралар чоғи икки томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ва биринчи ўринда савдо-сармоя соҳасидаги лойиҳалар муҳокама қилинади.

Шу билан бирга, жаноб Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг журналистларга билдиришича, Америка ва Оврўпо Иттифоқи жазо чоралари ортидан Россияга Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларини импорт қилиш масаласи ҳам икки ўртадаги мулоқотлар мавзуси бўлади.

"Янги имкониятлар очилмоқда ва ушбу соҳада ишлар бир неча ойдан бери аллақачон амалга оширилмоқда", деб айтган Юрий Ушаков.

Ўзбекистондан иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаиновнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Россия-Ўзбекистон алоқаларида охирги йиллар ортга чекиниш кузатилганди.

Аммо, таҳлилчига кўра, агар Россия раҳбари йирик сармоялар олиб кириш, нефт ва ёқилғи соҳасида очиқ ваъдалар билан келадиган бўлса, муносабатларда яна олдинга қадам ташланиши мумкин.

"Энди бу сиёсат очиқчасига бўлиши керак. Россия бергувчи давлат бўлиши керак", дейди Анвар Ҳусаинов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002